Кўп қиррали ижодкор, кубизм асосчиси, асарлари миллионлаб долларга сотилган ва уни шон-шуҳрат ва бойликка кўмган буюк рассом Пабло Пикассо таваллуд топган кунда «Дарё» унинг ҳаёти ва ижод йўлига назар ташлайди.
Болалиги
У 1881 йилнинг 25 октябрида Испаниянинг Малага шаҳрида дунёга келади. У шу қадар нимжон туғилгандики, доя аёл болани ўлик туғилди деб ўйлайди. Совуқ хабарни қариндошларига етказишга тараддудланаётган вақтида хонага бўлажак даҳонинг амакиси кириб келади ва унинг юзига қўлидаги сигарет тутунини пуфлайди. Шунда чақалоққа «жон кириб», йиғлаб юборади.Бу болакай (тўлиқ исми — Пабло Диего Хосе Франциско Де Паульа Хуан Непомусено Мария Де Лос Ремедиос Сиприано Де Ла Сантисима Тринидад Мартир Патрисио Руис и Пикассо) санъат оламида Пабло Пикассо номи билан танилди. «Пикассо» онасининг қизлик фамилияси бўлиб, Пабло уни отасининг фамилиясидан афзалроқ кўради. Бунинг бир нечта сабаблари бор эди. Биринчидан, испанлар орасида «Руис» фамилияси кенг тарқалганди ва қулоққа жуда оддий эшитиларди. Иккинчидан, отаси Хосе Руис ҳам рассом ва санъатшунос бўлган.
Онасининг сўзларига кўра, Пабло расм чизишни тили чиқмасиданоқ ўрганган. У рассом ва тасвирий санъат ўқитувчисининг ўғли сифатида отасидан ўрнак олиб, болалигидан расм чизишга қизиқа бошлаган. Боланинг визуал хотираси жуда кучли ривожланган бўлиб, кўрган нарсасини майда деталларигача кўздан қочирмай дўстларига ҳикоя қилиб бера оларди. Ота-онасининг кўмаги билан ўқиб-ўрганган Пабло саккиз ёшида ўзининг «Найзадор» номли биринчи жиддий асарини яратади; унда буқалар жангида қатнашаётган найзадор отлиқ сурати тасвирланганди. Асар кейинчалик рассомга жуда қадрли бўлиб қолгани сабабли ундан ҳеч қачон айрилмайди.
Паблонинг истеъдоди тобора чархланиб бораётганди. Унга ҳатто отасининг ижодий ишларини охирига етказиб қўйишга ҳам рухсат беришади. Кунлардан бирида Пабло отаси Хосе Руиснинг катта бир асари устида ишлаётган эди. Паблонинг истеъдоди отасини шу қадар ҳайратда қолдирадики, у ёш даҳога мўйқалам, бўёқларни топшириб, тасвирий санъатни билан шуғулланишни бир умрга тўхтатади. Бўлажак рассом бу воқеа юз берган вақтда эндигина 13 ёшда эди.
Катта ҳаётга қадам
Паблонинг ижодий қобилиятини янада ривожлантиришни истаган отаси уни 1894 йилда Корундаги санъат мактабига ўқишга юборади. Аммо тез орада унинг ижодий маҳорат борасида барча ўқитувчиларидан ҳам устунроқ эканлиги маълум бўлади. Пабло бир йил ҳам ўқимай, таълим муассасасини тарк этади.Келаси йили, 1895 йилда, Пикассо Барселонадаги Тасвирий санъат академиясига кириш учун ариза топширади. Пабло мажбурий кириш имтиҳонига бир ҳафтадаёқ тайёр бўлади — бошқа талабалар бу имтиҳондан ўтиш учун камида бир ой тайёрланарди. Ўша вақтда унинг «Она портрети» (1896), «Автопортрет» (1896) каби дастлабки асарлари дунё юзини кўради. Бугунги кунда бу асарлар Барселонадаги Пикассо музейида сақланмоқда.
