Хитойнинг Sino Road and Bridge Corporation корпорацияси Ўзбекистонда транспорт инфратузилма лойиҳаларида иштирок этишга қизиқиш билдирмоқда. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, 2 апрель куни транспорт вазири ўринбосари Жасурбек Чориев ушбу корпорациянинг хорижий бўлими ижрочи бош директори Джимми Чанг бошчилигидаги делегация вакиллари билан учрашди. Томонлар транспорт соҳасидаги инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда Хитой компаниясининг иштирок этиш имкониятлари юзасидан фикр алмашди.
Жумладан, Джимми Чанг Sino Road and Bridge Corporation корпорацияси темирйўл, авиация ва йўл хўжалиги инфратузилмаларини ривожлантириш лойиҳаларида иштирок этишдан манфаатдорлигини билдирган.
-KqvjelFx.avif)
Жасурбек Чориев Sino Road and Bridge Corporation корпорациясига Тошкент, Самарқанд ва Қўқон шаҳарларида жойлашган темир йўл вокзалларини давлат-хусусий шериклик асосида модернизация қилиш ва бошқариш лойиҳаси ҳамда транспорт соҳасидаги бошқа истиқболли лойиҳаларда иштирок этишни таклиф қилди.
Учрашув якунида транспорт вазири ўринбосари муҳокама этилган лойиҳалар юзасидан Sino Road and Bridge Corporation корпорациясига ҳар икки томон учун манфаатли бўлган аниқ таклифларни ишлаб чиқиш зарурлигини айтди.
Шавкат Мирзиёев 1 апрель куни Хитой Коммунистик партияси Марказий қўмитаси Халқаро алоқалар бўлими мудири Лю Сзянчао бошчилигидаги делегацияни қабул қилганди. Учрашувда олий даражада эришилган келишувларга мувофиқ Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик ва амалий шерикликни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Хитойлик инвесторлар режалаштирган лойиҳалар
2024 йилнинг июнида Хитой компанияси Фарғонада йирик автомобилсозлик мажмуасини барпо этиши хабар берилган эди. China Xiaou Group раҳбари билан ўтказилган музокараларда ушбу лойиҳанинг дастлабки босқичида 50 миллион доллар инвестиция ҳисобига йиғиш, бўяш, созлаш линияларини йўлга қўйиб, йилига 60 мингта газ, электр ва гибрид моторли автомобиллар ҳамда махсус транспорт воситалари ишлаб чиқарилиши белгиланганди.
Иккинчи босқичда 350 миллион доллар ва учинчи босқичда 1,1 миллиард доллар инвестиция йўналтирилиб, бутловчи қисмларнинг кўпи маҳаллийлаштирилиши ҳамда ишлаб чиқарилаётган автомобилларнинг сони 110 мингтага етказилиши кўзда тутилган. Лойиҳа 5 йил давомида тўла якунланиши режалаштирилган.
Хитойнинг машинасозлик соҳасида илғор компанияларидан бири бўлган Zhejiang Yizhou Machinery Technology компанияси вилоят ҳудудида қурилиш саноати учун ускуналар ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда.
Baishan Zhongtian Development компанияси томонидан Фарғона шаҳрида беш юлдузли меҳмонхона ва савдо маркази мажмуасини барпо этиш кўзда тутилган.
Бундан ташқари, China CAMC Engineering компанияси Ўзбекистонда биринчи чиқиндиларни ёқиш заводини қурмоқчи. Хитойнинг JC Finance Interconnect Holdings компанияси эса таълим ва касбга тайёрлаш ўқув марказини очмоқчи.
Хитойлик инвесторлар Фарғона вилоятининг Қувасой саноат зонасида 2025 йилнинг якунига қадар “Тулпор” савдо белгиси остида тракторлар ишлаб чиқаришни ҳам йўлга қўймоқчи.
Изоҳ (0)