Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Муяссар Бердиқулова бу йил 54 ёшни қаршилади. Ҳамиша ёш ва гўзал бўлишга интиладиган актриса бугунги кунгача кўплаб қийин кунларни бошдан кечирган. Аммо дардини достон қилишни истамайди ва ҳаммасини табассуми ортига яшириши ҳақида гапиради.
Муяссар Бердиқулова мактабда яхши баҳоларга ўқимагани учун институтга ўқишга киргани ҳақида устозлари эшитиб ҳайрон бўлишгани ҳақида гапирди.
— Болалигимда жуда ҳам шўх қизча бўлганман. Наманган вилояти Норин туманининг Халқобод деган кичкина шаҳарчасида туғилганман. Ўша ерда катта бўлганман, болалигим ўтган. Мактабда ўқиб юрган кезларим ҳам устозимиз Мақсудахон ая “Ерга урса кўкка сапчийдиган Бердиқулова қайси бирингиз”, деб сўраган. Эсимда: мен деб турганман, озғин бўлганман, ҳақиқатан ҳам шунақа эдим.
Мактабда аълочи бўлмаганман, ўғил болалар оладиган баҳода ўқиганман. Феъл-атворим ҳам шунақа бўлган, битта умумий дафтар тутганман. Дафтарни у томонига бошқа фанни, нариги томонига бошқа фанни ёзардим. Алгебра, математикадан кирган ўқитувчимиз: “Бердиқулова, сен ҳеч қачон ўқишга кира олмайсан, иккичисан, шундай қолиб кетасан”, дер эди. Мактабни битириб ўқишга киргандан кейин олдига бориб, “Устоз, мен ўқишга кирдим”, десам ҳайрон бўлган. Кейин “Кўрдингми, мен сенга бекорга танбеҳ бермас эдим, чунки шу танбеҳларим билан сен ўзингга мақсад қилгансан, мен бари бир ўқишга кираман, кўрасиз, дегансан ичингда”, деган, — дейди актриса Муяссар Бердиқулова.
Актриса дадасидан қолган бир сандиқ “бойлик” ҳақида ҳам айтиб ўтди.
— Дадам жуда санъатга қизиққан инсон бўлган, онам ҳам қўшиқ хиргойи қилиб иш қилиб юрар эди. Кўп китоб ўқир эди, томни тепасида сандиқ бўларди. Сандиқ ичи тўла китоб бўлган, Ги Де Мопассангача ўқир эди. Ҳамма китоблар бор эди, шу даражада китобни яхши кўрарди, лекин ўзлари санъатга яқин одам бўлмаган. Дадам ревизор бўлиб, онам туғуруқхонада ишлаган. Онам ҳам, отам ҳам оддий инсон бўлган. Мен ҳеч қачон онамнинг қаттиқ уришганларини ёки қарғаганларини эслай олмайман. Исмлари Дилбархон бўлган, исмларига мос инсон бўлганлар. Бирорта инсонни ғийбат қилганларини эслай олмайман, Халқобод шаҳарчасидаги инсонлар ҳам онамни жуда тоза, покиза бўлганини эслаб гапиради. Онамдан ўтган, ўзим ҳам озодаликка жуда инжиқман, — дейди актриса.
Актриса болаликда ўғил болаларга хос феъл-атвор эгаси бўлгани, у сабаб ўғил бола дўсти жиддий жароҳат олгани ҳақида ҳам сўзлаб берди.
— Ўнинчи синфда институтга тайёрланишни бошлагандим. Дадам раҳматли велосипед олиб берган, унга ўтириб бир неча чақирим йўл босиб устозимнинг олдига борардим. Кўйлак кийишни ёмон кўрадиган, ўғил болача характердаги қиз бўлганман. Оғир ишларни ҳам қилаверганим учун озғин бўлсам ҳам дадам раҳматли Алпомиш қизим деб эркаларди.
