«Дарё» ўтаётган ҳафтада дунё матбуотида кенг ёритилган, кўпчиликнинг қизиқишига сабаб бўлган мақолалар шарҳига тўхталиб ўтади.
БРИКСнинг моҳияти нима?
БРИКС қисқартмаси Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой ва Жанубий Африка Республикаси ўртасида тузилган иқтисодий ташкилотни англатади. Бу давлатларнинг тўрттаси дунёда АҚШ етакчилигига қарши ҳаракат қилаётган авторитар давлатлар сирасига киради. Булар Си Цзиньпин, Владимир Путин, Жаир Болсанаро ва Нарендра Модилардир. Хўш, уларни нима бирлаштиради?
The Bloomberg нашрининг ёзишича, БРИКС алоҳида молиявий аҳамиятга эга эмас, аммо унинг сиёсий аҳамияти каттадир.
Уларнинг турли даражадаги иқтисодий ўсиш суръати ҳам муҳим эмас, аммо бу ташкилот аъзолари ўзгариб бораётган дунёда сиёсий жиҳатдан бирлашгани муҳимдир. Аср бошидан бери Хитой ва Ҳиндистон ривожланишнинг юқори даражасини қайд қилиб келмоқда. Россия ва Жанубий Африка 2005 йилдаги, Бразилия 2010 йилдаги иқтисодий инқирозлар сабаб ривожланиш борасида паст кўрсаткичларни намоён этмоқда. Албатта, бу давлатлар аср бошидан бери ўз қудратини сезиларли даражада мустаҳкамлаб олди. Аммо бу асосан Хитой ва Ҳиндистон ҳиссасига тўғри келмоқда. Россия, Бразилия ва Жанубий Африка Республикасининг ишлаб чиқаришдаги ҳажми 2000 йилдагидан анча пасайди.
Беш мамлакатнинг иқтисодий моделлари ва сиёсати ҳам турлича бўлгани сабабли уларнинг кредит рейтинглари ҳам бир-бириникидан тубдан фарқ қилади. Аммо шунда ҳам улар дунё сиёсатига таъсир этишда муҳим ўрин тутиб келмоқда.
S&P Golden Ratings иқтисодий таҳлили жадвалига кўра, Хитой кредит рейтингида A+ рейтингга эга бўлиб тўрт поғона юқорилади. БРИКСнинг қолган аъзолари: Россия ва Ҳиндистон Хитойдан беш поғона пастда бўлса, Жанубий Африка Республикаси ети поғона, Бразилия саккиз поғона пастда қолмоқда.
Сиёсий таъсир борасида гап кетганда БРИКС фаолияти «Катта йигирматалик» (G20), «Катта еттилик» (G7) фаолиятидан самаралироқ кечмоқда. G7 бирор-бир масалада бир тўхтамга кела олмаётган бўлса, G20 молиявий масалаларда келажак ҳақида қайғурмоқда.
Бу орада БРИКС давлатлари бир-бирини яхши англаб ҳаракатланаётган, керак бўлганда бир-бирига кўмак бераётган сиёсий гуруҳга айланиб улгурди. БРИКСга аъзо мамлакатлар ҳар йили саммит ўтказмоқда. Навбатдаги саммит ноябрь ойида Бразилияда ўтказилиши белгиланган. Халқаро молиявий ташкилотларда раҳбарлик мақомини эгаллай олмай келган бу давлатлар ривожланаётган дунёда турли инфратузлималарни молиялаш мақсадида ўз тараққиёт банкини ташкил этди. Мазкур банк ўз фаолиятини бошлаганидан тўрт йил ўтиб, кредит бериш маблағларини 10,2 миллиард долларга етказди. Бу катта маблағ бўлмаса-да, аммо янги тараққиёт банкининг тўланганлик кўрсаткичи бўйича бошқа халқаро банкларникидан ҳавас қилса арзигулик.
Халқаро муносабатларда иқтисодий қудрат ҳал қилувчи, лекин мамлакатнинг қудратли саналиши учун бу ягона мезон эмас. Россиянинг ҳарбий қудрати ва унинг таваккалга тайёрлиги авторитар режим бўғиб ётган самарасиз иқтисодиётга қарамасдан уни дунёвий аҳамиятга молик ўйинчига айлантирмоқда. Бразилия ва Жанубий Африка Республикаси ўз иқтисодиётларини уқувсизлик билан бошқарайтганига қарамай, минтақаларидаги етакчи давлат бўлиб қолмоқда. Шундан ҳам S&P Golden Ratings ўз таҳлилларида БРИКСнинг сиёсий аҳамиятига урғу бермоқда.
