Сирдарё вилояти Гулистон туманида она 1 ёшли фарзандини сотмоқчи бўлгани аниқланди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси «Дарё»га хабар қилди.
Қайд этилишича, Сирдарё вилояти ИИБ ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг вилояти бошқармаси ҳамда ДХХ вилояти бошқармаси ходимлари ҳамкорликда Гулистон шаҳар ҳудудида тезкор тадбир ўтказган. Унда Гулистон шаҳрида яшаб келаётган фуқаро О.У (1996 йилда Сирдарё вилояти Ховос туманида туғилган) ўзининг 2021 йил 3 июнь куни туғилган фарзанди О.Ш.ни ўн саккиз ёшга тўлмаганини ва ожиз аҳволдалигини била туриб, тадбирга жалб қилинган «харидор» фуқаро М.Г.га 15 минг доллар эвазига сотган вақтда ушланган. Ундан кимёвий ишлов берилган пуллар далилий ашё сифатида олинган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 135-моддаси 3-қисми «а» банди (ўн саккиз ёшга тўлмаганлиги айбдорга аён бўлган шахсга нисбатан содир этилган одам савдоси) билан жиноят иши қўзғатилган. Унга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.
Бундан олдин Тошкент вилоятида бир ёшли ўғлини 9 минг долларга сотишга уринган эр-хотинга суд ҳукми ўқилгани, Самарқандда аёл уй олиш учун 6 ёшли ўғлини 6 минг долларга сотмоқчи бўлганида қўлга олингани ҳамда Навоийда фарзандини 85 миллион сўмга сотишга уринган эр-хотин жиноят устида қўлга олингани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)