12 август — Халқаро ёшлар куни. Шу муносабат билан «Дарё» ўзбекистонлик бир қатор фаол ёшлардан уларнинг қизиқишлари, муаммолари, эртанги кун ҳақидаги тасаввурларини сўради.
Иқтидорли, билимли, меҳнаткаш ёшлар жуда кўп, аммо, афсуски, имкониятлар тенг тақсимланмаган, «старт нуқтаси» ҳаммада бир хил эмас. Эҳтимол, шу сабаб аксаримиз йўлимизни тополмаётган бўлсак керак.Мен ва тенгқурларим (1980–1999 йилларда туғилганлар)ни «миллениаллар», яъни «минг йиллик алмашинувини кўрган авлод» дейишади. Биз катта кучмиз. На пул, на жамият учун ишлаймиз — ғоя учун меҳнат қиламиз. Бизга арзийдиган ғоя топилса бас: шароит, имкон, вақт ва сабрни ўзимиз «ташкиллаштириб оламиз». Барча ёшни жамлайдиган муштарак, ўлмас, универсал ғоя — шу бизга етишмайди.
Ҳаммаси сиз хоҳлагандек бўлиши учун ўзингиз истагандек шахс сифатида қолишнинг имконсизлиги кўпроқ қийнайди. Бу оғриқли. Ҳал этиш ўзимнинг қўлимда бўлмаган муаммоларни муаммо ҳисобламайман. Ечим ҳамиша бор ва кўпинча шундоқ ёнгинамизда бўлади. Жамият миқёсида, мафкуравий бирдамликнинг етишмаслиги неча йилдирки, бизга панд бермоқда.
Эртанги кунимни фаровон, тўкин, эркин ва қизиқарли шаклда тасаввур қиламан. Бунинг пойдеворини, шубҳасиз, бугун қўямиз.
Шов-шувли воқеа-ҳодисалар менга ёки яқинларимга бевосита боғлиқ бўлсагина қизиқ. Акс ҳолда уларга вақт ва асаб сарфлашни ўринсиз деб биламан. Ҳаётимда умуман асқатмайдиган, ақлимни ўстирмайдиган ёки чин эстетик завқ бермайдиган ҳар қандай информациядан имкон қадар четда юраман.
Муҳаммадхон Юсупов, график дизайнер
Жамиятимизда рўй бераётган ҳар қандай жараён қизиқ. Рости, илгари муҳим воқеаларни фақатгина телевизордан кўриб билардим. Асоссиз хабарларга тез алданиши мумкин бўлган ўсмир учун шу йўл маъқулдек эди. Аммо кейинчалик сен учун ахборотни кимдир саралаб бериши ўта даҳшатли эканини тушундим.Айнан шуларни ҳисобга олиб, вақт ўтгани сари дунё ҳамжамияти, яна мамлакатимизга алоқадор долзарб хабарларни таҳлил қилиш қобилиятини шакллантирдим ва ҳали ҳам шу йўлдаман. Бироқ фалончи ўқишга киргизиб қўяман деб фириб бергани, ким кимни популистликда айблагани, ким ўзга сайёраликлар билан кўришгани каби манипулятив хабарлар менга унча аҳамиятли эмас.
Одамни ҳозирда непотизм (қариндош-уруғчилик, таниш-билишчилик), порахўрлик, таълим сифати ва ўзбек хотин-қизларининг ҳаётидаги муаммолар кўпроқ қийнайди. Давлат институтлари фаолияти эса панага беркинган қочқиндек гўё. Уларнинг тизимидаги қусурлар йиллар бўйи йиғилиб, энди халқ бошида офатдек айланяпти. Тўғри, бу жабҳада ҳеч қандай иш қилинмаяпти, дейиш хато. Лекин аниқлаб олайлик — ислоҳот тепадан бошланиши керакми ёки қуйидан?
Таълим мавзуси ҳам оғриқли. Қишлоқдаги энг чекка мактабни битириб, Американинг нуфузли университетларида ўқийдиган йигит-қизларни биламан, ихтисослашган мактабда ўқиб, фан олимпиадасида қатнашиб, отасига ютган машинасини совға қилган болакайни танийман. Мактаб таълими ҳақида ҳозирча гапирмайман, режаларим қаторида айнан бошланғич ва ўрта таълимдаги камчилик, ютуқларни ўрганиш банди бор. Аммо олий таълим-чи?