Дадам ишга кетишидан олдин оғир ишларни буюриб кетарди. Ерни чопинг, сабзини ўтанг дейишса ҳеч қачон йўқ демасдим. Ҳовлимиз 24 сотих эди, йил бўйи сабзавотлар пишиб турарди. Уларни парваришлашга дадам иккимиз масъул эдик. Гувала ясаб, омборхона қурганимиз ҳам эсимда. Бир куни дадам ишга кетишидан олдин узумларни хомток қилишни таъйинлаб кетди. Бўйи паст қўшнимиз бор эди. Омонулло билан дўст эдик. Энди иш бошлайман деб турганимда “Юр, ўйнаймиз”, деб чақирди. Ишим кўп десам “Қарашвораман, кейин бирга ўйнаймиз”, деди. Хуллас, у узум сўрисининг энг баланд нуқтасига чиққанида йиқилиб, жиддий шикаст олганди. Ўзим чиқиб, хомтокни қилиб қўйгандим, — дейди актриса.
Муяссар Бердиқулова ота-онасига ҳеч қачон ҳаётидаги муаммолар ҳақида гапирмагани ва бу ҳақида дўстлари билан ҳам гаплашишни истамаслигини гапирди.
— Ҳеч қачон ота-онамдан пул олиб ўқимаганман. Институтда ҳам ўзим ўқиб, ўзим ҳаракат қилганман. Ота-онамга умуман оғирлигимни туширмаганман. Шахсий ҳаётимда ҳам қанақадир муаммолар бўлса билдирмаганман. Менинг кўп оилавий сирларимни раҳматли дадам билмай кетган. Уларга айтмаганман, мен шунақа аёлман. Бизни шунчалик қийналиб катта қилди, уларга муаммоларимни айтиб баттар қийнашни хоҳламайман. Шахсий ҳаётимдан ҳеч қачон ота-онамга шикоят қилмаганман. Уйимда ейишга ҳеч нарса қолмаганида ҳам айтмаганман, биз турмуш ўртоғим билан Миллий театр орқасидаги ётоқхонада яшаганмиз. У пайтлари сўм купонлар бўлар эди. Қийин пайтлари ҳам мен турмуш ўртоғим билан қийналяпман, демаганман, — дейди.
Актриса ҳамкасбларидан бири унга ишончсизлик билдиргани ва айтган гапи кўнглига оғир ботгани ҳақида сўзлаб берди.
— Бу ҳақида гапириш керакмикан-йўқми билмадим. Аммо Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист унвонини олиш учун узоқ йил ишлаганман. Саҳнага чиқиб, 3-4 йилда бу мукофотга эришмаганман. Мукофот топширилганда жуда кўп ҳамкасбларим табриклашди, улардан бири ёнимга келиб қулоғимга “Табриклайман, жим юрса ҳам берар экан-а?”, деган. Бу гап кўнглимга жуда оғир ботган. Аммо жавоб қайтариб, кўнглини оғритишни истамаганман. Ҳамкасбимнинг менга бўлган ишончсизлиги сабабини тушунмаганман. Чунки у қанчалик қийинчилик билан меҳнат қилганимни кўрган инсон эди, — дейди Муяссар Бердиқулова.
Актриса оиласи билан боғлиқ саволларга жавоб беришни истамаса-да, аммо негадир ҳар бир интервьюсида турмуш ўртоғига миннатдорлик билдиради.
— Менга шароит яратиб берган инсон биринчи ўринда ота-онам, улардан кейин қўллаб-қувватлаган инсон турмуш ўртоғим бўлади. Мен у инсонга ўз миннатдорчилигимни билдираман. Турмуш ўртоғим менга жуда кўп яхшилик қилган, улардан бир умр розиман. Унақа инсон дунёда йўқ, мен ҳеч қачон улардан ёмонлик кўрмаганман. Шунинг учун ҳам меҳнат қилиб, турмуш ўртоғимнинг ёрдами, устозларимнинг ўгитлари билан шу даражага етиб келдим.
Актриса бўйининг пастлиги сабаб, ортиқча вазн тўплагани яққол сезилгани учун ошқозонини операция қилдиришга мажбур бўлгани ҳақида гапирди.
— Мен операцияни ҳам гўзаллик, ҳам соғлиқ учун қилдирдим. Бўйим паст бўлгани учун оғир вазн тўпладим. Синглим, дугонам Шаҳноза Отабоева орқали мен ҳам операция қилдирдим. Мухлисларимга ёқяпман, шукр. Вазним жуда оғирлашиб кетган вақтда тобим ҳам бўлмади, юрагим оғриди, оёққа оғирлик тушаркан. Ҳамма нарса қилиб кўрдим, натижа бермади. Шунинг учун операция қилдиришга мажбур бўлдим. Аҳволим яхши.
