Исроил ҳукумати агар Эрон уранни бойитишни қайта бошласа, унинг ядро объектларига ҳужум қилишни кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Axios нашри хабар берди.

Янги зарбаларни бериш сценарийларидан бири Эроннинг Фордо, Натанз ва Исфаҳондаги ядровий объектлардан юқори бойитилган уранни олиб чиқишга уриниши бўлиши мумкин, деди нашрга хабардор манбалар.
Илгари ушбу объектлар Исроил ва АҚШ томонидан ҳужумга учраган эди. Шунингдек, Исроил қўшинлари Теҳроннинг ядровий дастурини, хусусан, уранни бойитиш объектларини тиклашга уринишлари туфайли ҳужумларни қайта бошлаши мумкин.
АҚШ президенти Дональд Трамп маълум шартлар асосида Эронга зарба беришни қўллаб-қувватлаган бўларди, деди Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяхунинг бош маслаҳатчиси Рон Дермер.
У ўтган ҳафта АҚШ вице-президенти Жей Ди Венс, давлат котиби Марко Рубио ва Трампнинг махсус вакили Стив Уиткофф билан учрашган. Исроил 13 июндан бошлаб Эронга тинимсиз ҳужум қилиб, унинг ядровий объектлари, мудофаа тизимлари, юқори мартабали ҳарбий амалдорлари ва ядрочи олимларини нишонга олди. Ҳужумлар оқибатида камида 627 киши, жумладан, кўплаб тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлди, деб хабар берди Эрон Соғлиқни сақлаш вазирлиги.
АҚШнинг урушдаги иштироки
22 июнь куни АҚШ Исроилнинг ҳаракатларига қўшилиб, учта асосий объектга — Фордо, Натанз ва Исфаҳонга авиазарбалар берди. Ҳужумда бункер бомбалардан ҳам фойдаланилди. Марказий разведка бошқармаси бошлиғи Жон Ретклифф операция Эрон ядровий дастурига жиддий зарар етказганини маълум қилди. Зарбалардан кўп ўтмай АҚШ президенти Дональд Трамп Эрон ва Исроил ўртасида ўт очишни тўхтатиш режими кучга кирганини эълон қилди, буни иккала томон ҳам тасдиқлади.
Изоҳ (0)