Турли соҳа вакилларини бирлаштириб турган журналистика касбининг жозибадорлиги ва машаққати нимада?
Журналистика шундай касбки, у ижодкордан қайси йўналишда материал тайёрламоқчи бўлса, ўша соҳага чуқурроқ кириши, у ҳақида тўлақонли маълумотлар олиши талаб этилади. Шунинг учун ҳам журналистлардан барча соҳалардан хабардорлик, доимо замон билан ҳамнафаслик талаб этилади. Бироқ, ҳаётда шундай ҳолатлар ҳам бўладики, неча йиллар давомида бошқа йўналишда таълим олса-да, журналистика соҳасига кириб келиб, ном қозонган қалам аҳллари ҳам учраб туради.
Журналист Лобар Хайруллаева 27 июнь — Матбуот ходимлари куни муносабати билан бошқа соҳадан журналистикага кириб келиб, унда муваффақият қозонган касбдошлари фаолияти билан қизиқди.
Ҳусан Нишонов (“Маърифат” газетаси бош муҳаррири):
“1991—1996 йиллари Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институтининг Ўзбек тили ва адабиёти факультетида ўқиганман. 2-синфда ўқиётганимдаёқ журналист бўлишга аҳд қилганман. Мактабни олтин медал билан битиргач, педагогика йўналишидаги ОТМларга кириш осонроқ бўлгани учун (суҳбатдан ўтганман, имтиҳон топширмаганман) шу институтни танлаганмиз Ҳасан икковимиз. Институтда ўқиётган пайтимиздаёқ ‘Кўзгу’ газетасида ишлай бошлаганмиз. Ўз соҳамни эмас, журналистика соҳасини танлаганимдан афсусланмайман. Лекин устозлар қанча айтишса ҳам илмий иш қилмаганимдан афсусдаман. Мана энди ёшинг 50 га яқинлашганда аудиторияда ёшлар билан тажрибаларингни бўлишгинг, уларга ‘ақл ўргатгинг’ келиб қолар экан...
Журналистика ҳақида кўп гапириш мумкин. Бироқ қисқа қилиб айтганда — қолган барча касблар сингари одамнинг ўзини кашф қилиш имконияти деб биламан. Ўзинг яхши билган, яхши кўрган касб билан шуғулланиш завқ берганидек завқли.
Машаққати ҳақида гапирмайман... Журналистика ютуқларидан бири — электрон ОАВларда тезкорлик ошди. Ижтимоий тармоқлар журналистикани ҳам ортда қолдиряпти, ҳатто янгиликларни тарқатишда. Шу билан бирга, саводсизлик кучайди. Эпидемия даражасига етди.
Босма нашрлар инқирози бир муаммо юзага қалқиб чиқишига, кучайишига сабаб бўлди. Ҳозир кўпчилик сезмаяпти: бу таҳрир масаласи. Ўзбек тилининг имкониятларидан фойдаланишнинг торайиши, тил жозибасини бузиш, чет сўзларни миллий тил призмасидан ўтказмасдан қабул қилавериш ва ҳоказо. Оқибатлари билинади ҳали. Интернет нашрларида газета, журналда ишлаган, яъни таҳрир мактабини ўтаган, ҳурматга лойиқ ҳамкасбларимиз ҳали кўп. Лекин тезкорлик масаласи таҳрир борасида уларнинг ҳам имкониятларини чеклайди. Яна ўзбек тилини ‘стилим шунақа’ деб атай бузаётган, халққа ёқади деб кўча тилида ёзадиган блогерлар ҳам кўпайди...“
Дилфуза Собирова (Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги матбуот котиби):
“Самарқанд давлат педагогига институтининг ‘психология-педагогика’ йўналиши бўйича таҳсил олганман. Болаликдан китоб ўқишга, бадиий ижодга қизиқишим сабаб шеър, ҳикоялар ёзиб юрардим ва журналистикага ҳавасим бўлган. Онам кутубхоначи бўлгани учун мактаб кутубхонасидаги деярли барча асарларни ўқиб чиққанман. Ойбекнинг “Болалик” асарини ўқиганимда ёшлигимдаги барча нарсаларни ёзиб қўйишим керак, келажакда мен ҳам шунақа асар ёзаман, деб ўйлаганман ва баъзида буларни қоралаб юрганман.
Институтда психология соҳасида ўқиганим кейинчалик ўзим ёзган асарлардаги қаҳрамонлар руҳиятини тасвирлашда ёрдам берган. Ҳаётим давомида журналистика соҳасида фаолият юритганимдан ҳеч қачон афсусланмаганман. Чунки, бу болаликдан ўзим севган соҳа ва буни ҳаётдаги миссиям, деб ўйлайман. Асарлар ёзиш, таржима қилиш, газетадаги фаолиятимдан доим завқ олганман.
