«Дарё» ўтиб бораётган ҳафтада дунё матбуотида эълон қилинган ва муҳокама марказида бўлган мақолалар шарҳи билан таништиради.
Янги йил учун иқтисодий тахминлари нималардан иборат?
Ҳар йили Данияда жойлашган Saxo Bank энг ноодатий иқтисодий прогнозларни эълон қилади. 2021 йилда рўй берадиган муҳим воқеалардан бири сифатида Saxo Bank фейк маълумотларига блокчейн ёрдамида барҳам берилиши ва Кипрнинг Amazon компанияси тарафидан сотиб олинишини эълон қилди, деб ёзади Atlantic Council нашри. Saxo Bank прогнозлари эса баъзи ҳолатларда амалга ошиши билан ҳам қизиқ.2019 йилнинг охирларида банк дунё мисли кўрилмаган иқтисодий турғунлик ҳолатига тушиб қолишини, Германияда рецессия ва молиявий инқироз кузатилишини ва Tesla ва Apple компаниялари бирлашувини тахмин қилди. 2020 йил пандемия боис ҳақиқатдан ҳам дунё мамлакатлари учун ўта қийин кечди, Германия молиявий қийинчиликларга учради, Tesla ва Apple компаниялари ўз автомобилларини ишлаб чиқариш борасида яқинлаша бошлади.
Forbes нашри сармоядорларни иқтисодий башоратларнинг амалга ошишига унчалик ҳам умид қилмаслигидан огоҳлантираётган бўлса-да, тахминларни синчиклаб таҳлил қилишга ундамоқда. 2021 йилда нималар содир бўлади:
1. Amazon кенгайишда давом этади. Шуҳратпараст компания Кипрни сотиб олади ва оролда ўзининг Европа Иттифоқидаги қароргоҳини жойлаштиради. Компания Кипр солиқ қонунчилигини ўзгартирган ҳолда, ўзи учун қулайроқ бўлган шароитларни яратади. Кипр ҳукумати эса Amazon’нинг таклифини қабул қилади ва кўпроқ пул ишлаб олиш имконига эга бўлади;
2. Германия пандемиядан ғазнаси бўшаб қолган Франция бюджетини тиклашга ёрдам беради. Айни пайтда Франциянинг қарзи 140 фоизга етиб қолган, банклар эса касод бўлиш арафасида. Франция Германияга молиявий ёрдам сўраб мурожаат қилади, Германия эса молиявий инқироз тизимли тус олмаслиги учун қўшнисига кўмак беришдан бошқа иложи йўқ. Куч бирликда;
3. Блокчейнлар туфайли дунё фейк хабарлардан халос бўлади. Ахборот сайтлари, ҳукуматлар ва йирик компаниялар блокчейн тизимида ишлайдиган йирик тармоқлар ёрдамида ахборотларни фильтрлаш тизимини яратади ва қайси ахборот тўғри ёки фейклиги таснифланади;
4. Хитойликлар сармоядорларни ўзига жалб қиладиган рақамли юань криптовалютасини яратади. Сармоядорлар буни Хитойнинг очиқ иқтисодиёт белгиси сифатида баҳолаган ҳолда Хитой таклифини ижобий қабул қилади. Доллар эса АҚШ ва Хитой ўртасидаги навбатдаги рақобатга шўнғийди;
5. Технологиялар тоза энергия манбаларини яратиш имконига эга бўлиши натижасида ҳар бир хўжалик алоҳида мустақил бўлган энергия таъминоти билан таъминланиш имконига эга бўлади. Энергияни синтез қилиш алгоритмининг такомиллаштирилиши натижасида жисмоний шахслар ҳам ўз уйларини энергия билан таъминлаш имконига эга бўлади. Шамол тегирмонлари вақти ўтадиган пайт келади.