Бу мамлакатлар Осиё ва Африканинг зич жойлашган аҳолига эга ва тез ривожланаётган мамлакатлари сингари дунё молиявий тизимида аутсайдерлар бўлиб қолмоқда. Бу тизимда АҚШ ва Европа ишлаб чиқариш даражаси қисқариб бораётган бўлса-да, раҳбарлик қилишда давом этмоқда. Рақобат эса давом этаверади, БРИКС мамлакатлари ҳам дунё сиёсатига таъсир ўтказишда давом этади.
Масжидлар дипломатияси
Мисрда чоп этиладиган Noon Post нашри мусулмон мамлакатларида машҳур бўлиб бораётган масжидлар дипломатияси ҳақида мақола чоп этди. Нашр муаллифлари назарида мусулмон мамлакатлари масжидлар орқали таъсир доирасини хорижда ёйишга интилмоқда. Бу эса дипломатияга янги атама – масжидлар дипломатиясини киритди.
Туркия ва Усмонлилар салтанати соғинчи
Эрдўғон раҳбарлигидаги Адолат ва тараққиёт партияси ҳокимият тепасига келмасдан аввал Туркия ҳукумати чет эл нарёқда турсин, мамлакат ичкарисида ҳам масжид қуришга қизиқмас эди. Ҳозир эса бу масалага ёндашув ўзгарди ва карвон йўлга тушди.
Усмонлилар салтанати вориси сифатида Туркия диний масалалар билан шуғулланадиган жамиятларни қўллай бошлади: Лотин Америкасидан тортиб Осиё ва Африкагача бўлган давлатларда масжид қуриш, қайта қуришга ҳомийлик қилиб келмоқда. Расмий Анқара бу сиёсатни юргизишда диний ишлар қўмитасини ва Усмонлилар меросини қайта тиклашга масъул бўлган Турк агентлиги қошида махсус жамғарма ташкил этиб, улардан кенг фойдаланмоқда.
2018 йил сентябрь ойида Ражаб Тоййиб Эрдўғон Кёльнда Европадаги энг катта масжидни очилишида иштирок этди. Шу ойда Бишкекда имом Сирахсий масжиди очилиши маросимида қатнашди. Айни пайтда ушбу масжид Марказий Осиёдаги ўз бағрига 30 минг мусулмонни сиғдира оладиган масжид бўлиб турибди.
Туркия Беларусь пойтахти Минскда майдони 2 800 квадрат километр бўлган масжид очилиши учун 7 миллион доллар маблағ сарф этди.
2016 йилда ғарбий ярим шарда энг кўп мусулмон жамоаси истиқомат қиладиган Мериленд шаҳрида ислом маданияти маркази ва масжид очилишида иштирок этди.
Туркия ҳозир Куба, Руминия ва Венесуэлада ҳам масжид қуриш режалари борлигини айтмоқда.
Турк ҳукумати баёнотига кўра, Ғарб ва Шарқда масжид қуришдан бош мақсад суннийликни ёйиш ва экстремизмга қарши курашишдир. Аммо айрим сиёсий таҳлилчилар назарида, асосий мақсад бу мамлакатларда турк дипломатияси таъсирини кучайтиришдан иборат. Шу димпломатия туфайли Эрдўғон Ғарбда истиқомат қилувчи турк ватандошлари орасида ўз обрўсини мустаҳкамлаб олди.
Саудия Арабистони қироллари хизматидаги ваҳҳобийлик
Диндан сиёсий мақсадларни кўзлаётганлар орасида Туркия ягона эмас. Саудия Арабистони ҳам ҳар йили 2–3 миллиард маблағни ваҳҳобийлик диний оқимини ёйиш ва масжидлар қуришга сарфлаб келмоқда.
Косоводан тортиб Жакартагача, Буюк Британиядан тортиб АҚШгача ўз диний таълимотини ёйиш мақсадида диний мактабларда имомларни тарбияламоқда ва диний мактабларнинг ўқув қуролларини олиб беришга кўмаклашмоқда.
1982 йилда Саудия Арабистонида бир қатор масжидлар очилишига бош-қош бўлди. Улардан бири Аҳмад Секу Туре масжиди бўлиб, мазкур масжид Саҳрои Кабирдан жанубда жойлашган минтақадаги энг йирик масжиддир.
