Иқтисодиёт ва молия вазирлиги “2025 йил учун Ўзбекистон Республикасининг давлат бюджети тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ва Бюджетнома ишлаб чиқилганини эълон қилди.
Қонун лойиҳаси Бюджет кодексининг 29-моддасига мувофиқ ишлаб чиқилган бўлиб, унда 2025 йил учун Ўзбекистон консолидациялашган бюджетининг, шу жумладан, давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармалари ва бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармалари ҳамда Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг даромадлари ва харажатлари прогнози ҳамда 2026—2027 йиллар учун мўлжаллари белгиланган.
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг даромадлари ва харажатлари прогнозлари ҳам келтирилган.
2025 йилда ялпи ички маҳсулотнинг 6 фоиз ўсиши прогноз қилинган. Ялпи ички маҳсулотнинг кўзланган ўсиш суръатлари саноатда ишлаб чиқаришни 6,1 фоиз, қишлоқ хўжалигида 4,1 фоизга, бозор хизматлари 14,5 фоизга ўсиши ҳисобига таъминланиши прогноз қилинмоқда.
Ўрта муддатда солиқ-бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари белгиланган бўлиб, жумладан қуйидагилар назарда тутилган:
- ўрта муддатда асосий солиқ ставкаларини ўзгартирмасдан сақлаб қолиш;
- бюджет даромадлари базасини кенгайтириш, берилган солиқ, божхона имтиёзларини самараси ва берган натижасига қараб қайта кўриб чиқиш ва босқичма-босқич бекор қилиш;
- солиқ ва бюджет сиёсатини босқичма-босқич Жаҳон савдо ташкилотининг талабларига уйғунлаштириш;
- давлат қарзининг ялпи ички маҳсулотга нисбатан 60 фоизлик макроиқтисодий хавфсиз даражадан ошиб кетмаслиги учун барча чораларни кўриш, бунда ўрта муддатда ЯИМга нисбатан 50 фоиздан оширмаслик;
- иш ҳақи ва пенсия миқдорларини инфляциядан кам бўлмаган миқдорда ошириб бориш.
Ушбу мақсад ва йўналишлардан келиб чиқиб, 2025 йил учун давлат бюджети даромадлари 308,5 трлн сўм, харажатлари эса 344,6 трлн сўм миқдорида белгиланмоқда.
Ўтган йиллардаги каби, маҳаллий бюджетларнинг даромад манбалари белгилаб берилмоқда. Жумладан, йирик солиқ тўловчи юридик шахслардан олинадиган мол-мулк ва ер солиқлари, бензинни, дизель ёқилғисини ва газни якуний истеъмолчиларга реализация қилишдаги акциз солиғи ҳамда шу каби бошқа турдаги солиқлар Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджетига, вилоятларнинг вилоят бюджетларига ва Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджетига тўлиқ ҳажмда ўтказилмоқда.
2025 йилда Ўзбекистон давлат бюджети харажатларини амалга оширишнинг ўзига хос хусусиятлари белгиланмоқда. Жумладан, кам таъминланган оилаларга болалар нафақалари ва моддий ёрдамлар тўлаш, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг тизим ташкилотларини (болалар ва меҳрибонлик уйлари, вояга етмаганлар билан ишлаш секторлари ҳамда оилавий болалар уйлари), сув хўжалиги ташкилотларини сақлаш харажатлари республика бюджетидан молиялаштириш тартиби ўзгаришсиз қолдирилмоқда.
Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг мактабгача таълим ва умумтаълим ташкилотлари ҳамда ихтисослаштирилган мактабларини қурилиш-таъмирлаш ва жиҳозлашга доир харажатлари республика бюджетидан молиялаштирилиши белгиланмоқда.
Қонун лойиҳаси ҳамда Бюджетноманинг тўлиқ матни билан қуйидаги ҳавола орқали танишиш мумкин.
- Ўзбекистонда 2024 йил 1 сентябрдан пенсия ва нафақалар миқдори 15 фоизга оширилганди. Хусусан, пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори ойига 428 минг сўм, ёшга доир энг кам пенсия миқдори ойига 834 минг сўм этиб белгиланди. Ҳозирда 2 миллион 200 минг нафар фуқаро ёшга доир энг кам пенсия миқдоридан юқори миқдорда пенсия олади.
- 1 октябрдан энг кам иш ҳақи миқдори — ойига 1 155 000 сўм, БҲМ — 375 000 сўм этиб белгиланди. Бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи миқдори, тиббиёт ва педагог ходимлардан ташқари, 10 фоизга оширилди.
Изоҳ (0)