Жамиятдаги хотин-қизларимиз масаласи ҳақида ҳам кўп ўйлайман. Турли тадбирларга фаол қатнашадиган қизларни кўриб, очиғи, ҳавас қиламан. Аммо интернетдаги хабарларда саҳар сув сепаман деб каналга чўкиб кетган келинчак, отаси тенгига турмушга чиқиб, жонига қасд қилган, «қиз кўрдинг» деган тазйиқдан фарзандларини белига боғлаб ўзини сувга отган тақдирлар ҳақида ўқийман. Ачинаман, ҳозирча тайинли ёрдам беролмаслигимни билиш алам ҳам қилади.
Эртамни унумли, фойдали ва ёрқин тасаввур қиламан, аммо санаганларимнинг аксига ҳам тайёр тураман. Ҳаммасини бошқатдан бошлаш ва қизиққан ишларимни қилиб кўришга қўрқмайман, вақтимни ҳам қизғанмайман. Одам умри охирида фақат армонларини ёдга олади.
Келажагимни Ўзбекистонга боғлашимга асосий сабаб — бу ота-онам ёки яқинларимнинг шу ерда яшаши эмас, шунчаки тушунтириб бериш қийин туйғу. Балки, мақсадларимнинг барчасини шу ерда амалга ошириш имконим борлиги учундир. Балки, хушмуомала, меҳмондўст одамлари сабабдир. Эҳтимол, Ўзбекистонга кераклигимни ҳис қилганимдандир, ким билсин...
Ўзбекистоннинг ривожланиш истиқболларини ўрганиш мен учун жуда қизиқ. Режаларим юрт ривожига нечоғлик фойда келтириши бўйича аниқ ҳисобим йўқ. Балки, барчаси келгуси беш йилликда ўзгарар. Лекин бир нарсани аниқ биламан — фаол фуқаро бўламан. Автомобиль камарини тақмай, жаримага тушдимми — тўлайман; кимдир сўраган ҳаром пулни бермайман, бироз кўпроқ навбатда тураман; бир йилда бешта эмас, битта илмий мақола чиқараман, ижтимоий тармоқда одамларни камроқ муҳокама қиламан, кўпроқ китоб, соҳамга доир материаллар ўқийман ва, асосийси, сайловларда фаол иштирок этаман. Насиб қилса, ҳоким сайловларида ҳам...
Мухлиса Орифжонова, магистрант
Мустақилликнинг дастлабки йиллари отам мактабда ўқитувчи бўлиб ишлаган. Ўша дамда олган бир ойлик маошига дўкондан атиги бир қоп ун ва 4 литр ёғ ололган. Шундан кейин ўқитувчиликни йиғиштириб, Россияга кетган. Мана, отам ҳали ҳам ўқитувчиликка қайтгани йўқ.Ўзим Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетини тўлов-шартнома асосида битирдим. Умумий тўрт йиллик тўлов нархи 40 миллион сўмга яқинлашди. Сўхдан келиб Тошкентда ўқиш осон эмас. Мусофирчилик харажатларни қўшиб ҳисобласа, балки, 100 миллион сўмдан ҳам ортиқ пул кетгандир. Лекин дипломим бўйича, яъни ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиси сифатида мактабга бориб дарс бераман десам, ўқиш учун сарфлаган харажатларимни чиқариш-чиқармаслигим номаълум. Ўқитувчининг маоши ҳаминқадарлигини кўпчилик билади. Яна бир тарафи, директор, депутат, ХТБ мудири ва ҳокимлардан умр бўйи гап эшитиб, пиёда юришга маҳкум ўқитувчи бўлиш ниятим ҳам йўқ. Бироқ қишлоқда ҳам кимдир қолиши керак-ку!