Одам ўзи қилаётган ишини яхши кўриб, чин дилдан бажарса, ҳеч қачон бу иш унга машаққат туғдирмайди, аксинча бунда катта натижаларга эришиши мумкин. Газета ва журналлар соҳа вакилларини пишитади, деб ҳисоблайман. Ўзим газета мухбирлигидан тортиб, бош муҳаррирликкача бўлган йўлни босиб ўтган бўлсам, ишимни жон-дилим билан бажарганман.
Журналистика, менинг назаримда, бу жамиятнинг юраги, соҳа вакиллари жамиятда юз бераётган ҳар бир ўзгаришни шу юракнинг уриб туриши, пулсидан хабардор бўлиб туриши ва буни аҳолига етказиш учун ошиқадилар. Одам танаси учун юрак қанчалик муҳим бўлса, журналистика ҳам жамият ривожи учун энг муҳим соҳалардан бири, деб ҳисоблайман. Фаолиятимда турли босимлар, қўнғироқлар, сўз эркинлигининг бўғилиш ҳолатлари ҳам бўлган. Бироқ, соҳа шуниси билан қизиқ. Қўрқмаслик керак. Журналист ёзган гапи учун жавоб бера олиши лозим.
Журналистика бугунги кунда жуда кенг ривожланди. Фикрлар кўпайди, фикрлаш кенгайди, дегани. Фикрлайдиган жамият — ўсадиган жамият ҳисобланади. Бироқ, баъзиларда шунақа фикр шаклланган: журналистми, у фақат танқид қилиши керак, деб ўйлайди. Билингки, турли соҳадаги хабарларни ўқувчига чиройли қилиб етказиб бериш ҳам журналистнинг маҳоратидан дарак беради. Ҳозирги кунда фикр билдириш анча эркинлашди. Ҳар ким ўз фикрини эркин баён қила олмоқда. Бунда ўзим фаолият юритаётган матбуот котиблик фаолиятимдаги энг биринчи вазифалардан бири — журналист саволларига жавоб беришдир. Мана шу йўналишнинг йўлга қўйилиши ҳам очиқликнинг бир намунаси, деб биламан.
Прессани бахтсиз ҳодисалар боқади, деган гап бор. Лекин ҳамма нарсада меъёр бўлиши керак. Ҳозирги кунда сайтлар, ижтимоий тармоқларда бахтсиз ҳодисаларни кўп ва хўп ёритишяпти. Баъзида сайтларни очиб, одам қўрқиб ҳам кетади. Биттагина яхши хабар ўқисам эди, деб лентани айлантирасиз. Афсуски, яхшисидан ёмон хабар кўпроқдек. Яхши хабарлардан кўра, бахтсиз, фожиали хабарлар тез ва кенг тарқалади. Мана шу нарса мени бир оз ранжитади...
Журналист ўз устида доимий ишлаши керак. Ҳар куни соҳа бўйича билим ўрганиши, буни амалиётда татбиқ қила олиши лозим. Шундагина профессионал соҳа мутахассисига айланади”.
Аброр Зоҳидов (Kun.uz сайти мухбири):
“Мутахассислигим даволовчи шифокор (врач), тиббиёт соҳасида таҳсил олганман. Журналистика соҳасига кириб келишимга ижодга қизиқишим, молиявий қийинчиликлар (чунки талабалигимдан газетада ишлардим) ва тақдир тақозоси сабаб бўлган, деб ўйлайман. Ўз соҳам эмас, журналистика соҳасида ишлаганимга афсусланмайман. Чунки бугунги кунимиз кечаги кунлар ҳосиласи.
Бугундан шукр қилмаслик эса гуноҳ, деб биламан. Мен учун журналистика инсон диққат марказидаги воқеа-ҳодисаларнинг сўзда акс этиши. Унинг жозибадорлиги ҳам ўша сўз, қийинчилиги ҳам ўша сўзнинг бўғилишидир. Бугунги кун журналистикасининг ютуқлари ҳақида мақтана олмайман. Камчиликлари, аксар ҳамкасбларнинг элементар саводсизлиги, нопрофессионаллиги. Қолаверса, сўз эркинлиги йўли тобора торайиб бораётганлиги баъзан мени хафа қилади”.
Сардор Комилов (“Миллий” телеканали бадиий раҳбари):
“Тошкент Давлат Юридик университетини тугатганман. Бу соҳа бўйича 7 йил ишлаганман. Бу йил Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг ‘Оммавий тадбирлар режиссураси’ факультетига топшириш ниятим бор.
Журналистика соҳасига кириб келишимга сабаб, Москвадаги фаолиятим давомида кўринишимга қараб мени бир кўрсатувга таклиф қилишган. Кейин рус ижодкорларига ўйнаган ролим маъқул келиб, ТНТ да маълум вақт қолиб кетганман.
