Халқаро Гаага суди Жанубий Африка Республикасининг (ЖАР) Исроилни геноцидда айблаган даъвоси бўйича тингловларни бошлади. Бу ҳақда “РИА Новости” хабар берди.
Гаагадаги тингловлар 11-12 январь кунлари бўлиб ўтади. 20 дан ортиқ кишидан иборат Жанубий Африка Республикаси делегациясига ЖАР Адлия ва ахлоқ тузатиш хизматлари вазири Роналд Ламола бошчилик қилмоқда. Суд мажлисларида 15 нафар судьялар ҳайъати иштирок этади. Йиғилишда Исроилнинг катта делегацияси ҳам қатнашади ва 12 январь куни нутқ сўзлайди. Айблов хулосаси 80 саҳифадан иборат.
ЖАР 29 декабрь куни Ғазо секторидаги вазият юзасидан Халқаро судга геноцид конвенцияси бўйича Исроилга қарши иш қўзғатиб, Исроил расмийларига нисбатан вақтинчалик чоралар кўришга чақирди.
ЖАР Исроилнинг Ғазо секторидаги фаластинликларга қарши ҳаракатларини “Геноцид конвенцияси бўйича мажбуриятларни бузиш” эканини таъкидлади. Биринчи чора сифатида Исроилдан Ғазо секторидаги ҳарбий амалиётини зудлик билан тўхтатиш талаб қилинмоқда.
Исроил расмийлари бу айбловларни рад этиб, давлатнинг ўзини ҳимоя қилишнинг ягона йўли “ҲАМАСни бутунлай йўқ қилиш” эканини таъкидламоқда.
Оммавий ахборот воситалари қуйидаги давлатлар Халқаро судда Исроилга қарши геноцид айбловини қўллаб-қувватлаганини маълум қилди.
1) Миср
2) Жазоир
3) Баҳрайн
4) Бангладеш
5) Бразилия
6) Комор ороллари
7) Жибути
8) Эрон
9) Ироқ
10) Иордания
11) Кувайт
12) Ливан
13) Ливия
14) Малайзия
15) Малдив ороллари
16) Марокаш
17) Мавритания
18) Намибия
19) Никарагуа
20) Уммон
21) Покистон
22) Фаластин
23) Қатар
24) Саудия Арабистони
25) Сомали
26) Судан
27) Сурия
28) Тунис
29) Туркия
30) БАА
31) Венесуэла
32) Яман
Изоҳ (0)