Колумбияда “Карлос Патино” номли исёнчи гуруҳ 57 нафар ҳарбийни асирга олди ва уларни ўз ихтиёрига қарши ушлаб турибди. Бу ҳақда мамлакат Мудофаа вазирлигига таяниб, Reuters хабар берди.

Расмий маълумотга кўра, асирга олинганлар орасида 4 нафар офицер ва 53 нафар профессионал аскар бор. Вазирлик бу ҳолатни “ҳарбийларнинг асосий ҳуқуқларини жиддий бузиш” ва “Колумбия давлатини ҳақорат қилиш” деб баҳолаган. Ҳодиса жануби-ғарбий Каука департаментининг Архелия муниципалитетида юз берган.
Ҳарбийларни ўғирлашда аввалроқ тарқатиб юборилган “Колумбия инқилобий қуролли кучлари” таркибидаги “Карлос Патино” гуруҳи жангчилари иштирок этган.
Биз мамлакат жануби-ғарбида давлат кучларининг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилиш учун маҳаллий жамоалардан қўрқоқларча фойдаланаётган “Карлос Патино” гуруҳи томонидан аскар ва офицерларимизнинг ўғирланишини қоралаймиз, дейилади вазирлик баёнотида.
Шунингдек, баёнотда одам ўғирлаш, тинч аҳолига босим ўтказиш ва давлат ваколатларига тўсқинлик қилиш жиноят экани эслатиб ўтилган. Айни вақтда Колумбия армияси ушбу ҳудудда жойлаштирилган бўлиб, ҳарбийларнинг хавфсиз қайтишини таъминлаш, тартибни тиклаш ва аҳолининг хавфсизлигини таъминлаш бўйича ишларни давом эттирмоқда.
Изоҳ (0)