Ўзбекистонда мингдан ортиқ тадбиркорда сўров ўтказилганда, уларнинг учдан бир қисми бизнес фаолияти яхшиланганини билдирди. Бу ҳақда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази “Дарё”га тақдим этган таҳлилда келтирилган.

Марказ жорий йил июль ойида ўтказган сўров иштирокчиларидан 37 фоизи сўнгги уч ойда ўз бизнесининг ҳолати яхшиланганини қайд этган. Қолган 42 фоиз тадбиркор маҳсулот ва хизматларга талаб ўсганини айтган. Ҳар тўртинчи тадбиркор (24 фоиз) эса ишчилар сони оширилганини кўрсатган.
“Бу эса ишбилармонлик фаолиятининг кенгаяётгани ва қўшимча меҳнат ресурсларига эҳтиёж ортиб бораётганидан далолат беради”, дейилади марказ тадқиқотида.
Сўровда иштирок этган тадбиркорларнинг кўпчилиги (66 фоиз) келгусида талаб ўсишини тахмин қилмоқда. Ярмидан кўпроғи эса (53 фоиз) ишчилари сони ошишини кутяпти. Сўралган ҳар тўртинчи тадбиркор (25 фоиз) нархлар ўсиши эҳтимоли борлигини айтган. Бу ҳолат инфляция кутилмалари бизнес муҳитига таъсир кўрсатаётганини акс эттиради.
Марказ ўрганишларига кўра, ўтган ойда Ўзбекистонда бизнес муҳити индекси 52 бандни ташкил этиб, 2024 йил мос даврига нисбатан 5 бандга ўсган. Бу ўсиш асосан тадбиркорликнинг жорий фаоллиги ҳисобидан кузатилган. Хусусан, бизнес муҳити индекси жорий ҳолати кўрсаткичи ўтган йил мос даврига нисбатан 44 бандга ошган (+14).
Бизнеснинг жорий ҳолати индекси тадбиркорларнинг ҳақиқий ҳолати ва бизнес юритиш шарт-шароитларига бўлган қарашларини ифодалайди. Унда сотувлар, бандлик, талаб, ресурслардан фойдаланиш, ишлаб чиқариш муҳитининг барқарорлиги каби омиллар ҳисобга олинади. Шу билан бирга, бизнеснинг истиқболдаги кутилмалари индекси 66 банддан 59 бандга тушиши кузатилган.
Қайд этилишича, тармоқлар кесимида тадбиркорларда ижобий кайфият сақланиб қолмоқда. Хусусан, июлда қишлоқ хўжалигида бизнес муҳити индекси барқарорлашган. Соҳа вакилларининг 41 фоизи сўнгги уч ойда бизнеси яхшиланганини қайд этган (ўтган йил мос даврида 35 фоиз эди). Тадбиркорларнинг 79 фоизи келгусида бизнес ҳолати янада яхшиланишини билдирган (ўтган йилда 69 фоиз бўлган).
Саноатда бизнес муҳити индекси ўтган йилга нисбатан 6 бандга яхшиланиб, 50 бандга етган. Тадбиркорларнинг ярмидан кўпи (51 фоиз) жорий ҳолатини “қониқарли” деб баҳолаган. Шулардан 21 фоизи сўнгги уч ойда ишчилар сони ўсганини қайд этган.
Сўровда иштирок этган тадбиркорларнинг 74 фоизи келгусида бизнес ҳолати янада яхшиланишини қайд этган.
Июль ойида хизматлар соҳасида бизнес муҳити индекси ўтган йилга нисбатан 3 бандга яхшиланиб, 54 бандга етган. Бизнес муҳитининг жорий ҳолат индекси эса сезиларли мустаҳкамланиб, 34 банддан 48 бандга ўсиши кузатилган.
Тадбиркорларнинг 47 фоизи ўз бизнесининг жорий ҳолатини “яхши” деб баҳолаган, 39 фоизи эса сўнгги уч ойда бизнес ҳолатининг яхшиланганини қайд этган. Шу билан бирга, умумий кутилмалар ижобийлигича қолмоқда — респондентларнинг 64 фоизи келгусида талабнинг янада ўсишини кўрсатиб ўтган, гарчи бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан (69 фоиз) бир оз пасайган, дейилади манбада.
Бизнес муҳити индекси қурилиш тармоғида ўтган йилга нисбатан 5 бандга ўсиб, 50 бандга етган. Сўнгги уч ойда бизнес ҳолати “яхшиланган”ини соҳадаги тадбиркорларнинг 42 фоизи қайд этган. Таққослаш учун, ўтган йили бу кўрсаткич 25 фоиз бўлган. Респондентларнинг 24 фоизи келгусида бизнес ҳолати яхшиланишини кутмоқда.
Маълумот учун, Ўзбекистон бизнес муҳити индекси марказ томонидан саноатнинг турли тармоқларидаги мингдан ортиқ корхоналарда ўтказилган сўровлар асосида ҳисоблаб чиқилади. Бизнес муҳитининг ўзгариши индикатори ИФО институти (Германия) методологиясига асосланган. Сўровлар давомида корхона раҳбарлари ишлаб чиқариш динамикаси, талаб, нархлар ва бошқа кўрсаткичлар асосида тадбиркорлик фаолиятидаги жорий ва кутилаётган ўзгаришларни баҳолайди.
Изоҳ (0)