Яман ҳусийлари учирган баллистик ракета 4 май куни эрталаб Исроилнинг Бен-Гурион аэропорти ҳудудига келиб тушди. Бу ҳақда The Times of Israel хабар берди.

Маълум қилинишича, ракетани “Темир гумбаз” ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ушлаб қола олмаган. Халқаро аэропорт рейсларни қабул қилиш ва жўнатишни вақтинча тўхтатган. Исроил мудофаа армияси ракета Яман ҳудудидан ҳусийлар (“Ансор Аллоҳ” ҳаракати) томонидан учирилганини маълум қилган.
“Темир гумбаз” тизимидан фойдаланаётган Исроил ҳарбийлари ракетани қўлга киритишга бир неча бор уринган, аммо муваффақиятсизликка учраган. Ҳозирда Бен Гурион халқаро аэропорти вақтинча ёпилган.
Бен-Гурион аэропорти ҳудудидаги зарба бўйича тергов олиб борилмоқда. Стандарт тартиб-қоидаларга мувофиқ, барча рейслар тўхтатилди — парвозлар ва қўнишлар вақтинча амалга оширилмайди, дейилади Исроил аэропортлари бошқармаси баёнотида.
Ҳужум оқибатида саккиз киши енгил ва ўртача оғирликдаги тан жароҳати олган, уларнинг баъзилари бошпанага етиб боришга уринганида жароҳатланган. Воқеа жойи ўраб олинган, ҳудудда ўқ-дори қолдиқлари бор-йўқлиги текширилмоқда.
Яҳудий давлати мудофаа вазири Исроил Кацнинг айтишича, ракета ҳужуми учун етти баравар кўпроқ жавоб қайтарилади.
Ким бизга зарар етказса, бунинг учун етти баробар товон тўлайди, дея унинг сўзларини келтиради Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати.
Ҳусийларнинг юқори мартабали вакили Муҳаммад ал-Бухайтий аэропортга берилган зарбани Яман ҳаракатининг Исроил ҳудудидаги “ҳимояланган объектларга зарба бериш қобилиятининг исботи” деб атади.
Ҳусийларнинг ҳужуми Исроилнинг Ғазо секторидаги жанговар ҳаракатларни кенгайтириш режалари билан боғлиқ. 12 апрель куни Исроил мудофаа вазири тинч аҳолини бўлажак ҳарбий амалиётлар ҳудудларидан эвакуация қилишга чақирди. Бош вазир Биньямин Нетаньяху октябргача жанговар ҳаракатларни якунлашни режалаштираётганини айтганди.
Изоҳ (0)