Бундай кўмак 1980-йиллар бошларида бошланган бўлиб, натижада салафийлар мусулмон жамоати орасида энг қашшоқ аҳоли қатламидан, Африканинг қашшоқ мусулмон жамоаси орасида таълимоти энг обрўли бўлган диний жамоатга айланди. Ўша кезларда бундай таълимот таълимдан бенасиб қолаётган аҳоли орасига жилла қурса маданият олиб келади, билим олиб келади деб қаралар эди.
Бундан ташқари, 1970-йилларда европаликлар назарида ар-Риёд масжид қуришга киришиб кетгани бугунгидек аҳамиятга эга эмас эди. Европа бугун ана шу бепарволик бадалини тўлаётган бўлса не ажаб.
Аммо тез орада ар-Риёднинг Европа қитъасида масжидлар қуриш мақсади йўққа чиқа борди. Саудия масжидларга бошчилик қилиш ғоясидан воз кечди. Бунинг боиси Бельгия ҳукумати Саудия Арабистонини экстремизм ва радикал кайфиятни тарғиб қилаётганликда айблаши эди. Бу эса масжид имомлари маҳаллий мусулмон жамоаси билан мулоқот қилишига йўл очди.
Пойгага қўшилаётган БАА
2010 йил охирида Бирлашган Араб Амирликлари молия вазири Ҳамдам ибн Рашид Роттердамда 3 минг ўринга мўлжалланган масжиднинг очилиш маросимида иштирок этди.
Орадан тўрт йил ўтиб, БАА ҳукумати Фаластинда катталиги жиҳатидан ал-Ақсо масжидидан кейин иккинчи ўринда турадиган масжид барпо этди. Бу масжид БАА президенти шайх Халифа ибн Зайд ан-Наҳаён шарафига номланди.
БААнинг бу сиёсати нафақат диний, балки сиёсий бўлиб, беҳисоб маблағлар ҳисобига қисқа вақт ичида тараққий этган БАА мамлакати имижини ёйиш учун ҳам керак бўлмоқда.
Қатар: рақобат давом этади
2016 йилда Қатар Италияда 43 та масжид қуриш учун 25 миллион доллар маблағ ажратди. Испания ҳукумати эса Қатарга мамлакатда 2020 йилгача 150 та масжид қуришга рухсат берди. 2011 йилдан 2014 йилгача бўлган вақт оралиғида Қатар нодавлат ташкилоти саналадиган Қатар Foundationс орқали Швейцариянинг Берн, Наушатель ва Тичино кантонларида бешта лойиҳани амалга ошириш учун 4 миллион франк маблағ ажратди.
Ҳудуди жиҳатидан анча кичик бўлган Қатар бугун Яқин Шарқдаги вазиятни тартибга солиш борасида халқаро муносабатларда тўлақонли субъект даражасига кўтарилиб олди.
Эрон экспорти
Эрон ҳам Яқин Шарқда ва Африкада таъсир доирасини ёйишга интилиб, фаоллик кўрсатмоқда. Расмий Теҳрон Ироқ, Сурия, Ливан, Баҳрайн, Яманда шиалик оқимини кенгайтиришни йўлга қўйиб олган. Бу мамлакатларда бўлаётган сўнгги пайтдаги сиёсий жараёнлар Эрон сиёсатининг яққол мисолидир.
Авваллари Африка мамлакатларида шиалик мазҳаби мавжуд бўлмаган бўлса, айни пайтда Африкада шиа мазҳабига мансублар сони бир миллиондан ошиб кетди.
Марокаш ҳукумати қўл остидаги сўфийлик
Африка ва Европа қитъасида Марокаш ҳукуматига қарашли кўплаб масждилар фаолият юритиб келмоқда. Марокаш диндан ўз миллий манфаатлари йўлида фойдалана бошлаши 1980 йилларга бориб тақалади. Ўша кезларда Марокаш Африка Иттифоқидан чиқиб кетади ва фаол тарзда диндан ўз нуфузини оширишда фойдалана бошлайди.
Марокашда машҳур бўлган сўфийлик таълимоти Марокаш ҳукуматининг Африкадаги диний дипломатиясини юритишда қўл келмоқда. Сўфийлик таълимоти намояндалари ва мактаблари Африканинг турли минтақаларида, хусусан, Ғарбий Саҳройи Кабир муаммоси масалаларида Марокаш миллий манфаатларига зид келган тақдирда лобббистлар қаршилигига ҳам учрамоқда. Ғарбий Саҳройи Кабир масаласида қабул қилинаётган битимларда Жазоир ёки Полисарио фронтига ён босишга уруниш ҳолати мавжуд бўлган ҳолда сўфий жамоати бу битимни Марокаш манфаатларини ҳам ҳисобга олган ҳолда қайта кўриб чиқишга ундаб келмоқда.
