АҚШ президенти Дональд Трамп инаугурация қилинганидан бери ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғида 2,2 мингдан ортиқ хабарларни эълон қилди. Бу унинг 2017-2021 йиллардаги биринчи президентлик давридаги шу даврга нисбатан уч баравардан кўпроқ, деб ёзмоқда The Washington Post газетаси.

Биринчи муддат давомида Трамп Х'дан фойдаланган, бироқ 2021 йил 6 январда унинг тарафдорлари Капитолийга бостириб кирганидан кейин сиёсатчининг аккаунти ушбу платформа маъмурияти томонидан блокланган. 2022 йилда Х'нинг янги эгаси бўлган Илон Маск блокировкани бекор қилди, аммо ўша пайтга келиб Трамп ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғидан фойдаланган ва у ерда ҳозирда деярли ҳар куни хабарлар жойлаштиришни давом эттирмоқда.
Нашрнинг эслатишича, Америка президенти ўз тарафдорлари билан мулоқот қилиш учун ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни 10 йил олдин бошлаган, бироқ сўнгги пайтларда унинг фаоллиги сезиларли даражада ошган. Агар 2017 йилда президент Twitter'да кунига кўпи билан 14 та хабар қолдирган бўлса, иккинчи муддатдаги тегишли кўрсаткич деярли 10 баравар кўп - Truth Social'да 138 та пост.

Оқ уйнинг исми ошкор этилмаган ходимининг сўзларига кўра, Трампга ижтимоий тармоқларда шахсий аккаунтларни юритишда ёрдамчиларнинг кичик гуруҳи кўмаклашмоқда. Хусусан, унга президент ёрдамчиси ва Оқ уй аппарати раҳбари ўринбосари Ден Скавино, Натали Харпнинг ёрдамчиси киради. Иккаласи ҳам Трамп ҳақидаги ҳужжатли сериал суратга олинаётганда видеога тушган, кадрларда Трамп уларга ўз хабарларини кейинчалик Truth Social'да чоп этиш учун айтиб туриб ёздирганини кўриш мумкин.
Президентнинг ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифалари учун Оқ уйнинг бошқа ходимлари масъул бўлиб, улар фақат баъзида расмий баёнотларни келишиш учун президент билан боғланишади.
“Шу билан бирга, президент кўпинча хабарларни мустақил равишда эълон қилади, Оқ уй аппарати ходимларини ярим тунда ёки эрта тонгда телевизорда янгиликларни томоша қилаётганда ғафлатда қолдиради”, деди нашр суҳбатдоши.
Газетанинг ёзишича, Трампнинг сафдошлари у Truth Social'га кўп куч сарфлайди, деб ҳисоблайди. Чунки у ушбу ижтимоий тармоққа эгалик қилади ва лойиҳанинг муваффақиятидан фойда олиши мумкин. Унинг бошқарув компаниясидаги улуши 2 миллиард доллардан ортиқ баҳоланмоқда.
“Бундан ташқари, платформа унга оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда кун тартибини белгилаш имконини беради. Чунки унинг хабарлари кўплаб тарафдорлар томонидан илиб олинади ва бошқа платформаларга тарқатилади”, дейди Kornell университети доценти Клер Уордл.

“Бугунги кунда ахборот муҳити 2017 йилдагидан кўра бошқачароқ, ўта тарқоқ, аммо ҳамон ўша-ўша таъсирчан. Агар Truth Social'да вақт ўтказмасангиз, буни эътиборсиз қолдириш осон, лекин буни қилганлар муқаррар равишда бу постларга кўзи тушади ва улар кўрадиган ва ўқийдиган барча саҳифаларда, почта хабарларида, подкастларда кучайтирилган ва такрорланадиган тезисларни кўради. Агар бу таъсир кўрсатмаганида, у Truth Social'дан фойдаланмаган бўларди”, дея тушунтирди Уордл.
Изоҳ (0)