АҚШ Суриядаги ҳарбий иштирокини босқичма-босқич қисқартириб, у ерда фақат битта ҳарбий базани қолдиради. Бу ҳақда АҚШнинг Анқарадаги элчиси ва Сурия бўйича махсус вакили Том Баррак маълум қилди.

Режага кўра, АҚШ Суриядаги саккиз ҳарбий базасидан еттитасини, жумладан, шарқдаги Дейр аз-Зор вилоятидаги базаларни ёпади. Фаолият фақат шимоли-шарқдаги Ҳасака вилоятида қолади. АҚШ ҳарбий техникаси ва аскарлари аллақачон бошқа жойга кўчирилаётгани маълум қилинган.
Биз базалар сонини саккизтадан бештагача, кейин эса учтагача қисқартирдик. Охир-оқибат уларнинг сонини биттага қисқартирамиз, деди АҚШ элчиси.
Америка Суриядаги ҳарбийлари сонини ҳам қисқартиришни режалаштирган. Ҳозирда мамлакатда тахминан 2 000 нафар америкалик аскар бор. Контингент қисқаришига ИШИДга қарши курашда сўнгги ўн йил ичида эришилган “сезиларли муваффақиятлар” сабаб қилиб кўрсатилган.
АҚШ бошчилигидаги халқаро коалиция 2014 йилда Сурияда ИШИДга қарши кураш бошлади. Бугунги кунда эса ИШИДнинг фақат “қолдиқлар”и қолгани айтилмоқда. АҚШ элчиси Сурия олдида “ҳали узоқ йўл” борлигини, мамлакатда турли диний ва этник гуруҳларнинг “интеграцияси” қийин кечаётганини айтган.
Бироқ мен ҳаммаси амалга ошишига ишонаман, дея қўшимча қилган АҚШ махсус вакили.
Асад режимининг ағдарилиши
2024 йил охирида Суриядаги “Ҳайъат Таҳрир аш-Шом” гуруҳи бошчилигидаги қуролли кучлар мамлакатнинг йирик шаҳарларини, жумладан пойтахт Дамашқни эгаллаб, президент Башар Асад режимини ағдаришга эришди. У ва отаси Сурияни эллик йилдан ортиқ бошқарган эди. Асад оиласи билан Россияга қочиб кетди.
“Ҳайъат Таҳрир аш-Шом”нинг собиқ раҳбари Аҳмад аш-Шаръа Суриянинг янги президенти эттиб тайинланди. У Ғарб мамлакатлари билан муносабатларни яхшилашни бошламоқчи эканини билдирди. АҚШ ва Европа Иттифоқи май ойида “мамлакатлардаги сиёсий ўзгаришларни қўллаб-қувватлаш мақсадида” Сурияга қарши санкцияларнинг бир қисмини бекор қила бошлади.
Изоҳ (0)