Ўзбекистон ва Германия Президентларининг музокаралари якунида икки томонлама ҳужжатларни имзолаш маросими бўлди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати маълум қилди.
Ахборот алмашиш ва уни ҳимоя қилиш, парник газлари чиқарилишини камайтириш ва иқлим ўзгаришларига мослашиш, Volkswagen компанияси билан ҳамкорликда тижорат автомобиллари ишлаб чиқариш тўғрисида ва бошқа ҳужжатлар имзоланди.
Президент ушбу келишувлар, айниқса, Ўзбекистон Фанлар академияси билан Германиянинг Integra ва Vamed Engineering компаниялари ҳамкорлигида Тошкент шаҳрида Ядровий тиббиёт ва нурли терапия марказини ташкил этиш бўйича битим катта аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
Оммавий ахборот воситалари учун ўтказилган брифингда Президентлар музокаралар анъанавий дўстлик, очиқлик ва ўзаро англашув руҳида ўтгани, муҳим келишувларга эришилганини қайд этди.
Шавкат Мирзиёев ижтимоий-иқтисодий ва илмий-маданий муносабатлар ривожига ҳисса қўшиб келаётган Германия ташкилотлари ва вакилларига миннатдорлик билдирди.
Германия президенти Франк-Вальтер Штайнмайернинг Ўзбекистонга расмий ташрифи давом этмоқда.
Изоҳ (0)