Ўзбекистонда Бош прокуратурага кичик қувватли қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ўрнатиш режасининг ижросини таъминлаш, шунингдек, қуёш панеллари ва гелиоколлекторлар ўрнатилишида қонунчилик талабларига сўзсиз риоя этилиши устидан қатъий назоратни амалга ошириб борсиш топширилди.
![](/static/2025/02/10/quyosh panellari-dftkNwvH.jpg)
Президент фармони билан имзоланган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид давлат дастурида, шунингдек, республика энергобалансида қайта тикланувчи энергия улушини ошириш, шу жумладан, давлат-хусусий шериклик асосида йирик “яшил энергия” станцияларини барпо этиш, ҳудудларда кичик ва микрогеслар тармоғини кенгайтириш, аҳоли хонадонларида қуёш панелларини ўрнатишни рағбатлантириш белгиланган.
2025 йилда умумий қуввати 4,5 ГВт бўлган йирик қуёш ва шамол электр станциясини ишга тушириш, қуввати 785 мегаватт бўлган қуёш панелларини ўрнатиш, қуввати 225 мегаватт бўлган гидроэлектр станцияларини барпо этиш орқали жами қайта тиклануви энергия манбалари улушини электр энергияси ишлаб чиқаришда 26 фоизга ва жами генерация қувватлари таркибидаги улушини 40 фоизга етказиш режалаштирилмоқда.
Энергетика вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари билан биргаликда бир ой муддатда 2025 йилда қуёш панеллари ва гелиоколлекторларни туман ва шаҳарлар кесимида ўрнатиш дастурини, 2025—2026 йилларда республика ҳудудларида микрогидроэлектр станцияларини қуриш дастурини Вазирлар Маҳкамасига киритиши лозим.
Ўзбекистонда яшил энергия улуши 40 фоизга етказилиши ҳақида энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов 2023 йилнинг ноябрида айтганди. Вазир “Ўзбекистон 24” телеканалига берган интервьюсида 2030 йилга бориб 120 миллиард кВт/соат электр энергия ишлаб чиқаришни режалаштирилаётганини, шунинг 40 фоизини қайта тикланувчи энергия манбалари ташкил этишини айтганди.
Шавкат Мирзиёев 2025 йил 27 январь куни ўтказган йиғилишда давлат корхоналари, саноат ва хизмат кўрсатиш мажмуалари ҳамда хонадонларда қуёш панеллари ўрнатишни рағбатлантириш давом эттирилиши, бунга 2 триллион сўм кредит ажратилиши маълум қилинганди.
Бош прокуратура ушбу йиғилишда масъулларга 100 мингта объектда, 150 мингта хонадонда жами 600 МВт қувватда қуёш панели ўрнатилиши бўйича берилган топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида жойларда маҳаллий ҳокимликлар, божхона, Ўзэнергоинспекция, тижорат банклари, таъминот корхоналари ва бошқа тегишли идоралардан иборат ишчи гуруҳ тузиш бўйича кўрсатма берилганини эълон қилганди.
Давлат раҳбари БААда бўлиб ўтган “Абу Даби барқарор ривожланиш ҳафталиги” саммитида сўзлаган нутқида Ўзбекистонинг тез суръатларда ўсиб бораётган иқтисодиётининг энергетикага бўлган талабини тўлиқ қондириш учун “яшил” қувватлар жадал ривожлантирилаётганини маълум қилганди.
Ўтган 5 йилда энергетика соҳасига қарийб 20 миллиард доллар хорижий инвестициялар жалб қилинди ва 9,6 гигаватт замонавий энергия қувватлари ишга туширилди. Жумладан, 3,5 гигаваттли 14 та қуёш, шамол электр станциялари ва 300 мегаваттли 2 та сақлаш тизимлари ишга туширилди. “Яшил” энергия соҳасида БАА Ўзбекистоннинг ишончли ва стратегик ҳамкоридир. Сўнгги йилларда Амирликлар билан инвестициялар портфели 26 миллиард доллардан ошди.
Изоҳ (0)