Ўзбекистонлик Мастура Остонова марафонча юришда (масофаси роппа-роса 42 километру 195 метр) тенгсиз спорт фахрийларидан бири саналади, деб ёзади «Халқ сўзи» газетаси.
Жисмоний тарбия факультетида таҳсил олганман Мастура Остонова ўқишни тугатгунга қадар биринчи разрядли спортчи нормативини бажарган. Кейинчалик спорт усталигига номзод бўлди.
У чурра касаллигига чалиниб, узоқ вақт спортдан йироқлашди ва 21 йил юриш йўлагига чиқмади. 2007 йилдан бошлаб худди аввалгидек спортча юриш билан шуғулланишга киришди. Остонова «Бухоро» спорт мажмуасига келиб, таниқли енгил атлетикачи, айни дамда мураббийлик фаолияти билан машғул Амир Гарифуллин билан шуғуллана бошлади.
2012 йилнинг сентябрида Мастура Остонова хорижда ташкил этилган халқаро марафон қатнашчилари сафидан ўрин олди. 2013 йилги мазкур мусобақада масофани 3 соату 51 дақиқа 18 сонияда босиб ўтгач, халқаро спорт техник комиссияси томонидан унга спорт устаси унвони берилди. Бир неча йилдирки, ўзбекистонлик спортчи халқаро марафон турнирларида мунтазам қатнашиб келмоқда. Жорий йилда ташкил этилган мусобақада 55—59 ёшли фахрий спортчилар ўртасида Мастура Остонова иккинчи ўринни эгаллади.
Изоҳ (0)