6. Ишсизлик натижасида иш соатлари қисқарса-да, маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми ортади. Бу эса барчага шартсиз даромад тўлаш имконини юзага келтиради. Бундай ўзгариш натижаси, энг аввало, шаҳарларнинг ўсишини тўхтатишга олиб келади;
7. Коронавирусга қарши вакцина инфляцияни юзага чиқаради, деб тахмин қилади Saxo Bank мутахассислари. Иқтисод тикланади ва янги иқтисодий «боом» кузатилади. Бундай шароитда эса инфляциянинг юзага келиши муқаррар. Бу эса ижара ва активларга зарба беради. Марказий банклар фоиз миқдорларини ошириши натижасида дефолтлар занжирига туртки бериб юборади. Инфляциянинг бундай ривожи қимматбаҳо металлар, айниқса, кумуш баҳосининг ошишига олиб келади;
8. Технологиялар сунъий йўлдошлар ёрдамида интернетга уланиш имкониятини барча учун очиқ қилади. Ривожланган мамлакатларда маълумотга эга бўлганлар сони маҳсулдорликнинг ортишига ҳам ёрдам беради. Қишлоқ хўжалигида дронлардан кенг миқёсда фойдаланишнинг татбиқ қилиниши маҳсулдорликни кескин ошишига ҳисса қўшади;
9. Тиббиётда касалликларнинг олдини олишда катта прогресс кузатилади. Коронавирусга қарши вакцина тайёрлаш жараёни ўз хусусиятига кўра саратон касаллигига қарши малҳам топишдан қолишмади. Коронавирусга қарши қаратилган капитал саратон касаллигига қарши кураш учун сафарбар қилинади ва улкан ютуққа эришилади. Бу эса XIX ва ХХ асрларда кашф қилинган вакцина ва антибиотикларнинг кашф қилиниши каби резонанс воқеага айланади.
2020 йил мамлакати
The Economist нашри ҳар йили анъанавий тарзда «Йил мамлакати» номини эълон қилиб келади. Нашрнинг бу галги йил мамлакати эътирофига Африкадаги Малави давлати муносиб бўлди.Нашрнинг эътироф этишича, йилдан йилга дунёнинг турли мамлакатларида ижобий ўзгариш сари қадамлар ташланаётгани холисона таъкидланди. 2020 йил пандемия боис кўп мамлакатларда иқтисодий ва ижтимоий соҳада бир қатор мураккабликлар кузатилган бўлса-да, айрим мамлакатлар мураккаб вазиятни юмшатишга ва унинг салбий оқибатларининг олдини олишга ҳаракат қилди. Нашр йил мамлакатини аниқлашда якунига етаётган йилда сезиларли ютуқларга эришган, қийин вазиятда ижобий ютуқларга эришган мамлакатлар рўйхатини тузди.
Янги Зеландия ҳукумати коронавирусни муваффақиятли жиловлашига қарамасдан, мамлакат аҳолисининг ҳаёти 2020 йилда 2019 йилдагидан анча ёмонлашди. Мамлакатда коронавирус билан боғлиқ дастлабки биринчи юз ҳолат аниқланганда мамлакат бош вазири Жасинда Ардерн мамлакат чегараларини ёпди, беш миллионлик аҳолисини ўзининг жамоаси сифатида атаб, уларни бир-бирларига нисбатан яхши муносабатда бўлишга чақирди.
Натижада мамлакатда коронавирус билан боғлиқ 25 та ўлим ҳолати қайд этилди-ю, пандемиядан олдинги даврга қайта бошлади. Регби стадионлари мухлислар билан гавжумлашди, Ардерн хоним эса сиёсатда халқнинг меҳрини қозониб, яна навбатдаги муддатга ўз ваколатини бажаришга киришди.
Тайвандаги ҳолат ҳам Янги Зеландиядагидан анча яхшироқ бўлди. Мамлакатда коронавирус билан боғлиқ бор ёғи етти ўлим қайд этилди, мамлакат иқтисодиёти яхши кўрсаткичларга эришди, дея эътироф этади британиялик иқтисодчилар. The Economist нашри эса Тайван де факто мухтор ҳудудми, деган саволни кун тартибидан чиқариб ташлаган ҳолда мамлакатга аҳамият берди.