Бир оз вақт ўтгач, Пикассонинг иқтидори Барселона академияси доирасида чегараланиб қолаётгани аён бўлади ва 1897 йилда у Испаниядаги энг нуфузли санъат академияси «Сан Фернандо»ни забт этиш учун Мадридга йўл олади. Лекин у ерда ҳам Паблонинг ўқиши бир йилдан ортиқ давом этмайди. Академиядан қадами тобора узилиб бораётган Пикассо Мадриднинг кўп қиррали ҳаётини ўрганади ва шу билан бирга у ердаги рассомларнинг ижодий ишлари билан танишади. Уларнинг орасида Эл Греко, Франциско Гоя ҳамда Диего Веласкес асарлари катта таассурот қолдиради.
Ўша вақтда Пикассо илк бор Франция ва унинг пойтахти — Европа санъатининг маркази деб тан олинган — Парижга ташриф буюради. Бир неча ой ичида Пабло у ердаги барча музейларни зиёрат қилиб чиқишга улгуради. Рассомни санъат асарларининг ҳар қандай шакли ўзига тортарди: у Ежен Делакура, Винсент ван Гог, Пол Гоген ва Анри де Тулуз Лотерк каби буюк мўйқалам усталарининг асарлари билан танишади, Миср ва Финикия санъати дурдоналарини ўрганади. Бундан ташқари япон гравюраси ва готика услубидаги ҳайкалларга ҳам қизиқиб қолади. Пикассо машҳур коллексионер Амбруаз Воллар ва шоирлар Гиём Аполлинер, Макс Жакоблар билан ҳам ўша вақтда танишганди.
1889 йилда рассом Испанияга қайтиб, Мадриддаги ўқишини ташлайди ва Барселонага кўчиб ўтади. Бу ерда Пикассо йиғилиш жойи Элс Қуатре Гац кафеси бўлган богем жамиятининг аъзосига айланади. 1900 йилда ушбу кафеда икки марта ёш рассомнинг кўргазмаси бўлиб ўтади. Бу унинг санъат аҳли олдида қилган илк катта чиқишлари эди.
Шундай қилиб тасвирий санъатдан расмий таълимни олмаган Пабло Пикассо шон-шуҳрат йўлини улуғвор, ғайриоддий, баҳсли ва 20-асрнинг энг буюк рассоми сифатида бошлайди.
Марк Шагал бир сафар Пикассо ижоди ҳақида шундай деганди: «У ўз услубини пайпоғидан кўра кўпроқ алиштиради». Рассом бунга: «Ҳар кимнинг ўзгаришга ҳаққи бор, ҳатто рассомларнинг ҳам», — дея жавоб берганди.
У тарихга кубизм асосчиси сифатида кирган бўлса-да, кубизм унинг ижодий фаолиятида бир қисқа давр ўлароқ ўн йил давом этган, холос.
Аслида эса унинг ижоди бир-биридан кескин фарқ қилувчи бир нечта даврни ўз ичига олади. Хўш, улар қайсилар?
Мовий мавсум
Пикассо ижодининг бошланғич босқичига «Мовий мавсум» деб ном берилган. Унинг ҳаёти ва ижодидаги ўзгаришлар қадрдон дўстининг ўлимидан сўнг бошланади. 1901 йилнинг февраль ойида у ҳаётини буткул ўзгартириб юборган мактубни олади. Унда рассомнинг энг яқин дўсти ва ижодий шериги Карлос Касагемас вафот этгани ҳақида ёзилганди.Бу хабар Пикассони ўта оғир тушкун кайфиятга солиб, ичини емира бошлайди. У ўз қайғусини ижод орқали енгишга ҳаракат қилади ва бор эътиборини ишга қаратади. Қўрқув, умидсизлик, ёлғизлик, азоб — бу сўзлар «Мовий мавсум» асарларини таърифлашга тўла мос тушади. Пикассонинг ўша вақтда яратилган автопортрети буни тасдиқлаши мумкин.
У кўпинча янги суратларни эскиларининг устига чизарди, чунки янги мато сотиб олишга пули йўқ эди. Тасвирий санъат дурдоналарига айланиши мумкин бўлган кўплаб асарлар шу тариқа йўқолиб кетади. Лекин бошқа томондан, бунга яқин дўсти билан боғлиқ эски хотиралардан қутулиш сифатида қараш мумкин.
Пабло ўшанда ҳаётидаги оғир дамларни бошидан кечираётганди, расмларини ҳеч ким сотиб олмасди, ўзи эса Испания ва Франция ўртасида сарсон эди. Ўша вақтларда Испанияда қашшоқлик авжига чиқиб, одамлар кўпинча тирикчилик дардида бошқа юртларга чиқиб кетаётганди. Буларнинг барчаси рассомга қаттиқ таъсир қилиб, оч ва қашшоқ одамлар ҳаёти акс этган «Кекса яҳудий ва болакай» асарини яратади.
