АҚШдаги учта энг йирик уяли алоқа операторлари — AT&T, Sprint ва Verizon янги Samsung Galaxy Note 7 смартфонини сотишдан бош тортди, деб ёзади «РБК» Business Insider’га таяниб. Германиянинг Т-Mobile компанияси ҳам шундай қарорга келди.
Ушбу маълумотни Samsung вакиллари тасдиқлади. Уларнинг айтишича, бу қурилмаларнинг қизиб ва ёниб кетиши бўйича хавфлар қайд этилгани билан боғлиқ. «Биз уларнинг қарорини ҳурмат қиламиз», — деди компания вакили.
Business Insider таъкидлашича, ушбу телекоммуникация компаниялари АҚШда Samsung телефонлари савдоси билан шуғулланувчи асосий компаниялардир. Уяли алоқа операторларининг бундай қарори Samsung компанияси смартфонлари савдоси мамлакатда кескин тушиб кетишига олиб келиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, 2 сентябрь куни Samsung аккумулятор батареяларида аниқланган муаммолар туфайли, Galaxy Note 7 смартфонлари савдосини тўхтатган ва уларни ялпи тарзда қайтариб олган эди.
ОАВларда алмаштириб берилган Galaxy Note 7 смартфонлари ҳам ёниб кетаётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлгач, Samsung ушбу қурилмани ишлаб чиқаришни тўхтатди.
Изоҳ (0)