Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов 9 сентябрь куни Швейцариянинг янги тайинланган элчиси Штефан Клёцлини қабул қилди. ТИВ матбуот хизмати хабарига кўра, элчи ишонч ёрлиқлари нусхасини вазирга топширган.
Мулоқот давомида Ўзбекистон—Швейцария муносабатларининг долзарб масалалари, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестиция, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда алоқаларни ривожлантиришнинг истиқболли йўналишлари юзасидан фикр алмашилди.
Таъкидланишича, 2014 йилнинг ноябрида Швейцария президенти, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг (ЕХҲТ) амалдаги раиси Диде Буркхалтернинг Ўзбекистонга ташрифи ҳамда Президент Ислом Каримов билан бўлиб ўтган муфассал музокаралар олий даражадаги сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш ва икки томонлама алоқаларга янги тус бериш имконини яратди.
Суҳбат чоғида мунтазам вазирликлараро мулоқотлар ўтказиш амалиётини давом эттириш, парламентлараро алмашинувларни йўлга қўйиш, икки давлат бизнес доираси вакиллари ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш муҳимлиги қайд этилди. «Учрашувда айрим халқаро ва минтақавий муаммолар ҳам муҳокама қилинди», — дейилади вазирлик ахборотида.
Изоҳ (0)