Пикассонинг «Мовий мавсум»да чизилган энг асосий асарларидан яна бири бу — «Ҳаёт» асари. У чуқур мажозий маънога эга асар ҳисобланади. Чап томонда Касагемаснинг мукаммаллаштирилган тасвири акс эттирилган бўлиб, кўксига яланғоч аёл бош қўйиб турибди. Ўнг томонда қўлида бола кўтарган, ёши катта аёл унга таъна назари билан қараяпти: у Касагемаснинг онаси бўлса керак. Уларнинг ўртасида, орқа томонда — икки устма-уст қўйилган сурат: тепадагисида қучоқлашаётган жуфтлик, пастида эса оғриқ ва ёлғизлик тимсоли бўлган, қўнишиб ўтирган аёл тасвирланган.
«Мовий мавсум»да чизилган барча суратларнинг асосий мотиви ёлғизлик ва азоб-уқубатларнинг муқаррарлиги; қашшоқлик, ҳасталик, кексалик ва ногиронлик азобларидир. Илгари дард нималигини билмаган Пикассога у тўқнаш келган ҳаёт ҳақиқатлари оғир юк эди: ўзи ва яқинлари билан юз бераётган воқеалар (дард ва аламлар) ҳақида фикр юритиш ушбу даврда — рассом ижодининг энг қайғули даврида асарларига кўчади.
Пушти мавсум
Кутилмаган севги ва романтик кайфият Пикассо асарларида янгича рангларда акс этади. Йўқсил бечоралар ва қариялар ўрнини аста-секин қувноқ цирк артистлари, арлекинлар ва акробатлар эгаллай бошлайди — рассом уларни Монмартр тепалиги яқинидаги Медрано циркида учратганди. Энди у чизган суратларда асосан марварид-пушти ранг кўзга яққол ташланиб турарди.
Мазмун-моҳият ҳам ўзгаради: нафислик, ҳамдардлик ва «кўз илғамас нозик лаҳзалар» юзага чиқади. «Пушти мавсум» атиги икки йил давом этиб (1904 йилдан 1906 йилгача), ҳис ва кечинмалар билан тўлган «шахсий» фаолиятдан рассомни шон-шуҳратга кўмиб юборган, дадил ва янгича тажрибаларга ўтиш йўлидаги эътиборга молик давр ўлароқ кўзга ташланади.
Тушкунликка солувчи кўк ва қора рангларда акс эттирилган бечоралар ўрнини энди кўчма цирк усталари ва артистлар эгаллаганди. Пикассо бу даврда одамларни руҳий тушкунлик гирдобида эмас, балки янги «пушти кўзойнаклар» орқали кўради. Уларнинг ҳаёти етишмовчиликлардан холи бўлмаса ҳам, унда қайғу, оғир ташвишлар бўлса ҳам, рассом ўз қаҳрамонларини борича қабул қилади: кучли ва заиф, бахтли ва бахтсиз, кулгили ва таъсирли. Асосийси, образлар яна ҳаёт нафаси билан тўйинганди, «Мовий мавсум» зулмати рассомни аста-секин ўз оғушидан бўшатаётганди. Қизиғи шундаки, Пикассо ўзини кўпинча Арлекин образида (масалан, «Қадаҳ тутган арлекин» асарида), дўстларини эса бошқа қаҳрамонлар образида тасвирлайди.
Бу даврда Пикассо образи ҳам ўзгарганди. «Пушти мавсум» автопортретларида у навқирон, куч ва илҳомга тўлган қиёфада гавдаланади. Композициялар шаклан содда, унинг нигоҳларида ишонч, жўшқинлик ва ҳаётга чанқоқлик сезилади.
