Аввалроқ ижтимоий тармоқларда сўнгги кунларда мамлакатда бизнес субъектларини қуёш панеллари ўрнатишга мажбурлашга бўлган уринишлар юз бераётгани тўғрисида хабарлар тарқалган эди. Ушбу ҳолатга ЎзЛиДеП ўз муносабатини билдирди ва яна бир бор тадбиркорлар билан муносабатда юзага келадиган барча масалалар қонунчилик доирасида амалга оширилиши лозимлигини таъкидлайди.
Ушбу ҳолатга ЎзЛиДеПнинг нуқтайи назари аниқ – ҳеч ким тадбиркорни унинг истагига зид ҳолда бирор нарсага мажбурлаши мумкин эмас. Бундай ҳатти-ҳаракатлар тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлаш йўлида давлатимизда қабул қилинган қонунчиликка зид, дейилади хабарда.
ЎзЛиДеПнинг I Конгрессида тасдиқланган сайловолди дастурида ҳам айнан шу каби ҳолатларни олдини олиш учун давлат органлари мансабдор шахсларининг тадбиркорлик фаолиятига аралашувини қатъий тақиқлаш учун барча зарур чораларни кўриш юзасидан вазифалар белгиланган.
Шу билан бирга, мамлакатда муқобил энергия манбаларини кенгайтириш масаласи ҳам сайловолди дастуридан ўрин олганини ҳисобга олган ҳолда ушбу ишлар мажбурлаш йўли билан эмас, балки қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишнинг устунликлари, афзал жиҳатларини тушунтириш, тарғиб қилиш, тегишли молиявий имкониятлар яратиш орқали амалга оширилиши лозим деб биламиз.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган ушбу маълумот ўз тасдиғини топган тақдирда ЎзЛиДеП ўз депутатлари орқали тегишли вазирлик ва идораларга депутатлик сўровлари билан мурожаат қилади ва бундай ҳаракатларга ҳуқуқий баҳо беришни қатъий талаб қилади.
Ушбу муаммо юзасидан ҳозирда партиянинг марказий ва ҳудудий кенгашлари томонидан ўрганишлар бошланган.
Изоҳ (0)