Англиялик ҳужумчи, ҳозирда Германиянинг “Бавария” клуби шарафини ҳимоя қилаётган Ҳарри Кейн туманли Албионга қайтиши мумкин. DeadlineDayLive нашрининг хабарига кўра, “Манчестер Юнайтед” 32 ёшли форвардни ўз сафига қўшиб олишни истамоқда.

Манбага кўра, Ҳарри Кейн билан “Бавария” ўртасидаги шартномада махсус банд мавжуд. Яъни, агар футболчи бошқа жамоага ўтишни истаса, Мюнхен клуби бунга тўсқинлик қила олмайди. “Қизил иблислар” эса айнан шу бандни фаоллаштириш орқали ҳужумчини қўлга киритишни режалаштирган. Кейн “немис машинаси” сафини тарк этмоқчи бўлса, харидор клуб уни 65 миллион евро эвазига сотиб олиши керак бўлади.
Аввалроқ Каталониянинг “Барселона” клуби ҳам Ҳарри Кейнни 2026 йилда сотиб олишни режалаштираётгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Хабарларга кўра, “кўк-анорранглилар” устози ҳужум чизиғини кучайтириш учун инглиз футболчисининг номзодини илгари сурган.
Маълумот учун, Ҳарри Кейн учун Англия Премьер Лигаси бегона эмас. У бунга қадар Лондоннинг “Тоттенҳэм” клуби шарафини ҳимоя қилган ва 2023 йил ёзида “шпорлар” сафидан “Бавария”га трансфер қилинганди.
- Ҳарри Кейн 2024/25 йилги мавсумда “Бавария” сафида жами 51 ўйинда майдонга тушиб, 41 гол ва 14 голли узатмага муаллифлик қилган.
- Transfermarkt портали унинг қийматини 75 миллион еврога баҳоламоқда.
- Кейннинг “Бавария” билан амалдаги шартномаси 2027 йил ёзигача мўлжалланган.
Изоҳ (0)