Дастлабки маълумотларга кўра, 28 ёшли Ракель Сантосга мимик ажинларни йўқотиш учун мўлжалланган Potenay дориси юборилгач, унинг юраги ҳуруж қилиб қолди. Бу ҳақда The Daily Mail нашри берган маълумотларга асосан «Nur.kz» хабар қилмоқда.
Маълум қилинишича, операциядан кейин қиз юраги қаттиқ ура бошлаганидан ва ҳаво етишмаётганлигидан шикоят қилган. Сантос шифохонага ётқизилса-да, шифокорлар унинг ҳаётини сақлаб қола олмади.
Моделнинг ўлимига олиб келган ҳодиса сабаблари билан Рио-де-Жанейро полицияси шуғулланмоқда ва бунинг учун қизнинг дафн маросими кечиктирилди. Терговчиларнинг гумон қилишича, қизнинг тақиқланган дориларни истеъмол қилиб келиши фожиага сабаб бўлган.
Сантоснинг йигити Жилберту Азеведонинг маълум қилишича, қиз кўп сигарет чекиб, Potenay дорисини мунтазам қабул қилиб келган. Сантосга хизмат кўрсатган пластик хирург Вагнер Мораиш эса, бажарилган амалиётни оддий ва хавфсиз эканлигини баён қилиб, ўзини айбдор деб тан олмади.
Шифокорнинг таъкидлашича, бемор айрим турдаги дори-дармонларни қабул қилиб келганлигини ва ашаддий кашанда эканлигини ундан яширганлиги оқибатида вазият мураккаблашиб кетган.
Ракель Сантос 2015 йил декабрь ойида Musa do Brasil гўзаллар танловида иккинчи ўринни эгаллаган. Унинг 7 ва 13 ёшли икки нафар ўғли онасиз қолди.
Изоҳ (0)