“Халқаро шартномани тасдиқлаш тўғрисида”ги президент қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Telegram’даги “Ҳуқуқий ахборот” канали хабар берди.
Қарорга кўра, Ўзбекистон ва Қатар ҳукуматлари ўртасида туризм ва ишбилармонлик тадбирлари соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим тасдиқланди.
Битим 2023 йил 2 октябрда Доха шаҳрида имзоланган.
Туризм қўмитаси ушбу халқаро шартномани амалга ошириш учун масъул бўлган ваколатли орган этиб белгиланди.
Вазирлар Маҳкамаси ҳамда тегишли вазирликлар ва идораларнинг раҳбарлари ушбу халқаро шартнома кучга кирганидан кейин унинг қоидалари бажарилиши устидан белгиланган тартибда назоратни таъминлайди.
Ўзбекистон—Қатар муносабатлари
Сўнгги вақтларда икки давлат ўртасида турли соҳаларда ҳамкорлик ривожланмоқда. 2023 йилнинг октябрида Шавкат Мирзиёев Қатарга ташриф буюриб шайх Тамим бин Ҳамад ал-Таний билан музокаралар ўтказган, унинг якуни бўйича қатор ҳужжатлар, хусусан, туризм ва ишбилармонлик тадбирлари соҳасида битим имзоланганди. Ўзбекистон ва Қатар етакчилари икки томонлама шерикликни сифат жиҳатидан янги даражага олиб чиқишга келишган. Шу йилнинг декабрь ойида эса Қатар амири шайх Тамим ибн Ҳамад ал Соний амалий ташриф билан Тошкентга келган эди.
Изоҳ (0)