Кечиккан эътироф
Сешанба куни АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси 35 йил давомида илк маротаба арманиларга қарши геноцид уюштирилганини тан олди, деб хабар беради The New York Times нашри.
Миллиондан ортиқ арманини йўқ қилган Усмонлилар салтанати ҳаракатини геноцид дея тан олиш билан АҚШ буни тан олган 30 та давлат қаторига қўшилди.
Вакиллар палатасида қабул қилинган қарор арманилар учун катта аҳамиятга эга. Шунингдек, қарор АҚШ ташқи сиёсати учун ҳақиқат қанчалик муҳим эканини ёдга солади.
Усмонлилар уюштирган геноцид аллақачон исботланган. 1915 йилда бошланган бу қирғин вақтида АҚШнинг ўша вақтдаги элчиси Генри Моргентау Вашингтонга «бутун халқнинг қирғини бўляпти» деб хабар юборган. Ҳозирда АҚШнинг Сурия тасарруфида бўлган Ҳалабдаги консули Вашингтонга «армани халқини бутунлай йўқ қилишнинг батафсил ишлаб чиқилган режаси» ҳақида хабар юборган эди.
ХХ аср бошларида «геноцид» атамаси мавжуд эмас эди. Бу атама кейинчалик – 1944 йилда гитлерчилар яҳудийларни қирғин қилаётганидан ғазабланган полшалик яҳудий, юрист Рафаэль Лемкин томонидан илк марта ишлатилган.
Бугун АҚШда 2 миллионга яқин армани истиқомат қилади; улар арманилар қирғинини яхши эслайди ва хотира маросимлари ўтказиб туради.
Вакиллар палатаси арманиларга қарши геноцидни 1984 йилда тан олган бўлса-да, Конгресс ҳам, республикачилар ҳам, демократлар ҳам Туркияни ранжитмаслик мақсадида «арманиларга нисбатан геноцид» иборасини ишлатмай келарди. Америкалик арманилар эса геносид тан олиниши учун курашиб келди.
Нега бу эътироф бугун янграмоқда? Бу савол иккита хулоса чиқаришга ёрдам беради:
Биринчидан, АҚШнинг шаъни ва обрўси учун Вашингтондаги амалдорлар ҳақиқатни гапириш имконига эга бўлиши керак.
Туркия АҚШга қарши кайфиятга берилмаслиги учун кўп йиллар мобайнида бу очиқ айтилмай келинди. 2005 йилда АҚШнинг Арманистондаги элчиси Жон Эванс арманилар қирғини ХХ асрнинг илк геноциди деб таъкидлаган пайтда расмий Вашингтон элчисини Еревандан зудлик билан чақиртириб олган эди.
Иккинчидан, безори зўравон унинг усуллари иш бераётганини кўрса, авжига чиқиши бор гап. Буни Саудия ва Хитой пўписаларига жавоб бераётганда назарда тутиш даркор. Турк ҳукумати ҳар йили турк манфаатларини ҳимоя қилиш учун лоббистларга миллионлаб доллар харж қилади. Обама президентлиги даврида бу ҳаракатлар учун Туркия 12 миллион доллар сарфлагани ҳам бор гап. Айни вақтда Туркия раҳбарияти геноцид тан олингани учун жавоб ҳаракатлари билан АҚШга таҳдид қилмоқда. Расмий Анқара йирик АҚШ компаниялари билан савдо битимларини тўхтатиб қўйиш, Ироқдаги АҚШ кучлари таъминоти билан шуғулланмаслик ва ҳаттоки хавфсизлик борасида америкаликлар билан олди-берди қилиш билан таҳдид қилмоқда.
АҚШ олий қўмондони Туркия билан муносабатларнинг ёмонлашуви беқарор минтақада нималарга етаклаши мумкинлигидан сергак тортди. Нима бўлганда ҳам, Туркия муносабатлар ёмонлашувидан кўп нарсадан маҳрум бўлиши бор гап.
Эрдўғон ҳукумати АҚШ билан муносабатни узиб, Россия ва Хитойга юз бурадиган бўлса, бу сиёсат армани геноцидининг тан олинишидан эмас, аксинча, Эрдўғон Россия ва Хитойдаги сингари репрессив ҳукмдор эканлигидан далолат бўлади.
Вакиллар палатаси ортидан АҚШ Сенати ва президенти ҳам арманиларга қарсжо уюштирилган геноцидни тан олиши керак.
Жаҳонгир Эргашев тайёрлади.
Изоҳ (0)