Биз рақамли эркинлик даврида яшаяпмиз, кўзларимиз кунига минглаб расмларни сканерлайди ва мия ҳеч қачон тугамаслиги маълум бўлган лента ритмига мослашишга ҳаракат қилади. Ижтимоий тармоқлар бизнинг рақамли кўзгумизга айланди, фақат у бизни эмас, балки идеалнинг умумий қиёфасини акс эттиради. У ерга қанча узоқ қарасак, ўзимизни шунчалик ёмон ҳис қиламиз.

Психолог Мария Белан ижтимоий тармоқлар даврида қандай қилиб ўз ҳаётимизни уларга тўлиқ бўйсундирмасдан яшаш ҳақида мулоҳаза юритади.
Ҳар сонияда биз, танамизни бошқаларнинг сарвқомат танаси билан, муваффақиятни бошқаларнинг кейслари билан, ҳаётимизни бошқаларнинг бахтли турмуши билан таққослайверамиз. Бу таққослаш онгли эмас. Бу автоматик равишда, нейронлар даражасида содир бўлади.
Ижтимоий тармоқларда бошқаларнинг саҳифаларини кўраётганингизда бирдан қуйидаги фикрларга берилиб кетганингизни сезасиз:
— Мен бу ҳафта нима қилдим?
— Нима учун у муваффақиятга эришади, мен эса йўқ?
— Эҳтимол, мен дангаса / зерикарли / қизиқарсиз бўлсам керак.
Аммо муаммо сизда эмас. Муаммо бизни худди томизғичдаги каби чексиз дофамин томчиларига туширадиган алгоритмда. Ҳар бир хабар — ширин инексия каби: ёқимли, лекин беқарор. Агар бир марта тармоқда бўлишган постимиз камроқ лайк йиғса, бизда ҳиссий қайтиш пайдо бўлади. Психологлар буни хавотир, кучсизлик, лоқайдлик билан кузатиладиган дофамин бузилиши деб аташади.
Айниқса, ўспиринлар ва аёллар бу борада заиф. Ўспиринлар — чунки уларнинг ҳали аниқ ички йўналишлари йўқ. Аёллар — чунки болалигидан “ёқиш”, “қулай бўлиш”га ўргатилган.
Ижтимоий тармоқлар таъсирида руҳий ҳолатда нима содир бўлади?

- Ўз-ўзини баҳолаш ташқи факторга боғлиқ бўлиб қолади. Биз ўзимизни ички қиймат ҳисси билан эмас, балки реакциялар сони бўйича баҳолаймиз.
- Ҳис-туйғулар сиқилиб қолади. Ва биз қайғуни бошдан кечиришни эмас, балки кадр учун табассум қилишни ўрганамиз.
- Ҳақиқат лойқалашади. Биз атрофдагиларнинг ҳаммаси тоза ва силлиқ ҳаётда яшайди, фақат биздагина идиш-товоқ билан тўлган раковина ва доимий ташвишлар бор деб ўйлаймиз.
- Ўтказиб юбориш ташвиши пайдо бўлади. Бунга FOMO — fear of missing out (ўтказиб юриш қўрқуви) дейилади. Биз онлайн бўлмасак, гўё муҳим хабарни ўтказиб юборамиз, деб қўрқамиз.
- Уйқу бузилади. Экраннинг кўк нури, айниқса, ухлашдан олдин мелатонин ишлаб чиқаришга халақит беради.
Бундай қарамликдан ўзингизни қутқариш учун 7 амалий қадам
- Телефонсиз одатлар.
Эрталаб ва кечқурун 30 дақиқани ўзингизга ажратинг, фақат асосийси бу вақтни мутлақо телефонсиз ўтказинг. Бу қаҳвахўрлик, жимжитлик, сайр ёки китоб ўқишдан иборат дақиқалар бўлсин. Чунки “шундай бўлиши керак” эмас, балки миянгиз юкдан халос бўлишга муҳтож.
- Ҳар сафар ижтимоий тармоқларга кирганингизда ўзингизга савол беринг:
— Интернетга нега кирдим?
— Киришдан олдин ва кейин нима ҳис қиляпман?
— Нима излаяпман: илҳом ёки тасдиқлаш?
- Ўхшаш одатлар
Худди аввалгидай қоғозли кундалик юритинг, фотосуратларни чоп этинг ва дўстларингизга хат ёзинг. Бу ретро эмас. Бу ҳақиқат билан алоқани қайтариш усулидир.
- Контент-паузалар.
Кунига 5 та пост ўрнига — ҳафтада 3 та пост жойланг. Қандай бўлса ҳам тўлиб турсин деб суратга олманг, эсдаликка қолиши учун суратга олинг.
- Ижтимоий тармоқлардан 48 соатлик детокс.
Ойига бир марта — ижтимоий тармоқларсиз тўлиқ 48 соат яшаб кўринг. Ҳа, қийин бўлади, лекин бу нормал ҳолат. Руҳиятингиз қанд ёки кофеин каби стимулдан воз кечади.
- Рақамли тозалаш.
Ҳасад, таққослаш, ғазабни келтириб чиқарадиган ҳамма саҳифаларни тарк этинг. Ҳатто у энг фойдали ва ҳамма ўқийдиган мутахассис бўлса ҳам, агар сизга ёмон таъсир кўрсатаётган бўлса, демак, бу сиз учун эмас.
- Жонли алоқа.
Қўнғироқ қилинг. Сайр қилинг. Қучоқланг. Севинг. 10 йилдан кейин ҳеч ким сизда нечта лайк борлигини эсламайди. Аммо ҳамма юлдузлар остида ким билан нималарни орзу қилганини эслайди.
Мижозларимдан бири — истеъдодли, чиройли, қизиқарли касб эгаси — ҳар сафар бир соат ичида ўз саҳифасига қўйган постларига лайк бўлмаса, постларини ўчириб ташлаган.
У шундай деган эди:
“Мен бўш жойдекман. Агар ҳеч ким лайк қўймаса, демак, мен қизиқ эмасман. Демак, умуман керакcиз эканман”.
Маълум бўлишича, болалигида уни доимо синглиси билан таққослашган. Ва ҳозир ижтимоий тармоқлар ёшликдаги травмаларни кучайтирмоқда.
Психотерапияда биз унинг ўз қийматини лайкларга боғлашдан ажратдик. Бугун у блог юритади ва лайклардан эмас, ўз овозидан қувонади.

Ижтимоий тармоқлардан дам олиш вақти келганини қандай тушуниш мумкин?
- 10 дақиқа ҳам телефонингизни текширмай ўтиролмайсиз.
- Постларингизни ҳеч ким кўрмаса, хафа бўласиз.
- Ўзингизни бошқалар билан тез-тез таққослайсиз.
- Бирор нарсани шунчаки қилмайсиз, албатта, суратга олишингиз керак.
- “Бу ижтимоий тармоқларда қандай кўринади?” деган фикр билан яшайсиз.
Юқоридагилардан камида 2 та бандни ўзингизда кузатган бўлсангиз, бу сизга хавфли огоҳлантиришдир.
Ҳаёт филтрлар, постлар ва лайклар сони билан яшаш учун жуда қисқа. Чунки ички хотиржамликни рақамли алгоритмлар эмас, балки сукунат ва ўз-ўзи билаб самимий алоқа беради. Биз контент эмасмиз. Биз инсонлармиз. Бизнинг реакцияларсиз ҳиссиётларга, постларсиз кунларга, исботларсиз ҳаётга ҳаққимиз бор.
Изоҳ (0)