Испаниянинг қашшоқлик ва ижтимоий изоляцияга қарши кураш тармоғи (EAPN-ES) томонидан тақдим этилган 15 йиллик “Қашшоқлик ҳолати” ҳисоботининг асосий хулосага кўра, мамлакатда қашшоқлик кўлами камайган бўлса-да, яхшиланиш аҳолининг энг заиф қатламларига таъсир қилмаган.

Таъкидланишича, мазкур ҳисобот яшаш шароитларини ўрганиш натижаларига асосланган. Унга кўра, Испаниянинг ҳар тўртинчи аҳолиси ҳамон қашшоқлик ёки изоляция хавфи остида қолмоқда.
EAPN-ES маълумотларига кўра, Испанияда аҳолининг 32 фоизи “ишлайдиган қашшоқлик” ҳолатида яшайди. Бу эса қашшоқликни бартараф этиш бўйича аниқ чора-тадбирларни амалга оширишни тақозо этади.
Ҳисоботда қайд этилишича, сўнгги бир йил ичида қашшоқлик ва ижтимоий изоляция хавфи аҳолининг 26,5 фоизидан 25,8 фоизигача пасайиб, 12,5 миллион кишига (200 минг кишига кам) таъсир кўрсатган. Бу 2014 йилдан бери энг паст кўрсаткич ҳисобланади.
“Сезиларли” пасайишга қарамай, EAPN-ES 2014 йилдан бери қашшоқлик ва ижтимоий изоляция даражаси аҳолининг 25 фоизидан пастга тушмаганидан огоҳлантирмоқда. Демак, Испаниянинг ҳар тўртинчи фуқароси ҳамон қашшоқлик ёки ижтимоий изоляция хавфи остида қолмоқда.
Ҳисобот муаллифларининг фикрича, Испаниянинг ижтимоий сиёсати энг оғир шароитларда яшовчи одамларни ҳимоя қилишга етарлича қаратилмаган. Бу эса уларнинг аҳволини сурункали қилиб, қашшоқликдан чиқиш имкониятларини чеклайди.
Шунингдек, ҳисоботда Испанияда болалар қашшоқлиги даражаси “ташвишли” экани ва Европа Иттифоқидаги энг юқори кўрсаткич экани таъкидланган.
Изоҳ (0)