Муҳими Тайван савдо марказлари, мактаблар ва ресторанларни ёпмасдан, қаттиқ локдаун эълон қилмасдан ҳам пандемияни енгишга муваффақ бўлди. Инглиз сиёсатчилари учун Тайван Хитой маданияти ва демократиясини уйғунлаштирувчи э жамиятга мисолидир. Пандемия даври ниҳоясига етмасдан туриб, мамлакатнинг пандемияга қарши курашдаги давлат бошқаруви механизмларини муваффақиятли экани ҳақида сўз юритишга эрта.
АҚШ, Британия, Испания ва Италия каби мамлакатлар пандемия даврида энг ёмон натижа кўрсатган мамлакатлар қаторидан жой олди. Лекин Трампнинг «вирусга қарши лойиҳаси» қисқа фурсатда коронавирусга қарши вакцина ишлаб чиқарилишига туртки ҳам бўлди. Ноябрь ойидаги сайловларда америкалик сайловчилар Трампнинг сайловдаги мағлубиятига ҳисса қўшди ва дунё ҳамжамияти учун энг иллатли тус олаётган – популизм сиёсатининг кенг тарқалишини олишга ёрдам берди. Жаноб Трамп сайловчилар иродасига қарши чиққан ҳолда судьялардан сайловларга баҳо беришни сўради. Аммо Трамп сайлаган судьялар якка шахснинг истагига эмас, қонунларга асосланган ҳолда иш кўришларини изҳор қилди.
Боливиядаги сайловчилар ҳам жанжалли сайловлардан кейин осуда ҳаётга қайтишди. Социалист президент ҳокимиятдан тўнтарилди ва октябрь ойида Анд мамлакатида тинч сайловлар ўтказилди. Сайловларда технар Луис Арсе ҳокимият тепасига келди.
Айни шу манзарада The Economist нашри ўз диққатини Африканинг жанубидаги Малави давлатига қаратди. Freedom House маълумотларига кўра, кўп мамлакатларда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият анча ёмонлашган бўлса-да, Малавида бу борадаги вазият яхши тарафга ўзгарди.
2012 йилда Малави президенти Бингу ва Мутарика вафот этди. Унинг яқинлари президент ўлимини яшириб, Жанубий Африкага даволаниш учун кетяпти, деган баҳона билан ҳокимиятни унинг укаси Питер Мутариканинг эгаллаши учун йўл очишга ҳаракат қилди. Питер Мутариканинг режаси иш бермаган бўлса-да, орадан икки йил ўтиб, 2014 йилда у ҳокимият тепасига келди.
Иккинчи муддатга сайланишга уринган Питер Мутарика сайловларни сохталаштиришга урингани фош бўлиб қолди. Шунга қарамай, қўшни Африка республикаларидан келган сайлов кузатувчилари эса сайловларни адолатли ўтганини тасдиқлайди. Малавиликлар сохта ва адолатсиз сайловларга қарши исён кўтарди. Малавилик судьяларга амалдаги президент катта миқдорда пора таклиф қилди, судьялар эса пора олишдан бош тортди ва сайлов натижаларини бекор қилди. Июнь ойидаги сайловлар натижасида Лазар Чаквер ғалаба қозонди. Лазар Чаквер айни пайтда ижро ҳокимиятининг ваколатини чеклаш ва президентнинг халқ олдидаги ҳисобдорлигини таъминлаш учун ҳамда суд ҳокимиятини ўрнини мустаҳкамлаш учун ислоҳотлар эълон қилди.
Малави ҳозирда Африканинг қашшоқ мамлакатларидан бири бўлса-да, айнан мамлакатдаги демократик ўзгариш The Economist нашрининг эътиборига тушди ва 2020 йилнинг мамлакатига айланди.
2019 йилда Ўзбекистон ҳам The Economist нашрининг йил мамлакати эътирофига тушган эди.
Ямандаги вазият ўзгарадими?
