АҚШ президенти Барак Обама Афғонистонга кутилмаган ташрифни амалга оширди. У ўзининг афғонистонлик ҳамкасби Ҳамид Карзай билан учрашиш ниятида бўлган. Бироқ Карзай Обама билан учрашиш учун Қобулдан Баграм авиабазасига боришдан бош тортди. Бу ҳақда Agence France-Presse хабар берди.
2014 йил охирида ўз асосий ҳарбий кучларини Афғонистон ҳудудидан олиб чиқиб кетганидан кейин ҳам мамлакатдаги ҳарбий иштирокини сақлаб қолиш ниятида бўлган АҚШ унга шу ҳуқуқни берувчи шартномани Афғонистон билан тузиш таклифини киритганида, Карзай уни имзолашдан бош тортган, натижада давлатлар ўртасидаги муносабатларга совуқчилик тушган эди.
Карзай учрашувга келмагач, Обама у билан телефон орқали боғланиб, кейинги президент билан хавфсизлик тўғрисида битим тузмоқчилигини билдирди. АҚШ президенти 2014 йилдан сўнг Афғонистон ҳудудида айнан нечта ҳарбий хизматчилар қолишини маълум қилиш мақсадида Карзай билан яна боғланишга ваъда берди.
Айни пайтда Афғонистонда президентлик сайловлари бўлиб ўтмоқда. 5 апрель куни бўлиб ўтган биринчи тур сайловларда собиқ ички ишлар вазири Абдулла Абдулла овозларнинг 45 фоизини, собиқ молия вазири Ашраф Ғани Аҳмадзай 31,6 фоизини тўплади. Мамлакатнинг амалдаги президенти Ҳамид Карзай бор-йўғи 11,5 фоиз овозга эга бўлди. Иккинчи тур 6 июнь куни бўлиб ўтади.
Изоҳ (0)