КХДР ташқи ишлар вазири Ли Сон Гвоннинг маълум қилишича, мамлакат раҳбари Ким Чен Ин АҚШ президенти Дональд Трампга ҳеч қандай мактуб йўлламаган. Бу ҳақда Корея Марказий телеграф агентлиги 19 апрель, якшанба куни, хабар берди.

Фото: EPA

«АҚШ президенти аввалги мактубларни назарда тутганми, номаълум, бироқ бизнинг етакчимиз АҚШ президентига ҳеч қандай мактуб йўлламади», — дейди КХДР ТИВ раҳбари.

18 апрель куни Трамп Оқ уйда ўтказилган брифинг чоғида Ким Чен Индан «яхши мактуб» олганини маълум қилганди. Шунингдек, Америка етакчиси КХДР раҳбари билан «яхши муносабатда» эканлигини билдирган.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг январь ойида АҚШ Шимолий Кореянинг ракета синовларини қайта бошлаши мумкинлигини тахмин қилганди. Март ойининг охирларига келиб КХДР Япон денгизи томон ракета учиргани маълум бўлди.