Volkswagen “Ўзавтосаноат” билан ҳамкорликда Ўзбекистонда автомобиль ишлаб чиқаришни бошлайди.

“Ўзавтосаноат” матбуот хизматининг маълум қилишича, IV Тошкент Халқаро Инвестиция форуми доирасида Volkswagen АG ва “Ўзавтосаноат” АЖ таркибий корхонаси — Alyans Auto компанияси ўртасида замонавий енгил автомобиллар, седанлардан тортиб то тўлиқ ўлчамли кроссоверларгача бўлган модел қаторини кенгайтириш бўйича янги келишув имзоланди.
Барча моделлар маҳаллий бозор шароитлари ва истеъмолчилар талабларига мослаштирилади.
Имзоланган келишув ҳамкорликнинг изчиллиги ва стратегик йўналишини акс эттириб, муваффақиятли ҳамкорликнинг мантиқий давоми ва Volkswagen брендининг минтақадаги барқарор ривожланиш йўлидаги муҳим қадами бўлди.
-aYj9hSm8.avif)
“Минтақанинг юрагида жойлашган Ўзбекистон автомобиль ишлаб чиқариш ва экспортини ташкил этиш учун кенг имкониятлар очади. Ушбу ҳамкорликни биз Volkswagenʼнинг бозордаги барқарор иштирокини кенгайтириш йўлидаги муҳим қадам деб биламиз”, деган Volkswagen АG бошқарув кенгашининг савдо, маркетинг ва сотувдан кейинги хизмат кўрсатиш бўйича аъзоси Мартин Сандер.
Лойиҳа доирасида янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш, маҳаллийлаштириш даражасини ошириш, технологияларни узатиш ва мамлакатнинг автомобиль саноати экспорт салоҳиятини ривожлантириш режалаштирилган.
Оммавий ишлаб чиқаришни бошлаш 2025 йил IV чорагига мўлжалланган.
Volkswagen брендининг Ўзбекистон бозоридаги мавжудлиги 2019 йилда Жиззах шаҳридаги ишлаб чиқариш майдончасида Caddy енгил тижорат автомобиллари ва Skoda Kodiaq оилавий кроссоверининг йиғилиши билан бошланган. Корхона Жиззах Ауто бренди остида Volkswagen ва Skoda расмий ишлаб чиқарувчиси ва дистрибютори сифатида фаолият кўрсатди.
2020 йилда “Ўзавтосаноат” ва Volkswagen Group Rus “Жиззах” эркин иқтисодий зонасидаги Жиззах автомобиль заводида (Jizzakh Auto) енгил тижорат автомобилларини ишлаб чиқариш бўйича шартнома имзолаганди. Ўша йилнинг ёзида Volkswagen, кузда эса Skodа тижорий автомобиллар сотуви бошланди.
Volkswagen компаниясининг BPDD корпоратив аудити натижаларига кўра, 2025 йилда компания сифат ва мижозларга йўналтирилган стандартларга содиқ қолган ҳолда Alyans Autо номи остида ребрендинг ва фаолиятини давом эттирди.
Изоҳ (0)