Россия ва Беларусь сентябрь ойида қўшма ҳарбий машғулот ўтказишни режалаштирган. Машғулот доирасида ядро қуроли ва “Орешник” ракеталаридан қандай фойдаланиш мумкинлиги режалаштирилади.
Беларусь ва Россия армияси биргаликда ўтказадиган машғулот ядро қуроли ва “Орешник” ракетасидан қандай фойдаланишни режалаштиришни ўз ичига олади. Бу ҳақда Беларусь мудофаа вазири Виктор Хренин маълум қилди.
Мудофаа вазирининг сўзларига кўра, ядро қуроли ва “Орешник” ракеталаридан фойдаланиш стратегик тийиб туриш воситаси ҳисобланади.

“Бу биз учун энг аввало стратегик тийиб туришнинг муҳим элементи. Давлат раҳбари талаб қилганидек, биз ҳамма нарсага тайёр бўлишимиз керак. Ғарбий ва шимолий чегараларимиздаги вазиятни кўриб турибмиз ва милитаризация ҳамда ҳарбий фаолликни бефарқ кузата олмаймиз. Биз ўзимизнинг очиқлигимиз ва тинчликпарварлигимизни намойиш этамиз, бироқ порохни доимо қуруқ сақлаш керак”, деди Хренин.
Вазир бу қуроллардан фойдаланишни режалаштириш машқлари қандай тарзда амалга оширилишини аниқлаштирмаган.
Россия ва Беларуснинг стратегик ҳарбий машғулотлари 12–16 сентябрь кунлари бўлиб ўтади. Бундан мақсад — Россия ва Беларусга уюштирилиши мумкин бўлган ҳужумларни қайтариш қобилиятини текширишдир.
Қайд этилишича, 2024 йилда Россия ва Беларусь тактик ядро қуроли билан машғулотлар ўтказган эди. Россия Мудофаа вазирлиги бу ҳақдаги хабарларни оммавий равишда эълон қилиб, машғулотни “Ғарбнинг провокацион баёнотлари ва таҳдидларига жавоб” сифатида изоҳлаган.
Meduza нашрига кўра, ядро қуроли билан машғулотлар айрим давлатлар томонидан вақти-вақти билан ўтказилади, бироқ уларнинг аксарияти бошқа мамлакатларга ахборий босим ўтказиш учун уюштирилмайди.
Изоҳ (0)