АҚШ президенти Барак Обама актриса Мэрил Стрип, қўшиқчи ва бастакор Стиви Уандер ҳамда чилилик ёзувчи аёл Исабель Альендани АҚШ олий фуқаролик мукофоти — Президент озодлик медали билан тақдирлади, дея хабар бермоқда ТАСС. Тантанали маросим 24 ноябрь, душанба куни Оқ уйда бўлиб ўтди.
Бу йил жами 19 кишига — таниқли жамият арбоблари, илм-фан, маданият ва спорт намоёндаларига Президент озодлик медали топширилди.
Озодлик медали 1945 йилда президент Гарри Трумэн томонидан жанговар ҳаракатлар чоғида ўзини кўрсатган шахсларни тақдирлаш мақсадида таъсис этилган. 1963 йилда эса президент Жон Кеннеди мукофот низомини ўзгартирди, ўшандан буён у АҚШ хавфсизлигига ҳисса қўшган, бутун дунёда тинчлик учун курашган ҳамда маданий муваффақиятларга эришган фуқароларга берилади.
Изоҳ (0)