«Пушти мавсум»нинг энг сара дурдоналаридан бири «Шар устидаги қиз» асаридир. Унда ёш ва гўзал қиз шар устида жилмайганча мувозанат сақлаб турибди. Ёнида кенг елкали, басавлат спортчи бир катта куб устида ўтирибди. Гўзаллик бу ерда нозик чегаралар бўйлаб ҳаракатланади: эркак қуввати ва аёл нафосати, барқарорлик ва мослашувчанлик, фундаменталлик ва енгиллик ўртасида. Бироқ энг муҳими шундаки, қиз ва спортчи бир-бири билан узвий боғлиқдир: қиз исталган вақтда мувозанатини йўқотиб, йиқилиши мумкин, лекин Пикассога наздида спортчи уни албатта сақлаб қолади. Бошқа томондан, агар суратдаги қизни йўқ деб тасаввур қилсангиз, ёш спортчи жуда ёлғиз кўринарди.
Кубизм
Рассом қай даврда ва қайси йўналишда ижод қилмасин, тасаввуридаги дунёни мато текислигида унинг бор ранглари ва қирралари билан етказиб беришга ҳаракат қилади. 20-асрнинг бошларида, фотография ривожланган бир вақтда, тасвирий санъат бадиий тасвирларни «тўғри» шакл-шамойилда кўрсатиб беришнинг ягона усули эмаслиги аён бўлади. Яшаш ҳуқуқини ва ўз аҳамиятини йўқотмаслик учун санъат энди ташқи дунё билан янги мулоқот тилини кашф этиши зарур эди. Пикассо учун бу кубизм тили бўлди.Рассомнинг реализм анъаналаридан воз кечишини олдиндан белгилаб берган ажойиб асар — ёзувчи Гертруда Стайннинг портрети (1905–1906). Пабло учун унгача бирорта асар устида ишлаш бу қадар қийинчилик туғдирмаган бўлса керак. Портрет рассом томонидан 80 марта қайта чизилган бўлиб, шундан сўнг у ортиқ классик услуб доирасида ижод қила олмаслигини тушунади. Ташқи дунё уни ортиқ аслига мос кўринишда қизиқтирмай қўйганди.
Пикассонинг Африка қитъаси санъатига қизиқиши ҳам предметни ўзининг «тўғри» хусусиятлари билан тасвирлашдан бош тортишига туртки бўлди. Африка қабилаларига хос диний ашёларни — ниқоблар, оддий кўринишдаги бутлар ва ҳайкалчаларни ўрганиб, рассом ўз картиналарида тасвирланган персонажларни майда деталлар йиғиндисидан халос қилади, соддалаштиради. Қаҳрамонларнинг гўё тош ёки ёғочдан ўйилган қўпол ва келишмаган қиёфалари юз ўрнига маросим ниқоблари билан зийнатланган бутларни эслатиб юборади.
1907 йилда чизилган «Авигнон қизлари» бу даврнинг энг кўзга кўринган картинасидир. Рассом бир йилдан ошиқроқ вақт мобайнида ушбу асар устида ишлаб, уни бир неча марта қайта чизади. Расмда тасвирланган аёллар охир оқибат Африканинг қўпол ҳайкалчаларига ўхшаб қолганди. Инсон танасининг одмилик руҳида бузилган тузилиши, схематик тарзда чизилган ва атайин янги шаклга солинган аёллар юзи томошабинларни ҳайратда қолдирди ва Пикассога қарши танқидлар бўронини қўзғатди. Ҳатто рассомнинг кўплаб яқин дўстлари ҳам суратни санъат асари сифатида қабул қилишдан бош тортади.
Бироқ айнан мана шу жанжалли асар кубизмнинг пайдо бўлиши учун бошланғич нуқта бўлиб хизмат қилиши керак эди. Пабло Пикассо ва Жорж Брак биргаликда рассомчиликдаги бу янги йўналишга асос солади.
1909 йилдан 1917 йилгача рассом бу йўналишда фаол ижод қилади. Пикассонинг кубизм доирасидаги ишлари ривожланишнинг бир неча босқичларини босиб ўтган.
«Сезанн» кубизми. Бу даврдаги асарларида Пол Сезанн таъсири кўзга ташланади — уларда Сезанн ёқтирган яшил, жигарранг, кул ранг ва охра, лойқа ва хира ранглардан фойдаланилган бўлиб, тасвир оддий ва аниқ геометрик шаклларга қурилган. Бу босқичда яратилган асарларнинг энг ёрқин наъмуналари — 1908 йилда чизилган «Икки яланғоч фигура», «Дўстлик», «Фермер аёл» картиналари.