Ямандаги низо аллақачон бир неча юз минг кишининг ёстиғини қуритди. Низони ҳал қилишнинг эса ечими кўрингани йўқ. Ямандаги қонли низони ва гуманитар инқирозни тўхтатиш учун Туркия ва Россия ҳамкорлигидаги янги кучларни жалб қилиш керак, деб ёзади TRT Russiaн нашри.Ямандаги инқироз ҳозирга қадар Сурия ва Ливиядаги воқеаларнинг соясида қолиб кетди. Ҳеч бир давлат содир бўлаётган воқеаларга Сурия ва Ливиядаги воқеаларчалик аҳамият қаратмади. Яман инқирози эса кучайгандан кучайиб, БМТ маълумотларига кўра, 223 мингдан ортиқ инсоннинг ёстиғини қуритди. Қурбонларнинг 100 минг нафари қонли тўқнашувлар оқибатида ҳаётдан кўз юмган бўлса, қолганлари очлик, касалликлардан вафот этгани маълум қилинади. Бу рақамлар ҳам аниқ рақамлар эмас, чунки Яманда нодавлат ташкилотлар фаол эмас.
Айни дамда юзага келган инқирознинг илдизлари Яманга ҳам таъсир қилган «Араб баҳори»га бориб тақалади. 2011 йилда яманликлар президент Али Абдуллоҳ Солиҳга қарши норозиликка қўшилади. Қизиқ жиҳати, ғарбнинг қўли билан уюштирилган «Араб баҳори»да АҚШ ва ғарбга қарши бўлган «Ансор Оллоҳ» ҳаракаига мансуб бўлган хусийлар асосий рол ўйнади. 2011 йил январь ойида хусийлар ва президент Солиҳ тарафдорлари орасида Саад вилоятида қонли тўқнашув юз берди.
Тўқнашув яшин тезлигида бутун Яманга ёйила бошлади. Саад вилоятида президент Солиҳ тарафдорлари ҳайдаб юборилгач, Жоуф ва Мағриб вилоятларида ҳам хусий «Ал-Ислоҳ» сиёсий гуруҳи билан биргаликда ҳаракат қилиб, ҳукуматга қарши норозиликка чиқди. Норозилик намойишлари пойтахт Санога кўчди. Хусийлар «Шабоб ас-Сумуд» ҳаракатини тузди. Президент ўгай укаси «Ал-Ислоҳ»нинг норасмий етакчиси Али Муҳсин ал-Ахмар президентга ҳокимиятдан кетиш талабини қўйди.
Бироқ Солиҳ ҳокимиятдан кетишни истамасди. У ўз ваколатини партиядаги ўринбосари Мансур Ҳожига топшириши сиёсий тактика эди. Мансур Ҳожи президентлик курсисини икки йилдан кейин ўтказилиши белгиланган сайловларгача банд қилиб туриши ва ҳокимиятга яна Солиҳнинг ўзи қайтиши мақсад қилинди.
Бироқ Солиҳнинг ўйлаган режаси иш бермади. Мансур Ҳожи ўз ҳаракати билан расмий Эр Риёднинг назарига тушди-ю, президент Солиҳдан узоқлаша бошлади. Саудия Арабистони эса Мансур Ҳожининг сиёсий шуҳратпарастлигига ўтин қалай бошлади. Саудия Арабистони бу билан Яманда икки мақсадни дилига тугиб қўйган эди: биринчидан, собиқ президент Али Абдуллоҳ Солиҳни ҳокимиятга қайтишига йўл қўймаслик ва Мансур Ҳожига таъсир қилиш ёрдамида Яманни ўз манфаатлари доирасида бошқариш эди. Иккинчидан, инқилоб ёрдамида оёққа туриб олган «Ал-Ислоҳ» ҳаракатини бостиришни ният қилди.
Мансур Ҳожи ва Саудия Арабистон эса хусийлар билан иттифоқчига айланди. Саудия Арабистони «Ал-Ислоҳ» ҳаракатини бостириш учун хусийлар билан Лондон ҳаттоки келишув имзолади. Бироқ бу жараёнга президент Абдуллоҳ Солиҳ аралашади. У вазият қаерга қараб кетаётганини тушунган эди. Собиқ президент хусийлар билан келишув имзолаб «Ал-Ислоҳ»нинг мамлакатдаги офисларига зарба бериш ўрнига пойтахт Санога бостириб кирди. Миллий гвардия ҳам собиқ президентни қўллаб-қувватлади ва пойтахтга киришига тўсқинлик ҳам қилмади.
