Кўпчилик машҳур инсонларнинг ҳаётини ҳашамат, муваффақият ва байрамларга тўла, дея тасаввур қилади. Аммо саҳна ортида қандай синовлар яширинганини камдан кам инсонлар билади. Сўнгги йилларда тобора кўпроқ санъаткорлар машҳурлик сари йўлнинг оғир томонлари ҳақида очиқчасига айтиб бермоқда. Чунки молиявий босим, доимий хавотир, шахсий ҳаёт ва ҳатто бахтдан воз кечиш каби ҳолатлар томошабин кўзига кўринмайдиган дардлардир. Қуйида таниқли актёр ва актрисалар муваффақият сари йўлларида бошдан кечирган воқеалари билан бўлишди.
Педро Паскал

Бугун Педро Паскал Голливуднинг энг таниқли актёрларидан бири. Уни “Тахтлар ўйини”, “Мандалорлик” каби лойиҳалардаги роллари учун севишади. Аммо эътирофга эришиш йўли узоқ ва оғир бўлган.
“Менинг муваффақиятим 15 йил давом этган кураш натижасидир”, дейди актёр.
Бир пайтлар унинг ҳисобида атиги етти доллар қолган. Уни ўша даврда “Баффи — вампирлар овчиси” сериалидаги кичик ролдан тушган гонорар қутқариб қолган. Бу унга касбни тарк этмаслик ва давом эттириш учун берилган имконият бўлган. “Айнан шу пул туфайли актёрликдан воз кечмадим”, дейди Паскал.
Марго Робби

“Уолл стрит бўриси”, “Ўз жонига қасд қилувчилар отряди” ва “Барби” фильмларидан кейин Марго Робби бутун дунёга танилди. Аммо машҳурлик билан бирга у кутилмаган воқеларга ҳам дуч келди. Хусусан, актриса ўзининг хавфсизлиги ҳақида доимий қайғуришга мажбур бўлган.
“Менга ўлим билан таҳдид қилишган. Бу қуруқ сўзлар бўлмаган. Вазият шунчалик жиддий тус олган эдики, мен хавфсизлик гуруҳини ёллашга ҳамда таҳдид қилган ҳар бир одамнинг ўтмишини текширишга мажбур бўлганман. Бундай экспертизанинг ҳар бири тахминан икки минг долларга тушган”, дея эслайди у.
Крис Эванс

Крис Эванс Капитан Америка ролидан аввал узоқ йиллар давомида ички курашлар, шубҳалар билан яшаган. У Marvel оламига қўшилиш қарорини узоқ вақт қабул қила олмаган.
“Кунларнинг бирида мендаги хавотир ҳисси жиддий тус олганини сездим. Натижада ўзимдан узоқлашаётганимни, кино саноатида соғлом муҳит камайганини тушундим. Бир томондан, кино орқали оила аъзоларимни бутун умр молиявий таъминлаш имконим бор эди. Иккинчи томондан эса, ўзим қизиқмаган касб мени бахтсиз қилиши мумкинлигини ҳам тушунардим”, дейди актёр.
У Голливудда фақат вақт ёки қизиқишларнигина эмас, балки ўзликни ҳам қурбон қилишга тўғри келишини яширмайди.
Деми Ловато

Деми Ловато актрисалик фаолиятини болалигида “Барни ва дўстлари” лойиҳаси билан бошлаган ва кейинроқ “Camp Rock: Мусиқали таътил” мюзикли билан Дисней юлдузига айланган. Барчага гўё орзулари рўёбга чиққан қиздек туюлган бу йўл аслида оғир кечган:
“Студия билан шартнома тузишдан аввал тишларим орасида кичик тирқиш бор эди. Улар буни тузатишни тавсия қилишганда рози бўлдим. Аммо ҳозир бу ишимдан афсусдаман, чунки бу менинг ўзимга хос табиий жиҳатим эди”, дейди у.
Ребел Уилсон

Ребел Уилсон “Вегасдаги қизлар базми” фильми орқали машҳурликка эришган. Аммо лойиҳа унга катта даромад олиб келмаган. Аксинча, актёр бу рол учун ўз маблағини сарфлашига тўғри келган.
“Мазкур фильм Америкадаги биринчи ишим эди. Рол айнан менга насиб қилиши катта омадим эди, лекин гонорар жуда кам — уч ярим минг доллар бўлган. Бу пуллар актёрлар уюшмасига аъзолик учун сарфланган”, дейди у.
Изоҳ (0)