1909 йилдан бошлаб Пикассо ижоди «аналитик» кубизмга ўта бошлайди, у босқич тасвирланган нарсани бир-биридан осонгина ажратса бўладиган турли хил қисмларга ажратишни ўз ичига олади. Аналитик кубизмнинг ўзига хос хусусиятларига амал қилган ҳолда «Амбруаз Воллар портрети» (1910), «Фернанда Оливье портрети» (1909), «Яланғоч» (1910), «Даниэль Анри Канвейлер портрети» (1910) яратилади.
1912–1914 йиллар кубизми «синтетик» деб юритилади, чунки асар яратишда тўғридан-тўғри тасвирий воситалар коллаж техникасидан фойдаланган ҳолда бирлаштирилган, матода расм билан боғлиқ бўлмаган бегона предметлар — газета парчалари, қум, арқон ва мато бўлаклари пайдо бўлган («Гитара», 1913; «Узум ва кесилган нок композицияси», 1914). Композицияга шифрланган телефон рақамлари, яқинларининг исмлари, кўчалар ва богем ичимлик корхоналари номлари киритилган («Ошхона (Дудланган чўчқа гўшти)», 1912; «Ресторан: курка, трюфел ва вино», 1912; «Яланғоч, мен Ҳавони севаман», 1912).
Сюрреализм
Пикассонинг сюрреализмга яқинлиги хронологик жиҳатдан 1925–1932 йиллар даврига тўғри келади. Қоидага кўра, рассом ижодининг ҳар бир услубий босқичини маълум бир Муза бошқарган. «Ўзини матода таниш» иштиёқида ёнаётган собиқ балерина Ольга Хохлова билан турмуши вақтида Пикассо ўзи Жорж Брак билан биргаликда асос солган кубизмдан неоклассицизмга мурожаат қилади.Рассомнинг ҳаётида ёш сарғиш сочли қиз Мария Тереза Уолтер пайдо бўлган вақтда у сюрреализм томон юз буради. У ўшанда куч йиғиб бораётган сюрреалистлар билан ҳам мулоқотда бўлиш орқали тайёрланганди. Икки омил — мадмуазел Уолтернинг «қизиқарли чеҳраси» ва Андре Бретон доирасига яқинлик бир вақтнинг ўзида иш беради. Пикассо 1925 йилда айнан Пьер галереясида ўтказилган бир гуруҳ сюрреалистлар кўргазмасида қатнашади (бунгача у фақат шахсий кўргазмалардагина рўй кўрсатарди).
«Сюрреалистик инқилоб» журналининг биринчи сониданоқ Пикассонинг 1914 йилдаги конструкцияси фотосурати жой олганди, иккинчи сонда рассом асарлари учун икки бет ажратилади, тўртинчи сонда эса ундан ўн саккиз йил аввал чизилган, кўплаб мунозараларга сабаб бўлган «Авигнон қизлари» нусхаси чоп этилади. Аслида, Бретон ёрдами билан асар қайта очилади, устахонанинг қоронғи бурчагидан олинади ва коллекционер Жак Дусега сотилади. Андре Бретоннинг Пикассо ҳақидаги ўша тўртинчи сонда чиққан мақоласида у уста рассомга қойил қолиши сабабларини таҳлил қилиб, ҳақиқат фақат биз кўриб турган нарса эмаслигини ва рассом моделни ўзининг «ички тушунчаси» билан идрок этиши кераклигини айтади. Моделни идрок этиш деганда, Пикассонинг сюрреалистик меросига тегишли Мария Терезанинг кўплаб портретларини ҳам тушуниш мумкин.
«Гул тутган аёл» (1932), «Ойнадаги ухлаётган аёл (Мария Тереза Уолтер)» (1932), «Қизил ёстиқда яланғоч аёл (Мария Тераза)» (1932) ва бошқа суратлар орқали Пикассо худди янги ўйинчоғини бўлакларга бўлиб, ичида айланаётган ва чийиллаётган нарсанинг нима эканлигини билмоқчи бўлаётган болакай каби ўзининг янги моделини ўрганади. Ўрганиш ашёси сифатида тана қисмларга бўлинади, букланади ва қайтадан йиғилади.
Пикассонинг ўзи сюрреализмдаги етти йиллик изланишларини шундай изоҳлаганди: «Мен жисмларни кўрганимдек эмас, балки тушунганимдек тасвирлайман».
