Ижтимоий тармоқларда Шаҳрисабз туманидаги 33-мактаб ўқувчиси калтаклангани айтилган хабарлар тарқалди. Ҳолат юзасидан Қашқадарё вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ахборот хизмати изоҳ берди.
Аниқланишича, 9 октябрь куни Шаҳрисабз туман 33-умумий ўрта таълим мактабида соат 10:30 ларда мактабнинг инглиз тили фани ўқитувчиси У.С.(аёл киши) 5-“б” синф ўқувчиси М.П.га мактабдаги “бошқа ўқувчиларга ҳурматсизлик қилма” деб таъкидлагандан кейин ўқувчи ўқитувчини ҳақоратламоқчи бўлган.
Мактаб маъмуриятига кўра, ўқитувчи У.С. ўқувчини маънавият хонасига олиб боришга уринганда қўли бехосдан ўқувчининг бурнига тегиб кетган. Оқибатда бурун соҳасидан қон келган. Шундан сўнг ўқувчи М.П. онасини мазкур таълим ташкилотига олиб келган ва ўқитувчи У.С. ҳамда М.П.нинг онаси ўртасида жанжал содир бўлган.
Ҳолат юзасидан мактаб директори томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилинган. Ҳозирда ўқитувчининг мурожаати Шаҳрисабз туман ИИБ масъуллари иштирокида атрофлича ўрганилмоқда.
Бундан ташқари, Қашқадарё вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқарма бошлиғи топшириғига кўра масъул ходимлар ўқувчи ҳолидан хабар олган.
Болалар омбудсмани мазкур ҳолатни ўрганаётганини маълум қилди.
Олиб борилган терговга қадар текширув давомида аниқланишича, инглиз тили ўқитувчиси боланинг юзига урган. Вояга етмаган М.П. тиббий кўрикдан ўтказилиб, унда қулоқ, бурун ва юз соҳасида жароҳат аниқланган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)