Руҳий қашшоқлик бу инсон ўзини имкониятлар, ресурслар ва ютуқлар борасида онгсиз равишда чекловчи тафаккур тури ҳисобланади. Бу шунчаки ўзига ишонмаслик эмас, балки инсоннинг ўсишига, ривожланишига тўсқинлик қиладиган, онгида чуқур илдиз отган нотўғри тушунчалардир. Бундай ҳолат ҳаётнинг турли жабҳаларида — молиявий, касбий ёки шахсий соҳаларда намоён бўлиши мумкин. Бу атама ҳақида Россиялик психолог Виктория Силка батафсил тушунтирди.

Руҳий қашшоқликнинг белгилари:
🔹 Етишмовчилик ҳақида фикрлар — доим нимадир етишмаётгандек ҳис қилиш: бундай одамлар ҳар доим ўз олдига қўйган мақсадига эриша олмаслик учун сабаб топади.
🔹 Ўзини бошқалар билан солиштириш — бошқа инсонларнинг ютуқларини таҳлил қилиш ва ўзини паст кўриш. Бу одамлар кўпинча фақат бошқаларнинг муваффақиятига қараб яшайди, ўзининг эришган нарсаларини унутади.
🔹 Муваффақиятдан қўрқиш — комфорт зонадан чиқишга нисбатан ички қўрқув. Улар баъзида ўзининг ютуқларини ўзи бузади, чунки ўзгаришлардан қўрқади.
🔹 Ўзини қурбон қилиш — доим бошқаларнинг манфаатини ўз манфаатидан устун қўйиш одати. Бундай одамлар ўз истаклари ва эҳтиёжлари учун ўзини айбдор ҳис қилади.
🔹 Эришган нарсаларни қадрламаслик — ўзининг ютуқ ва иқтидорларини тан олишни билмаслик. Бундай одамлар муваффақиятларини бахт ёки тасодиф деб ҳисоблаб, ўзини заифлаштиради.
Руҳий қашшоқликнинг хавфи нимада?
Психологик қотиб қолиш — руҳий қашшоқликнинг биринчи ва энг аниқ белгисидир. Инсон бир жойда тўхтаб қолади, мотивациясини йўқотади ва аста-секин ёмонлашади. Ривожланиш умуман бўлмайди.

Доимий ўзини бошқалар билан солиштириш оқибатида ижтимоий изоляция юзага келади. Инсон ўзининг “камчиликларини” кўрсатишдан қўрқиб, мулоқотдан қочишни бошлайди. Бу эса ёпиқ айлана ҳосил қилади: мулоқот қанча камайса, изоляция ҳисси шунча кучаяди.
Молиявий қийинчиликлар — одамнинг ўз имкониятларига ишонмаслиги ва ўзини чеклаши натижасидир. Инсон моддий ҳолатини яхшилаш имкониятига ишонмайди, бу эса доимий молиявий муаммоларга олиб келади.
Оилавий қарашлар руҳий қашшоқликнинг шаклланишида муҳим рол ўйнайди. “Пул ёмон”, “бойларнинг ҳаммаси ёмон”, “олий маълумот муваффақиятни кафолатламайди” каби иборалар болаликдан онг остига сингдирилади. Бу қарашлар авлоддан-авлодга ўтиши мумкин. Ижтимоий муҳит эса бу қарашларни кучайтиради. Агар сизнинг атрофингизда шундай фикрловчи одамлар кўп бўлса, бу доирадан чиқиш қийинлашади. Муҳит умумий эътиқод, қадрият, фикрлаш тарзини ва хулқ-атворни шакллантиради.
Шахсий муваффақиятсизликлар эса салбий ишончларни мустаҳкамлайди. Бир муваффақиятсизлик кўплаб имкониятларни бекор қилиши мумкин. Муҳими шундаки, муваффақиятсизликлар мақсадга эришиш йўлида оддий қисм ҳисобланади.
Изоҳ (0)