Италия жанубида Ўрта Ер денгизини кесиб ўтмоқчи бўлган ноқонуний муҳожирларни олиб кетаётган қайиқлардан бири ағдарилиб кетиши оқибатида камида 50 киши ҳалок бўлди, бошқа қайиқда эса 10 нафар ноқонуний муҳожирнинг жасади топилди. Бу ҳақда Anadolu хабар берди.
Италиянинг Rainews 24 телеканали ноқонуний муҳожирларни олиб кетаётган қайиқнинг мамлакат жанубидаги Калабрия минтақасидан 100 мил узоқликда ағдарилиб кетганини маълум қилган. Ушбу маълумотларга кўра, воқеа жойига яқин ерда жойлашган юк кемаси экипажи ёрдамга келган ва 12 кишини қутқариб, Италия қирғоқ қўриқлаш хизмати гуруҳларига топширган. Кема бортида яна камида 50 киши бедарак йўқолган.
Бахтсиз ҳодиса юз берган ҳудудда бедарак йўқолганларни топиш учун қидирув-қутқарув ишлари бошланди.
Ўрта Ер денгизининг марказий қисмида ноқонуний миграция йўлида жойлашган Лампедуза ороли яқинидаги кемада 10 нафар ноқонуний муҳожирнинг жасади топилган. Кемада 61 киши бўлган, улардан 51 нафари қутқарилган, 10 нафарининг жасади қайиқдан чиқариб олинган.
Улар сафар пайтидаги чиқинди газлардан заҳарланиб, ўлган бўлишлари мумкин.
Аввалроқ Туркиянинг Измир шаҳри қирғоқлари яқинида 37 нафар ноқонуний муҳожир қутқариб қолингани, Тунис соҳилидан Италияга жўнаб кетган 23 нафар ноқонуний муҳожир Ўрта Ер денгизида бедарак йўқолгани, Туркия денгиз зонаси назоратчилари Эгей денгизида 125 нафар муҳожирни қутқарилгани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)