Кўрсатувнинг монтаж, видеосёмка жараёнларини кўрганимдан кейин бу соҳа мени жуда қизиқтириб қўйган. Тошкентга қайтиб келганимдан кейин бу ердаги нашрларни кўриб таққослаганман. Кейин сайт очиш фикри туғилган. 2003 йилдан бошлаб, сайтга шеърлар, монологлар, ҳикоялар қўйиб борардим. Шунинг учун биринчи блогерман, дея оламан. Шундан кейин сайтга турли интервьюлар жойлаштира бошладик. Бу кўпчиликка маъқул кела бошлади. Ижодга қизиқиш генимизда ҳам бор. Сиёсий журналистика соҳаси бўйича фаолият олиб борадиган тоғам билан кўп мулоқот қилардим. Улар мендан маслаҳатларини аямасдилар. Яна бир тоғам композитор. Улар ашула айттирарди. Балки шу омиллар сабаб бўлибми, ҳозирги кунда куй ҳам басталамоқдаман, шеър ҳам ёзиб тураман.
Мени журналистиканинг интервью йўналиши кўпроқ ўзига жалб қилган ва шу йўналишда кўп ижод қилганман. Журналистика менга жуда маҳобатли соҳа бўлиб кўринмайди. Шунчаки, ўзимни фикримни баён қиламан ва қаршимдаги инсон билан суҳбатлашаман. Бунда суҳбатдошимнинг қалбини очишга ҳаракат қиламан. Кези келганда, дарддош, кези келганда танқид ҳам қилишим мумкин.
Ўз соҳамда эмас, журналистикада фаолият юритаётганимдан афсусланган пайтларим кўп бўлган. Мен, асосан, санъаткорлар билан ишлаганим учун, дўстларим ҳам душманларим ҳам уларнинг муҳитида шаклланиб қолган. Кўп ҳолларда бундан панд еган пайтларим ҳам бўлган.
Журналистика мен учун виртуал аскар, дегани. Бунда кураш, матонат, сабр талаб қилинади. Журналистда, аввало, фикр бўлиши керак. Бирор бир муаммони кўтарганда, керакли фактлар, таҳлиллар билан бирга, албатта унинг ечимини ҳам таклиф қила олиши керак. Журналистикада доимий фантазиялар, ўз устида ишлаш талаб қилинади. ‘Миллий’ телеканалида эфирга узатиладиган ‘Миллар’ дастури мухбирларининг турли чиқишлари баъзиларда эътироз уйғотди. Бу одамлар эътиборини шу муоммога жалб қилишнинг бир тури. Ҳозир ривожланган XXI асрда нега энди журналистикада янги услубларни синаб кўрмаслигимиз керак. Бу айниқса, рейтинг тизимида ишлаётган телеканаллар фаолияти учун жуда муҳим, деб ҳисоблайман”.
Лочинбек Худоёров (ССВ ҳузуридаги Давлат маркази матбуот котиби):
“Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг Актёрлик санъати йўналиши бўйича таҳсил олганман. Ҳозирда Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида журналистика йўналиши бўйича сиртқи таълим шаклида таҳсил олмоқдаман. Журналистика, аниқроғи, радиожурналистика соҳасига кириб келишимга устозларим Олимхўжа Азимов ва Қизлархон Бегматоваларнинг хизматлари катта.
‘Ҳамроҳ’ авторадиосидаги илк эфирим журналистикага меҳр қўйишимга сабаб бўлган. Пульт қаршисида ўтириб тингловчилар билан мулоқот қилиш, уларнинг фикрлари ва муаммоларини тинглаб, ечим топиш жараёнларида иштирок этиш мени бу соҳага янада қаттиқроқ боғлаб олди.
Ҳаёт йўлим давомида журналистикани танлаганимдан афсусланмайман. Лекин тан олиш керак, бу соҳада фаолият бошлашимда санъат институтида олган билимларим ҳам катта ёрдам берган. Турли муаммоли ва зиддиятли вазиятлардан чиқиб кетишда, дипломатия қилишда устозларим Шомурод Юсупов ва Винера Юсуповалардан кўп нарса ўрганганман.
Журналистика – бу холислик, тезкорлик ва бетарафлик. Ўйлашимча, журналистикадан қандайдир мақсад ёки манфаат йўлида фойдаланмаслик, олтин ўрталикни топиш керак. Журналистиканинг жозибадорлиги сиз кўтариб чиққан муаммога тегишли масъулларнинг эътибор қаратиши ва уни ижобий ҳал этилиши, адолатсизлик устидан ҳақиқат қарор топиши, сўз эркинлиги, журналистик фаолиятининг дахлсизилиги ва ҚОНУН ҳимоясида эканлиги. Унинг қийинчилиги эса баъзан юқоридаги мезонларнинг бузилишида намоён бўлади.
Сўнги йилларда соҳага, хусусан, журналистларга Давлат раҳбарининг эътибори, меҳнатларининг муносиб эътироф этилиши, журналистларнинг эркин фаолияти ва ҳуқуқлари қонун ҳимоясида эканлиги бугунги кун жуналистикасининг қайсидир маънода ютуғи, деб ўйлайман. Камчиликлари эса соҳада буюртма асосида мақола ёзадиган ‘оқловчи’ ва ‘қораловчи’ларнинг бор эканлиги, айрим инсонларнинг журналист ниқобида соҳадан фойдаланаётганлари дилни хира қилади”.
Лобар Хайруллаева, журналист
Изоҳ (0)