АҚШ давлат департаменти Сурия томонидан Абхазия ва Жанубий Осетиянинг мустақил мамлакат сифатида тан олинишига ўз муносабатини билдирди, деб хабар беради Euronews.
«Қўшма Штатлар Сурия режимининг Россия томонидан ишғол қилган ҳудудлар — Абхазия ва Жанубий Осетия билан дипломатик муносабатларни ўрнатишини кескин қоралайди. Ушбу ҳудудлар Грузия давлатининг бир қисми ҳисобланади. Қўшма Штатларнинг Абхазия ва Жанубий Осетияга нисбатан позицияси ўзгаришсиз қолади», — дейилади баёнотда.
Эслатиб ўтамиз, Сурия 29 май куни Абхазия ва Жанубий Осетия билан дипломатик муносабатларни ўрнатишга келишиб олганди. Абхазия ва Жанубий Осетия Сурияда ўз элчихоналарини очишни режалаштирмоқда.
Бу каби хатти-ҳаракатлар фонида Грузия Сурия билан ўзининг дипломатик муносабатларини узишга қарор қилган.
Суриядан ташқари Абхазия ва Жанубий Осетия мустақиллигини расман яна тўртта давлат тан олган: Венесуэла, Науру, Никарагуа ва Россия.
Изоҳ (0)