Самарқанддаги Бибихоним масжиди реставрация қилинади.
Саида Мирзиёева Шайха Ал Майасса бинт Ҳамад бин Халифа Ол Соний билан учрашиб, реставрация қилиш лойиҳасини муҳокама қилди.
Учрашув якунида Ўзбекистон маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ҳамда “Оға Хон Траст” маданият жамғармаси ва Қатар тараққиёт жамғармаси билан икки томонлама ҳамкорлик шартномалари имзоланди.
“Ўзаро муносабатлар Ўзбекистоннинг маданий мерос объектларини реставрация қилиш соҳасида ҳамкорликда иш олиб боришга қаратилган бўлиб, бу мамлакатимиз учун ҳам, бутун дунё учун ҳам катта аҳамиятга эга”, деб ёзди Саида Мирзиёева.
Сўнгги вақтларда икки давлат ўртасида турли соҳаларда ҳамкорлик ривожланмоқда. 2023 йилнинг октябрида Шавкат Мирзиёев Қатарга ташриф буюриб шайх Тамим бин Ҳамад ал-Таний билан музокаралар ўтказган, унинг якуни бўйича қатор ҳужжатлар, хусусан, туризм ва ишбилармонлик тадбирлари соҳасида битим имзоланганди. Ўзбекистон ва Қатар етакчилари икки томонлама шерикликни сифат жиҳатидан янги даражага олиб чиқишга келишган. Ўша йилнинг декабрь ойида эса Қатар амири шайх Тамим ибн Ҳамад ал Соний амалий ташриф билан Тошкентга келган эди.
2024 йилнинг июлида Ўзбекистон ва Қатар ҳукуматлари ўртасида туризм ва ишбилармонлик тадбирлари соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим тасдиқланди.
Изоҳ (0)