Мени ўйлантирадигани, қийнайдигани шу — шаҳарда қолиш яхши, аммо қишлоққа ҳам зиёли, ўқиган-билган кадр керак. Келажагимни шу юрт билан боғлаш бўйича фикрларим эса тарқоқ. Шу кунларда магистратура имтиҳонларини топшираман. Натижалар маълум бўлгач, шаҳарда яна икки йил қолиш-қолмаслигим ҳал бўлади. Умуман, кейинчалик дунё кезиб, илмнинг маълум поғонасини эгаллагач, туғилиб-ўсган қишлоғимга қайтмоқчиман. Аммо бунгача неча йил саргардон яшашимни билмайман. Ҳар ҳолда инсон ўзини топиши учун дунё кезиши керак.
Келажак? Агар карьера сифатида оладиган бўлсак, уни асло Ўзбекистонга боғламаган бўлардим. Қонун устуворлиги одамларнинг юрак-юрагида ўрнатилмагунича эркин яшай олмайман. Демократия, сўз ёки виждон эркинлиги каби тушунчалар Конституцияда ёзилгани билан қадри, даражаси амалда пастроқ. «Лой жанги»дан тоза-покиза либосда чиқишни тасаввур қилиш ақлга сиғмайди. Олимларимиз ҳам, фозилларимиз ҳам бир кўзини юмиб юргандек. «Биз буни айтишга ва эшитишга ҳали тайёр эмасмиз» дейилгандан кейин бошқасига қўл силтайсиз.
Эртага қила оламан деган ниятларим қанчалар ақлга сиғишини билмайман. Ҳар ҳолда хаёлимда юртнинг «маънавий мустамлакачи» ёшларини етиштириш нияти бор, яъни шундай шогирдларни ўқитишим керакки, улар Ўзбекистоннинг иқтисодий манфаатлари учун жаҳон сиёсатига таъсир кўрсата олсин. Бунинг учун менга ҳозирча Аллоҳнинг марҳамати, ота-онам розилиги ва юрт тинчлиги керак. Тинчлик деганда андазаланган гапни эмас, балки ўтган йили Сўхда бўлиб ўтган воқеалар гувоҳи сифатида ўз ҳақиқатларимни айтяпман.
Шоҳрўз Мўминзода, муҳаррир
Бугунги жараёнлар билан қизиқмай, улар учун сиқилмай бўладими? Сўнгги вақтларда яхши воқеалардан ёмонлари кўпроқ. Адоқсиз автоҳалокатлар, нархнинг тинимсиз ошиши, коррупция ва бошқа кўнгилсизликларнинг кайфиятимга бевосита таъсири бор. Булар, афсуски, яшаш сифатини туширади, халқ эса бахтли бўлмайди.Нолишни ёмон кўраман, лекин баъзан муаммолар шунчалар кўплигидан тушкунликка тушаман. Кўчага чиқиб, одамлар кўзига бир қаранг. Бахтдан кўра ноумидлик, тушкунлик соя солганлари қанча! Билмадим, агар шу зайл давом этаверса, эртага чинорларсиз чўл, халқи қашшоқликдан, билимсизликдан қийналиб четга ишлашга кетган, таълим-у саломатлик даражаси ҳаминқадар «Янги Ўзбекистон»дан бошқасини кўрмасак керак...
«Бахт улаш» номли норасмий хайрия ташкилотимиз бор. 4 йилдан бери қўлдан келганича режаларимизни амалга оширяпмиз. Ўзбекистонда чиқиндини саралаш ва қайта ишлаш бўйича лойиҳаларим бор. Лекин сезиларли натижа бўлиши учун давлатнинг ҳам ёрдами керак.
