Сирдарёдаги «Нурафшон» маҳалласи бир неча ойдирки, вайрона кўринишида турибди. Бу ҳақда «Халқ сўзи» хабар берди.
Қайсидир оила молхонасиз, бошқаси кўча деворларисиз, ҳатто, айрим хонадонлар... ҳожатхонасиз қолиб ноқулай ҳолатда кун кечирмоқда. Қурилиш-ободонлаштириш ишлари эса, бир неча кўчаларга шағал тўкилгани ва мактаб, боғча ҳамда қишлоқ оилавий поликлиникаларида олиб борилаётган таъмирлаш ишларини айтмаса, жуда суст амалга оширилмоқда.
Ичимлик ва оқар сув масаласи нурафшонликларни қийнаётган энг ўткир муаммо ҳисобланади. Маҳалла ҳудудида чиқарилган артезиан сувидан бир қултум ичган киши лаборатория текширувларисиз ҳам уни истеъмолга яроқсизлигини билиб олса бўлади. Ҳолбуки, мана шу сув манбаси ҳам ҳудуддаги энг чекка хонадондан бир километр узоқликда.
Одамлар сув узатиладиган вақтда ана шундай узоқ-яқиндан эшак арава ва бошқа уловларда артезиан қудуғига келиб, навбат билан сув олишади. Электр энергиясида узилиш бўлган вақтда эса ичимлик суви масаласи янада оғирлашади.
Афсусланарлиси, «Нурафшон» маҳалласи экинзорлар ўртасида жойлашган бўлса-да оқар сув билан ҳам таъминланмаган. Қишлоқ кишиларининг айтишича, томорқаларидаги дарахт ва бошқа экинларни челакда сув ташиб суғоришар экан.
«Нурафшон»ликлар «Обод қишлоқ» дастури ижросидан ана шу ва бошқа муаммолар ечимини кутишмоқда. Қишлоқларининг обод ва кўркам бўлишига катта умид билан қараган ҳолда, ободонлаштириш ишларида ўзлари ҳам ҳамжиҳатлик билан қатнашишларини айтишмоқда.
Изоҳ (0)