Италияда полиция уч кун давомида дронлар ёрдамида Сангвинара дарёсида сузиб юрган ўйинчоқ тимсоҳни излаб топди. Бу ҳақда Wаted in Rome нашри хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Италиянинг Ладисполи шаҳрида яшовчилар уч кун давомида Сангвинара дарёсида сузиб юрган “тимсоҳ”дан ваҳимага тушган.
Ўйинчоқнинг видео ва фотосуратлари 26 июль шанба куни ижтимоий тармоқларда пайдо бўлган. Шундан сўнг, бу ҳақиқий ваҳимага ва полиция текширувига сабаб бўлган. Маҳаллий ҳокимият ва кўнгиллилар дронлардан фойдаланиб кенг кўламли қидирув ишларини бошлаган.
Операция 29 июль сешанба куни, бир аёлнинг маҳаллий телеканалга бу яқин атрофдаги болалар майдончаси ёнида қолдирилган пуфланадиган ўйинчоқ эканлигини айтганидан сўнггина якунланган.
Ладисполи мэри Алессандро Грандо расмий баёнотида дарёда хавфли судралиб юрувчилар йўқлигини маълум қилган. У содир бўлган воқеани “сохта хавотир” деб атади ва барча чоралар аҳолининг хавфсизлигини таъминлаш учун кўрилганини таъкидлаган.
Шаҳар маъмурияти аллақачон “ваҳима уйғотгани” учун судга мурожаат қилмоқчи эканлигини маълум қилди, аммо шикоят айнан кимга қарши йўналтирилиши бўйича аниқлик киритилмаган.
Изоҳ (0)