Хитой компанияси вакиллари Андижонда қалампирни қайта ишлаш лойиҳасини йўлга қўйиши мумкин. Бу ҳақда Андижон вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов Хитойдаги Xinjiang Тian jiaо Hong аn Agricultural Cо Ltd. компаниясининг Zhang Xing Gui бошчилигидаги вакиллари билан учрашган. Хитойлик ишбилармонлар билан Андижонда қалампирни қайта ишлаш лойиҳасини ташкил этиш бўйича муҳокамалар бўлиб ўтган. Лойиҳанинг умумий қиймати 10 миллион долларни ташкил этади.
Мазкур лойиҳани амалга оширишда маҳаллий фермерлар билан 2 минг гектар ер майдонида қалампир етиштириш учун тўғридан тўғри шартномалар имзоланиши илгари сурилган.
Хитойликлар Андижон фермерлари томонидан етиштирилган қалампирларни 1,1 доллар нархда сотиб олишга тайёр. Лойиҳани ишга туширилиши йилига қарийб 30 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиш имконини яратади.
“Ҳамкорлик юзасидан дастлабки босқичдаги келишув ҳаракатлари бошланди”, — дейилади хабарда.
Бундан олдин Хитой компанияси Андижонда қуёш фотоэлектр станциясини, Жанубий Корея эса Ўзбекистонда полигонлардан чиқаётган газларни ушлаб қолувчи объект қуриши тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)