«Герника» асари
Испанияда тарихан баскларга тегишли бир шаҳар бор эди — Герника. 1937 йилнинг 26 апрелида ўша шаҳар немис авиациясига қарашли «Кондор» легиони томонидан ер юзидан супуриб юборилади. Шаҳарга мингдан ортиқ бомбалар ёмғири ёғилади ва шаҳарнинг снарядлар билан йўқ қилинмаган қисмлари уч кун ичида ёқиб ташланади — шаҳар култепага айланади. Кўплаб одамлар қирилиб кетади, тирик қолганлар эса бошпанасидан айрилади, кўплаб қадимий ёдгорликлар ва маданий осори-атиқаларнинг кули кўкка совурилади.Рассом Герникада ҳеч қачон бўлмаганди, бироқ у Парижда ўтиши керак бўлган халқаро кўргазмага тайёргарлик кўраётган вақтида бу фожиа ҳақида эшитиб, асарни худди фалокат вақтида ўша ерда бўлгандай чуқур ҳамдардлик билан тасвирлайди. Aвангард услубда яратилган ушбу асар ҳажман жуда катта бўлиб, 351 х 782,5 сантиметрни ташкил этади.
Фашизмга нисбатан ўз нафратини изҳор қилиш, унинг асл башарасини очиб бериш мақсадида яратилган ушбу асар одамларни чексиз ҳайрат ва ҳаяжонга солиб қўяди.
Пикассо бу асарида фашизм ва уруш даҳшатларини шу қадар тийрак нигоҳ билан тасвирлаб берганки, ундаги қаҳрамонлар кулфатини ич-ичингиздан ҳис қилиб юборасиз. Мазкур картина Пикассо тасаввурининг нақадар бойлигини ва у қандай кенг салоҳиятли рассом эканлигини кўрсатиб берган.
Пикассо бутун ҳаёти давомида ушбу асар билан боғлиқ кўплаб зиддиятларга тўқнаш келади. Фашистлар истилоси даврида Парижда қўним топган рассом Гестапо томонидан таъқиб остига олинади. Айтишларича, бир немис офицери Пикассонинг квартирасида картинани кўриб, нафратомуз оҳангда: «Бу сенинг ишингми?» — деб сўрайди. Шунда Пикассо: «Йўқ, бу сизнинг ишингиз», — деб жавоб беради.
Умрининг сўнгги йиллари
Пикассо тириклик пайтидаёқ кўплаб китоблар, мақолалар, кўргазмалар ва фильмлар қаҳрамонига айланганди. Бошқа томондан, рассомнинг ўзи умрининг сўнгги йилларида камдан кам ҳолларда омма олдида пайдо бўлиб, ўзининг иккинчи турмуш ўртоғи Жаклин Рок билан бирга (биринчи рафиқаси — Ольга Хохлова) тинч ва осуда ҳаётни афзал кўрганди. Шундай қилиб у 1937 йилнинг 8 апрелида 91 ёшида вафот этди ва 1958–1961 йилларда ўзи яшаб, ижод қилган қадимий Вовенарг қалъасига дафн қилинди.Пикассо бутун умри давомида умумий ҳисобда олти мингдан ортиқ картина, чизма ва ҳайкалларга муаллифлик қилган. Унинг мўйқалами остидан чиққан барча асарларни мутахассислар 10 миллиард долларга баҳолайди. Уларнинг ичида 1995 йилда чизилган «Алжирлик аёллар» картинаси 2015 йилда Christie’s аукционида 179,3 миллион долларга сотилган. 1932 йилда яратилган «Уйқу» асари эса 2013 йилда инвестиция фонди раҳбари Стивен Коенга 155 миллион долларга пулланган.
Бир куни Франция вазири унинг уйига ташриф буюрган вақтда рассом тасодифан унинг шимига бўёқ томчиларини тўкиб юборади. Бундан қаттиқ хижолат чеккан Пабло узр сўраб, шимни тозалаш учун ҳақ тўлашни таклиф қилади. Шунда вазир: «Асло! Сиз бор-йўғи шимимга имзо чекдингиз, холос!» — деб жавоб беради.
Ушбу ҳавола орқали буюк рассомнинг турли даврларда чизган асарлари билан батафсилроқ танишишингиз мумкин.
Рафиқ Ўзтурк тайёрлади
Изоҳ (0)