19 октябрь куни «Роскосмос» ҳамда Европа космик агентлиги (EKA) ҳамкорлигида учирилган «Скиапарелли» десантли модули Марс юзасига етиб боради. Бу ҳақда «Hi-Tech.Mail.ru» хабар бермоқда.
«ЭкзоМарс-2016» миссиясининг космик аппарати 2016 йил 14 мартда Бойқўнғир космодромидан учирилган эди. 16 октябрь куни десант модули TGO (Trace Gas Orbiter) орбитал модулидан ажралиб, 17 октябрь куни Марс атмосферасига киради.
Модуль синовдан ўтказадиган технологиялар келажакда Марсга йўлланажак бошқа миссияларда қўлланади. Модуль бортидаги илмий аппаратура асосий кўрсаткичларни ёзиб олади: ҳаво ҳарорати, босим, шамол тезлиги, намлик. Бундан ташқари, модуль Марс электр майдонларини ўрганади.
«Скиапарелли» бир неча кун давомида Қуёшга йўналтирилади. Шу йўл билан у қўшимча иссиқлик тўплаб, TGO’дан ажралиб чиққанидан сўнг ҳам ишчи ҳароратда бўлади ва энергия тежайди.
Ўз навбатида, орбитал модуль «Скиапарелли» ажралиб чиққанидан сўнг Марс орбитасига ўтишга уриниб кўради. TGO бир қатор узун ва мураккаб секинлашиш манёврларини ўтказади, сўнг 2017 йилдан янги илмий миссиясини бошлайди. Модуль «ЭкзоМарс-2020» миссияси таркибига кирадиган ровер сигналларини ретрансляция қилади.
Айни пайтда Марсда Curiosity ровери бўлиб, у Ерга фотосуратлар йўллаб туради. Инсонларнинг Марсга бориши эса ҳозирча хавфли ҳисобланади. Шунга қарамай, АҚШ президенти Барак Обама 2030 йилларга келиб Марсга инсонлар йўлланиши мумкинлигини айтди.
Изоҳ (0)