Саида Мирзиёева 27 сентябрь куни БАА бош вазири ўринбосари, мудофаа вазири, Дубай амирлиги валиаҳди шайх Ҳамдан бин Муҳаммад бин Рашид ал Мактум билан учрашув ўтказди.
“Ишонаманки, юқори даражадаги форум доирасида ўтказилган бу учрашув Ўзбекистон билан БАА ўртасидаги яқин ва дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади”, деб ёзди президент ёрдамчиси.
Мулоқот давомида турли соҳалардаги икки томонлама ҳамкорлик масалаларининг кенг доираси, шунингдек, устувор йўналишларда қўшма дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинган.
Тошкентда 27 сентябрь куни Ўзбекистон ва БАА ҳукуматлараро тажрима алмашинув давраси бошланди. Унда ҳар икки давлат ҳукуматлари вакиллари, давлат органлари раҳбарлари, масъуллари, ICBA, Fly Dubai, Абу-Даби тараққиёт фонди каби ташкилотлар раҳбарияти ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этмоқда.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон билан БАА ўртасидаги кўп қиррали муносабатлар ривожланиб бормоқда. Ушбу тадбир ҳам давлат бошқаруви, иқтисодиёт, ижтимоий соҳанинг устувор йўналишлари бўйича икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш, янги лойиҳа ва ташаббусларни амалга ошириш бўйича келишувларга эришиш мақсадида ташкил этилди.
Изоҳ (0)