Мўътабар Хушвақтова, реклама агенти
Информацион дунё негативлар билан тўла. Кимдир ўзини осган, кимнингдир номусига тажовуз қилинган, кимдир алданган, турли автоҳалокатлар... Бу ҳодисаларнинг қурбонлари ва сабабчилари ҳақида тармоқларда исталганча муҳокама қилиш мумкин. Бу ҳодисалар ортида улкан маънавий, ижтимоий, иқтисодий инқирозни кўраман. Тўғри, аввал ҳам жиноятчилар, бахтсиз ҳодисалар бўлган. Лекин бу билан ўзимизни овутиб ўтиролмаймиз-ку! Уларга шароит яратиб бераётган омилларни бартараф этишнинг алоҳида механизмлари бизда шаклланмаган, бор бўлса ҳам бошқа нарсаларга ўралашиб қолган.Масалан, шу кунларда бир ҳамкасбимизга журналистик фаолияти сабаб уюштирилган туҳмат муҳокама, танқид, норозиликка сабаб бўлди. Эътибор беринг-а, кечагина шиддат билан кўтарилган мавзу бугун Олимпия ўйинларидаги ютуқлар соясида қолиб кетаётгандек. Ғалаба сабаб қувонмаслик, ғурурланмаслик керак, дейишдан йироқман. Аммо инсон қадр-қиммати учун курашолмайдиган жамиятга айланиб қолишимиздан қўрқаман. Ҳодисанинг ортида иккита ўткир муаммо бор: бири бизда танқидий қарашларга нисбатан тоқатсизлик ва сўз эркинлигига қарши ҳали ҳам зимдан қаршиликка уриниш бўлса, иккинчиси жамиятдаги аёл сиймосига бўлган ҳурматсизлик.
Агар бир-икки йил аввал «Сизни нималар қийнайди?» деб сўраганингизда таълим тизимидаги муаммоларни санаган бўлардим. У босқичлардан ўтдим-у, ҳали ҳамон қатор муаммолар сарғайиб турганини кўраман.
Бугун мени бошқа масала қийнайди. 25 ёшга тўлдим. Эртага оиламни пойтахт шароитида таъминлай оламанми ёки йўқ? Билимимга ишонаман, мутахассислигим бўйича иш топа оламан. Негалигини биласизми? Жавобидан ўзимнинг ҳам кулгим келади. Қўлимдан бор-йўғи ёзиш келади, холос. Бугун жамиятда саводли ходимга талаб шу қадар юқорики, истаган йўналишда соҳам бўйича ишлай оламан, деб ўйлайман. Умуман, олганда фикрловчи одам қайси соҳада бўлмасин ўз ўрнига эга бўла олади. Чунки кимдир фикрлаши керак-ку!
Ҳақиқий илм ва ижод аҳлининг ўз юмуши билан шуғулланиши айни замоннинг оғриқли нуқталаридан бири. Бозор иқтисодиётига ўтдик, деб ўн йиллар олдин ўқиганмиз. Лекин ҳақиқий бозор иқтисодиётига ўтиш энди бошланди. Айтайлик, асосий машғулотим адабиёт ва ёзиш бўлиши керак. Шеърим қорнимни тўйдирмаса, устимни бутламаса, нима қилишим керак? Тўғри, бунинг ҳам йўллари бор. Лекин Аллоҳ кўнглимга солган сўз ортидан қорин тўйдиришни виждоним ҳеч қабул қилолмайди. Журналистикани шу учун танлаганман. Бу эса «атом кучини ўтин ёришга сарфлаш»дек гап. Асосий вақтим мақола тайёрлашга кетади. Бу қорин тўйдирадиган иш, адабиёт эса ҳаётим.
Энг аччиқлантирадигани — ижод аҳлига жиддий одам қабилида қаралмаслиги. Тан оламан, бунда ижодкорларнинг ҳам айби бор. 30 ёшгача ижодий фаолиятимни кун тартибимда биринчи ўринга олиб чиқишни режалаштирганман. Бунинг учун, аввал, бўлажак оилам, ота-онам учун шароит яратишим зарур.
Талабалик йиллари кўп қатори четга кетишни ўйлардим. Ҳаракатни ҳам бошлагандим. Лекин бугун «суриш керак» деган даъватлардан негадир бироз ғижинаман. Муаммодан қочиб қутулиб бўлмайди. Албатта, яшаш шароити яхши бўлган ҳудудларга аҳоли миграцияси табиий жараён. Буни ватанни сотиш, юртдан кечиш дейиш нотўғри. Йил бошидан бери 10 мингдан ортиқ киши Ўзбекистондан бутунлай кўчиб кетганини ўқидим. Рақамлар ортида жиддий муаммолар борлиги аниқ.
