Ўзбекистон президенти фармони билан қатор тайинловлар амалга оширилди. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.

Фармон асосида Пўлат Бобожонов президентнинг кадрлар бўйича маслаҳатчиси ўринбосари лавозимига тайинланди. Шу муносабат билан президентнинг кадрлар сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси биринчи ўринбосари вазифасидан олинди. Бундан аввал Пўлат Бобожонов ички ишлар вазири сифатида фаолият юритган.
Фармон билан Галина Саидова президентнинг иқтисодий сиёсат бўйича маслаҳатчиси ўринбосари этиб тайинланди. У бунгача президентнинг иқтисодиёт соҳаларини ривожлантириш, инвестиция ва ташқи савдо сиёсатини амалга ошириш масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари бўлган.
Обид Ҳакимов президентининг иқтисодий сиёсат бўйича маслаҳатчиси ўринбосари – Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори лавозимига тайинланди. Шу муносабат билан президентнинг иқтисодиёт соҳаларини ривожлантириш, инвестиция ва ташқи савдо сиёсатини амалга ошириш масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари ҳамда Президент администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори лавозимидан озод этилди.
Фармонга биноан Абдусалом Азизов президентнинг вакиллик органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар, дин ва ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари лавозимига тайинланди. Шу муносабат билан президентнинг ижтимоий-сиёсий, диний-маърифий ва ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари лавозимидан озод этилди. Бундан аввал Абдусалом Азизов давлат хавфсизлик хизмати раиси сифатида фаолият юритган.
Фармон билан Музаффар Комилов президентнинг вакиллик органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар, дин ва ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари лавозимига тайинланди.
Рустам Комилов президентнинг вакиллик органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар, дин ва ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари лавозимига тайинланди. Шу муносабат билан Президент администрацияси ахборот-коммуникация технологиялари ва жамоат лойиҳалари бўйича шўба мудири лавозимидан озод этилди.
Жавлон Ваҳобов президентнинг ташқи сиёсат бўйича маслаҳатчиси ўринбосари – Марказий Осиё халқаро институти директори лавозимига тайинланди.
Баҳодир Тошматов президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби ўринбосари лавозимига тайинланди. Шу муносабат билан кенгаш котибининг Қуролли Кучларни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимидан озод этилди.
Аввалроқ ҳам Президент администрациясида қатор тайинловлар амалга оширилганди (1,2,3).
Изоҳ (0)