Фарғона вилояти Марғилон шаҳрида драма театрининг биноси фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Театр биносининг очилиши катта шодиёнага айланди. Ўзбекистон театр арбоблари уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ артисти Ёқуб Аҳмедов ва бошқалар мамлакатда миллий театр санъатини ривожлантириш, санъатнинг мумтоз анъаналарини асраб-авайлаш, янги саҳна асарлари яратиш масалаларига қаратилаётган алоҳида эътибор юксак самаралар бераётганини таъкидлади.
Кейинги уч йилда Фарғона шаҳрида Театр-концерт саройи, вилоят қўғирчоқ театри қурилди, вилоят рус драма театри ҳамда Қўқон шаҳар мусиқали драма театри бинолари реконструкция қилинди. «Мақом мактаби» ва «Аския мактаби» ташкил этилди.
Мазкур драма театри биноси санъат ихлосмандлари, театр фидойилари, кенг жамоатчилик учун ўзига хос туҳфа бўлди. 200 ўринли томоша залида замонавий шароитлар яратилган.
Вилоят мусиқали драма театри ва рус драма театри ижодкорлари спектакллардан парчалар намойиш этди.
Изоҳ (0)