Эрон армияси 23 июнь куни АҚШнинг Қатардаги базасига ракеталар учирган эди, ҳужум оқибатида объектга зарар етгани маълум бўлди. Бу ҳақда Iran International хабар берди.

Сунъий йўлдош тасвирларида Ал Удейд авиабазасига зарар етганини кўриш мумкин. Бу эса Қатар ва АҚШнинг ҳеч қандай зарар етказилмагани ҳақидаги даъволарига зид келади. Ҳужум оқибатида базадаги сунъий йўлдош алоқа антеннаси йўқ қилинган. Яқин атрофдаги ангарда ҳам талафот аломатлари кузатилган.
Базага ҳужум АҚШнинг Фордо, Натанз ва Исфаҳондаги ядровий объектларга берган авиазарбаларига жавобан амалга оширилган. Базага 10 та баллистик ракета, шунингдек, Ироқдаги АҚШ базасига эса битта баллистик ракета учирилган. Ҳужум оқибатида ҳарбийлар ҳалок бўлмаган ва жароҳат олмаган.

АҚШ армиясининг иккита Patriot тизими ва Қатар томонидан бошқариладиган яна бир нечта тизимлар базани ҳимоя қилган. Эрон ракеталари аниқлангач, уларга жавоб бериш учун атиги икки дақиқа вақт бор эди. Patriot батареялари учиб келаётган ракеталарни уриб тушириш билан банд бўлганида ракета ўтиб кетган бўлиши мумкин, деди Вашингтон институти мудофаа ва хавфсизлик бўйича таҳлилчи Фарзин Надимий.

Эрон АҚШ базаларига уюштирилган ҳужумлар ҳақида олдиндан хабардор қилган. Хусусан, Қатардаги ҳужумлардан бир неча соат олдин бу ҳақда икки дипломатик канал орқали маълумот етказилган. Шунга мувофиқ, Доҳа учун ҳам зарур чоралар кўрилган.
Исроил 13 июндан бошлаб Эронга тинимсиз ҳужум қилиб, унинг ядровий объектлари, мудофаа тизимлари, юқори мартабали ҳарбий амалдорлари ва ядрочи олимларини нишонга олди. Ҳужумлар оқибатида камида 627 киши, жумладан, кўплаб тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлди.
АҚШнинг урушдаги иштироки
22 июнь куни АҚШ Исроилнинг ҳаракатларига қўшилиб, учта асосий объектга — Фордо, Натанз ва Исфаҳонга авиазарбалар берди. Ҳужумда бункер бомбалардан ҳам фойдаланилди. Марказий разведка бошқармаси бошлиғи Жон Ретклифф операция Эрон ядровий дастурига жиддий зарар етказганини маълум қилди. Зарбалардан кўп ўтмай АҚШ президенти Дональд Трамп Эрон ва Исроил ўртасида ўт очишни тўхтатиш режими кучга кирганини эълон қилди, буни иккала томон ҳам тасдиқлади.
Изоҳ (0)