Мансур Ҳожи истеъфо берган бўлса-да президентликдан воз кечмади. 2015 йилнинг 21 февраль санасида Мансур Ҳожи Санодан аввал Аданага қочишга муваффақ бўлди. Натижада Саудия Арабистони ва БАА Яманга ҳарбий интервенсия уюштирди. Саудия Арабистони ва БАА ёрдамида Яманга босқин уюштирилиши ортидан БМТнинг мушкул вазиятни тартибга солиш ишлари боши берк кўчага кириб қолди.
Абу-Даби ва Ар-Риёд Яманга уруш бошлаб, «хусийларга қарши» ҳаракат тузди. Тез орада Саудия Арабистони хусийларга қарши курашиш учун маҳаллий кучларнинг қурби етмаслигига ишонч ҳосил қилди ва азалий рақиблари бўлмиш «Ал-Ислоҳ»дан хусийларга қарши курашда фойдаланишга қарор қилди. Ўз навбатида, БАА ҳам «Ал-Ислоҳ» каби «Ансор Оллоҳ» ҳаракатини ўзининг душмани сифатида билиб, мамлакатдаги чигал вазиятга жанубий Ямандаги айирмачилар бўлмиш «Хироқ» гуруҳини жалб қилди.
Хусийлар Эроннинг бироз кўмаги ёрдамида қуролли қаршиликни давом эттирди. Эрон ва «Ансор Оллоҳ» ҳаракатининг иттифоқчилиги мавжуд бўлса-да, бу иттифоқчилик стратегик шерикчиликдан иборат эмас. Эрон «Ансор Оллоҳ» ҳаракатини қонуний ҳокимият деб топадиган бўлса, хусийлар ва Эрон муносабатларига чек қўйилиши мумкин.
«Ансор Оллоҳ» ҳаракати Эрондаги ислом инқилоби хусусиятларидан нусха олган бўлса-да, ҳаракат моҳиятига кўра, фақат Яманга хос бўлган миллийликка эга. Араб миллатчилиги эса хусийлар ҳаракатининг ажралмас қисми саналади. Хусийларнинг зайдчилиги шиа мазҳабининг оқимларидан бири саналиб, Яманнинг чин дини ҳисобланади.
«Ансор Оллоҳ» ҳаракатининг мафкураси ва ақоидлари Эроннинг таъсири билан эмас, аксинча, Ямандаги зайдчиларнинг хадавийлар гуруҳи билан боғланади. Хадавийлар Яманда Х асрда имомлик қилган ал-Ҳожи номи билан боғлиқ. Айнан шу асрдан бошлаб зайдчилар ва хадавийларнинг диний қарашларида ихтилофлар юзага келди. Сабаб эса яманлик зайдчилар сунний мазҳабидаги халифа ҳокимиятига эмас, мустақил имом тарафидан бошқариладиган жамият тарафдорлари эди.
Ҳусайн ал-Хутий эса 1962 йилги инқилобдан сўнг, анъанавий хадавий зайдчилиги ҳаракатини қайта тикланишига ёрдам берди. Инқирозга юз тутган бу ҳаракат бу даврга қадар турли дин вакилларининг таълимотларини зайдчилик сифатида эътироф этиб келинди. Саудиядаги пропаганда кўпинча зайдчиликнинг сунний мазҳабидаги ихтилофларига урғу берган ҳолда, зайдчиларни Теҳрон таъсирига берилган диний гуруҳ сифатида айблаб келди.
