Тошкентда коронавирус инфекциясини юқтириб олган 77 ёшли аёл вафот этди, дея хабар бермоқда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.

Хабар беришларича, Тошкент шаҳрида истиқомат қилувчи А. исмли аёл сурункали бронхит, ўнг ўпка ателектази, гипертония касаллиги билан 7 апрель куни карантинга олинган. Тезкор диагностик таҳлиллардан сўнг беморда коронавирус инфекцияси аниқланган.

Шундан сўнг ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида бемор Тошкент тиббиёт академиясининг кўп тармоқли клиникасига ўтказилган. Бироқ кўрсатилган тезкор реанимацион муолажаларга қарамай, бемор 18 апрель куни вафот этган.

«Бемор коронавирус инфекцияси асоратлари — икки томонлама бронхопневмониянинг оғир кечиши, ўткир нафас етишмовчилиги ва ўпка шишидан вафот этди», — дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборотида.

Бу Ўзбекистонда коронавирусга чалинган беморнинг вафот этиши билан боғлиқ бешинчи ҳолатдир. Бунгача

вафот этгани маълум қилинган эди. Қўшимча сифатида қайд этиш жоиз, 18 апрель соат 23:00 ҳолатига кўра Ўзбекистонда коронавирус инфекциясини юқтириб олиш билан боғлиқ ҳолатлар сони 1490 тага етди, 194 бемор соғайиб, реабилитацияга олинган.

Бундан ташқари, хорижда 73 нафар ўзбекистонлик коронавирусга чалингани маълум (энг кўп — 42 та — касалланиш ҳолати Россияда қайд этилган); уларнинг камида тўрт нафари вафот этган — уч нафари АҚШда, бир нафари эса Россияда.