Келажагимни шу юрт билан боғлашим аниқ. Чет элда, балки, докторантура йўналишида ўқиб қайтарман. Бу бутунлай кетиш дегани эмас. Бир ўзбек сифатида миллатимизнинг дунёда ўз сўзи бўлишини жуда хоҳлайман. Раҳматли Маҳмуд Саъдий домла «орсиз миллатга айланиб қолдик», дердилар. Бу орсизликнинг айрим жиҳатлари миллат характерида кўринса, айрими дунё билан муносабатимизда кўринади.
Бир ўзбек сифатида «Толибон» билан курашаётган 10 миллионли миллатдошларимга мадад бўлишни хоҳлайман. Бир ўзбек сифатида Олмаотадан Ашхободга қадар бемалол ўтиб-қайта оладиган, бирдам қардош бўлишимизни хоҳлайман. Россия, Жанубий Корея, Туркияга муҳожирликка кетаётган юртдошларим мардикор бўлиб эмас, интеллектуал мигрант сифатида ишлашларини истайман.
Суҳроб Зиёдов, шоир ва журналист
Охирги кунларда зўрланган, камситилган, ҳуқуқлари поймол этилаётган аёллар тақдири ҳақида кўп ўқияпман ёки шундай ҳолатлар жуда кўпайиб кетган, назаримда. Аёллар билан боғлиқ, якуни яхшилик билан тугаган ҳолатлар жуда кам…Экологияни асраш бўйича олиб борилаётган, лекин ижроси билинмаётган жараёнлар қачон жонланаркан деб кутаман. Кутиш асноси маҳалламиз, «дом»имиз аёллари билан уйимиз атрофини тозалаб, ўзимиз ҳашар ташкиллаштирамиз. Лекин чиқиндини ҳар доим кўрсатилган жойга ташламайдиган одамларнинг борлиги ислоҳни ўзимиздан бошлашимиз кераклигини исботлайди.
Дипломли уй бекасиман. Қизларим ҳали кичкина. Бири 5, иккинчиси 3 яшар. Болалар боғчаси топиш, жойлаштиришда доим қийналганман. Танлаган соҳангда ишлашинг, оилага моддий ёрдам бўлиши учун болаларни ишончли қўлга топширишга мажбурсан. Яхши боғча нархини эса чўнтагинг кўтармайди. Ёш ота-она учун бу ҳақиқий катта муаммо. Давлат боғчаларидаги узундан узун навбат чинакам бошоғриқ. Боланг уч ёшдан ўтса ҳам, тўртни тўлдираётган бўлса ҳам навбатинг яқин орада келиши даргумон.
Яқин 10 йилликни аниқ режалаштирганман: болаларимнинг инглиз ва рус тилида билимларини ошириш учун қўшимча машғулотларга бериш ва улар билан мунтазам шуғулланиш, соҳам бўйича иш топиш.
Келажагимни Ўзбекистон билан боғлайман. Бухоро вилояти Қоракўл туманидаги чекка бир қишлоқданман, ҳаракатларим сабаб университетда ўқидим, ишладим ва бугун менга ҳавас қиладиган, ортимдан эргашадиган тенгдошларим, ука-сингилларим бор. Вақти келса, партия фаоли, аёллар ҳуқуқлари ҳимоячиси ёки табиатни муҳофаза қилиш бўйича ташкилот раҳбари бўлиш ниятидаман. Энг камида ёшларнинг ҳуқуқий билим ва савиясини оширишга кўмаклашувчи марказ очмоқчиман. Бу марказда ёш қизлар, аёллар ўз дардлари, муаммолари, камчиликларига ечим топади, бир-бирига ёрдам беради.
Режалар амалга ошиши оилавий муҳитга ҳам боғлиқлигини унутмаслик керак. Фарзандларга тўғри тарбия бериш, турмуш ўртоғинг билан тенг фикрлаш (ҳар доим сиз ҳақсиз деб эмас), қайнона-қайнотага ўз ота-онанг каби чин дилдан муомала қилиш, атрофдаги ҳар бир негативдан кўтаринки кайфият ярата олиш — бари бугунги асосий ишим, менимча.