2017 йилга қадар хусийлар собиқ президент Али Абдуллоҳ Солиҳ ва унинг тарафдори бўлган Яман бутун халқ конгресси билан иттифоқчи бўлиб келди. 2017 йил охирида Яман бутун халқ конгресси ва хусийлар ўртасидаги тўқнашувда собиқ президент Али Абдуллоҳ Солиҳ ўлдирилди ва марҳум президентнинг жияни Тариқ Солиҳ хусийларга қарши курашиш учун Саудия Арабистони ва БАА тарафга ўтиб кетди. Натижада Ар-Риёд ва БАА иттифоқчи кучлари хусийларга қарши жангларда муваффақият қозона бошлайди. 2018 йилда Худайдо учун бўлган курашда ҳам иттифоқчилар ғалаба қозонди. Хусийлар денгизга чиқиш имкониятидан маҳрум қилинди ва мамлакатда мураккаб гуманитар инқироз бошланди.
Бу вақтга келиб хусийлар «Ансор Оллоҳ» гуруҳини тор диний манфаатлардан воз кечишига ва ҳам зайдчиларнинг, ҳам сунний мазҳабидаги шофеийларнинг кўмагини олиб, бутун Ямандаги барча диний жамоа ва гуруҳлар ҳаракатига айланишига сабабчи бўлди. Бу эса 2020 йилда «Ансор Оллоҳ» гуруҳининг Яманда кенг миқёсли ҳарбий амалиётларни бошлашига туртки бўлди ва Мағриб вилоятининг катта қисмини ўз назорати остига олди.
Хусийларнинг қарши ҳужумдаги муваффақияти БААнинг Ямандан ўз ҳарбий контингентини олиб чиқишга мажбур қилди. Саудия Арабистони ва унинг Ямандаги иттифоқчилари ҳам хусийлардан мудофаланишга ўтди. Хусийлар эса Яманнинг кўп ҳудудларини бирин-кетин ўз назоратига ола бошлади. Бу эса ўз навбатида, Саудия Арабистони ва БААнинг иттифоқчилиги мустаҳкам асосга эга эмаслигини-ю, иттифоқчилар ҳам Ливияда, ҳам Яманда жанг қила олмасликларини тушуниб етди.
БАА назарида ҳозирча ният амалга ошди. БАА Яман жанубида ўзига содиқ бўлган жанубий Яман муваққат ҳукуматини тузишни уддасидан чиқа олди ва бу ҳукумат Саудия Арабистони тараф бўлган Мансур Ҳожининг ҳукумати билан озми кўпми фикрий ихтилофларга эга. Саудия Арабистони ҳам бир ўзи Ямандаги вазиятни тартибга солишга ожизлик қилаётганини тушуниб турибди ва расмий Ар-Риёд ҳаттоки Бутун Яман миллий конгресси, «Ансор Оллоҳ» ва «Ал-Ислоҳ» билан 2015 йил мартидаги келишувларга қайтишга ҳам рози. Ўша кезда мазкур уч гуруҳ янги ҳукумат тузишга яқин қолган эди, бироқ Санодан Мансур Ҳожининг қочиб кетиши ортидан ҳарбий тўқнашувлар келиб чиққанди.
Айни шу паллада Туркия Ямандаги вазиятни ижобий ҳал қилишда ёрдам бериши мумкин. Туркия Яманга нисбатан уюштирилган ҳарбий амалиётни қўллаб-қувватлаган бўлса-да, кейинчалик мамлакатдаги инқирознинг чуқурлашуви ортидан Саудия Арабистони ва БАА тутган сиёсий позициядан чекина бошлайди.
Туркия ҳозирда Ямандаги энг асосий куч бўлиб турган «Ансор Оллоҳ» ва «Ал-Ислоҳ» билан ҳам яқин алоқаларга эга ва икки гуруҳни сиёсий олтин йўлни топишида воситачи сифатида ёрдам бериши мумкин. Расмий Кремль ҳам хусийлар билан ижобий муносабатдалиги Москвада ҳар икки гуруҳнинг юқори мартабали вакиллари учун келишувлар имзолаш учун учрашув ташкил қилишга эга. Бу эса Яманда тус олган оғир иқтисодий ва ижтимоий вазиятни яхшилашга имкон беради.
Жаҳонгир Эргашев тайёрлади.
Изоҳ (0)