Бир йил ичида актрисанинг ташқи кўриниши бутунлай ўзгарди. Аммо ундаги ўзгариш баъзи кузатувчиларига ёққани йўқ. Уни ёшига яраша иш қилмасликда айблашди.
— Ёшига яраша иш қилса бўлмайдими, деганлар ҳам бўлди. Ёшимга ҳеч нарса қилмаган, яшаяпман. Нима қилибди ёшимга? Ҳар хил инсонлар бор экан. Мен шунақа инсонман, танқид қилишадими, салбий фикр билдиришадими, ҳаммасини эшитишим мумкин, лекин буларни ортга ташлайман. У уни қилибди, бу буни қилибди деб уришиб, ёзишиб юрмайман. Мен ўз йўлимда кетавераман, улар орқада қолаверади.
Инсоннинг қалби тоза бўлиши керак, 40 ёшдан ўтгандан кейин ҳақиқий гўзаллик юзага чиқар экан. У гўзаллик ички гўзаллик бўлади. Ичингиз гўзал бўлса, бировнинг муваффақиятини кўриб қабул қила олсангиз, ички гўзаллик ташқи томонда ҳам намоён бўлади. Шу нарсага амин бўлдим, 40 ёшдан кейин инсоннинг гўзаллашиб кетгани бекорга эмас.
Ҳар қандай инсонга айта оламан, юзимни операция қилдирганим йўқ, Аллоҳ берган ҳусним, истеъдодим бордирки, инсонларга чиройли бўлиб кўринаман. Балки чиройли эмасдирман, — дейди Муяссар Бердиқулова.
Актриса ҳасад қилгувчи инсонлар ҳақида қуйидаларни гапирди.
— Шунинг учун ўйлайманки, қалб тоза бўлиши керак. Қалб гўзал бўлса, бу ташқи кўринишга ҳам таъсир қилади. Бахил бўлиб бировнинг ютуғини кўра олмай, кечалари ухламаган инсон ўзини ейди ва тобора хунуклашиб боради. Мен бахиллик қиладиган, кўра олмайдиган, олдимда бошқа гапни айтиб, ортимдан гапирадиган инсонларга эътибор қилмайман. Майли, ҳаммасига инсоф берсин, нима яхши нияти бўлса эришсин, бахтли бўлиб, бойиб кетишсин, биз билан иши бўлмасин”, — дейди актриса.
Актриса интервьюларининг бирида хиёнатга учраган аёлларга ўз тавсияларини ҳам бериб ўтган.
— Эр-хотин муносабатида агар аёл ақл билан иш тутса, оила тинч бўлади. Эркак киши билиб-билмай хатога йўл қўйиши мумкин. Ҳатто, шундай ҳолатда ҳам аёл умр йўлдошига бўлган меҳрни сўндирмаслиги керак. Тўғри, баъзан шу хатолари сизга оғир ботиши, алам қилиши мумкин. Лекин ўзингиз ўйлаб кўринг, ўйламай босилган бир қадам, бир оилани бузилиб кетишига арзимайди. Шунинг учун ҳам хиёнатни кечирган аёлларни ақлли деб ҳисоблайман. Улар гўзал сабр билан муқаддас қўрғонни асраб қолиб, фарзандларига ўрнак бўлишади, — дейди актриса Муяссар Бердиқулова.
Актриса айни кунларда нималар ҳақида кўп ўйлаши ҳақида ҳам айтиб ўтди.
— Дадам жуда эрта 56 ёшида вафот этди. Онам-ку 70 йил умр кўрди, аммо барибир улар вафот этган пайтда энди қўлимиз пул кўришни бошлаганди. Ота-онамни ҳамиша қувонтиришни истардик, аммо у пайтда ҳаммамиз оила, рўзғор ташвишлари билан банд эдик. Синглим ҳам бундан кўп афсус қилишини ва агар ота-онамиз ҳаёт бўлганида Умра ва Ҳаж сафарларига юбориш нияти борлиги ҳақида гапиради. Ҳозир шу ҳақида кўп ўйлаяпман. Афсуски бунинг иложи йўқ.
Кейин кинода суратга тушишни ҳам жуда соғиндим. Ҳар куни сериал сёмкасидаман, аммо у профессионал кинонинг ўрнини тўлдирмайди, — дейди актриса.
Изоҳ (0)