Хонзода Маматова, уй бекаси
Жамиятда рўй бераётган воқеа-ҳодисаларни ижтимоий тармоқлар орқали доимий кузатаман. Имкон қадар, воқеликка нисбатан мустақил фикрим бўлишига интиламан. Шахсий қарашларимни ижтимоий тармоқларга жойлардим. Баъзида танқид кучайиб, адоватга айланиб қоларди, баъзида кимнингдир устидан нотўғри кулиб қўярдим. Ҳозир деярли эълон қилмайман.Бизда сўз эркинлиги жуда гуркираб кетмаганлиги кўпчиликка аён, бир қўшиқда айтилганидек «сал шаббода қаддин эгадиган» ҳолатда турибди. Гоҳида ҳақиқатни айтиш мураккаблашиб кетади. Уни айтиш учун ва сиз сабаб ҳеч ким жабр тортмаслиги учун ғирт етим бўлиш керак.
Кун сайин саводсизлик «гуллаётгани» кўнгилни хира қилади. Ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментидаги изоҳларнинг, тахминан, 75—80 фоизи ғиж-ғиж имловий хато билан ёзилади.
Эртамни яхши даромад топадиган, меҳрибон фарзанд, ака-ука, турмуш ўртоқ, ота сифатида тасаввур қиламан. Тўғрироғи, шундай ният қиламан ва шу мақсадни рўёбга чиқариш учун ҳаракат қиляпман.
Хорижга кетиш борасида фикрим — 50 га 50. Гоҳ кетиш ҳақида жиддий ўйлаб қоламан, гоҳ шу ерда қолиш фикри оғирроқ келади (Ватанга муҳаббат ҳисларим ошиб кетган пайтларда, албатта).
Ўзбекистоннинг ҳозирги ҳолати, эртаси учун ҳам айнан бирор нарса қилоламан деб айтолмайман. Лекин ўз йўналишимда яхши кадр бўлсам ва яхши ишласам етарли, менимча. Шу нарса ҳам юрт ривожига оз-моз ҳисса қўшса керак.
Аббос Серобов, талаба, нашриёт ходими
Бугун бўлаётган воқеаларга қизиқмасликка ҳаракат қиламан, аммо эътиборни тортадиганларидан қочиб қутулсам, қанийди!Биласизми, рисоладагидек ишлаётган одам шунга яраша яхши яшагиси келади. Уларга шу меҳнат меваси бўлмиш гўзал ҳаёт куч-қувват беради. Масалан, ўқитувчи, тиббиёт ходимларини олайлик. Уларнинг хўрланиши, калтакланиши, ҳақоратланишига чидаш оғир. Улар топадиган маош қанчалигини аниқ билмайман-у, лекин икки келинойим (бири шифокор-инфекционист, бири инглиз тили ўқитувчиси)нинг айтишича, даромадлари ижтимоий тармоқлардаги фаол блогерникидан анча паст.
Ҳар қандай касб эгаси ҳам шахсий эҳтиёжлари қондирилиб, оила аъзоларининг қорни тўқ, усти бут бўлганидагина бошқа муаммоларга эътибор қарата олади. Ишида ҳам унумдорлик, ривожланиш кузатилади. Масалан, автомашина масаласини олайлик. Аксарият ўзбекнинг орзуси шу. Айнан орзу. Кимдир буни жуда узоқ кутади, кимдир эришолмайди ҳам. Орзу рўёби учун бир неча ўн йиллаб ишлашингиз керак. Ажойиб-а?
Ёки коррупция ҳақидаги «Томирига болта уриш, туб-тубидан қуритиш учун чора-тадбирлар кўрилмоқда» деган баландпарвоз гапларни (такрор ва такрор) эшитавериб неча йилни ўтказяпмиз-у, натижадан дарак йўқ.
Шундай одамлар бор, улар учун оғир меҳнат, машаққатга тўла кун якунланиб, эртасига яна ўша кун тартиби такрорланадиган тонг отиши — бахт. Бугун қорнини тўйдиролса — толе. Кун узоғи кўча тозалаб, дарахт соясида беш дақиқа ором олиши — роҳат. Улар тезроқ машина олиш, денгиз бўйидаги шинам уй балконида туриб қайноқ қаҳва ҳўплашни орзу қилмайди, фарзандига иссиқ овқат, нон-чой учун пул топса бўлди, бошқаси керак ҳам эмас.
