Жанубий Корея ва АҚШ 17 март куни Шимолий Кореянинг ерости туннеллари ва асосий ерости иншоотларини эгаллашга қаратилган қўшма ҳарбий машғулотларни бошлади. Бу ҳақда JoongAng Daily хабар берди.

Кореянинг Пажу шаҳрида ўтказиладиган 4 кунлик машғулотлар аскарларни КХДРнинг машҳур ертўлаларида жанг қилишга ўргатиши керак. Бу ертўлалар Пхеньян яқинидаги минглаб туннеллар ва бошқа стратегик объектларни ўз ичига олади. Жанубий Корея армиясининг таъкидлашича, улар Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин ва ҳукуматнинг юқори доиралари учун уруш ҳолатида эвакуация қилишнинг махфий йўллари сифатида ишлатилиши мумкин.
Бундай таҳдидларга қарши туриш учун Жанубий Корея армияси 2019 йилда махсус ерости жанговар кучларини тузди. Армиянинг ушбу бўлимини модернизация қилиш, уни юқори ҳаракатчанлик, разведка, логистика, кимёвий уруш ва тиббий қўллаб-қувватлаш бўлинмалари билан таъминлаш режалаштирилган.
Шимолий Кореянинг ерости иншоотлари, туннеллардан ташқари, оммавий қирғин қуроллари омборлари ва метрополитен каби шаҳар ерости инфратузилмасини ўз ичига олади.
ҲАМАС гуруҳи етакчиларнинг қочиши, гаровга олинганларни ушлаб туриш ва қурол-яроғ контрабандаси учун туннеллардан қандай фойдаланиш мумкинлигини намойиш этгандан сўнг, КХДР ертўлаларига эътибор кучайди, дейилади хабарда.
Жанубий Корея ва АҚШ иштирокидаги машғулотларда 370 га яқин киши қатнашди. Машғулотларда энг замонавий ҳарбий технологиялар, жумладан, Жанубий Кореянинг Swede дронлари ва роботлари, АҚШ армиясининг Black Hornet Nano ҳарбий микродрони ҳамда қўлбола портловчи қурилмаларни аниқлаш ва зарарсизлантириш учун Talon роботидан фойдаланилди.
Изоҳ (0)