Келгусида Берлин университети талабаси, Berliner Zeitung, Deutsche Welle ёки бошқа немис ОАВда журналист, SMM мутахассиси бўлиш, шу вақтнинг ўзида, Ўзбекистонда аёллар учун психологик марказ очиш ниятидаман. Кейинчалик, насиб қилса, психология бўйича билимимни ошириб, турмуш ташвишларидан чарчаган, кўп қийинчиликни бошидан ўтказган ва ҳаётда ўз йўлини топишда қийналган хотин-қизларга кўмак бериш ниятим бор.
Муқаддас Мусаева, журналист
Ижтимоий тармоқлар, янгиликлар сайти, шунингдек, атрофдаги воқелик, одамлар фикри, кайфияти асносида жараёнларни доимий кузатиб бораман.Жамият ва инсон, жумладан, ўзим билан боғлиқ муаммоларга қандайдир сабаб топаман, ташхис ҳам қўяман, аммо ечимга келганда оқсайвераман. Мени, масалан, ўзим ва жамиятнинг руҳий муаммолари қизиқтиради. Аслида бир одамдаги руҳий муаммо бошқаникидан фарқ қилмайди. Чунки битта матрицада яшаймиз. Оддий нарса: қандай қилиб одам ёлғондан қутулса бўлади – муносабатларда, турмушда, ижтимоий ҳаётда? Бу жуда жўн саволга ўхшаб туйилиши мумкин.
Сабаби биз ёлғон яшаётганимиз, тўғрилик етишмаётганини ўзимиз англолмаймиз. Бир одамда, унинг муносабатларида тўғрилик етишмаслиги атрофга бевосита таъсир қилади, одамлар руҳияти бир-бирига ўхшашлигини инобатга олсак, демак, бу энди ижтимоий муаммога айланади. Аслида, ҳар қандай ижтимоий муаммо тагида ҳам руҳий муаммолар ётади. Қандай қилиб тўғрилик мезонларини ҳар биримизга ва жамиятга, инсонлараро муносабат ва бошқарувга ҳам татбиқ этиш мумкин? Мана, тайёр мисол, мен ҳозир жавоб тополмаётган бир саволимга.
Келажак ҳақида тасаввур эмас, режам бор. Ўқишни, илмий ишимни якунлаб, хорижда санъатшуносликни, адабиётни, ёзиш кўникмаларини ўрганиш. Замонавий дунё фалсафаси, адабиёти билан чуқур ва яқин танишиш ҳамда хорижий тилни яхши ўрганиб, ўша тилда ҳам ижод этиш. Яқин келажак ҳақида ўйлаганларим шу ва бошқа мақсад, орзулар ҳам бор. Орзулар ҳақида гапирмаган яхши.
Эртам қаерда, қандай шароитда бўлмасин Ўзбекистон билан боғлиқ.
Менга куч-қувват, сабр, тинимсиз меҳнат ва ирода керак. Ўзбекистон учун қилишни истаганим — ёзганларим воситасида инсонлар, жамият руҳиятига, қалбига кўзгу тутиш. Аслида санъат, адабиёт ўртага савол ташлайди дейишади, лекин мен бунга қўшилмайман. Адабиётда жавоблар ҳам бор. Мен жуда кўпларга ўзим топаётган ва ҳали олдинда топишим керак бўлган жавобларим билан хизмат қиламан.
Масалан, ўзимдан кейин келаётган ёшларга. Уларга ўз жавобимни, тажрибамни, хулосамни улашаман. Руҳий аросатдан тезроқ чиқиб, мақсадлари томон боришлари учун таскин бераман, баъзан оғриқ, баъзан жавоб бераман. Менинг энг катта хизматларимдан бири шу бўлади. Ўзбекистон учун нима қила оламан деган саволга жавобни ҳозирча мен шунда кўраман — ўзимдан кейингиларни қўлимдан келганча ҳар томонлама суяш. Ғойибона бўлса ҳам, билвосита матн орқали бўлса ҳам. Ҳар бир авлод ўзидан кейингилар учун масъул ва қайсидир маънода қурбонлик қила олиши керак.
Тилланисо Эшбоева, ёзувчи
Изоҳ (0)