2022 йилнинг 1 январидан Ўзбекистондаги 9 минг 259 та маҳаллада ҳоким ёрдамчилари иш бошлади. Бу лавозим вакиллари ҳозирча ижобий ишлар, ташаббуслар билан эмас, балки баъзи ходимларнинг салбий хатти-ҳаракати орқали жамоатчилик назарига тушиб, муҳокамаларни келтириб чиқармоқда. Ташкил этилганига ҳали ярим йил ҳам тўлмаган ушбу лавозим эгалари коррупцион ҳолатларга қўл уриш бўйича гўёки ўзаро мусобақа ўйнаётгандек тасаввур уйғотмоқда. Мазкур лавозим нима мақсадда ташкил этилган ўзи, нима учун пора олаётган ҳоким ёрдамчилари сони ортиб боряпти, бунга қандай омиллар сабаб бўлмоқда, бунинг ечими борми? «Дарё» мухбири шу каби қатор саволларга жавоб излади.
Дунёда йўқ тажрибанинг Ўзбекистонда жорий этилиши
Ҳоким ёрдамчилари лавозимини жорий этиш фикри 2021 йилнинг октябрида илгари сурилган. Аниқроғи, Шавкат Мирзиёев қашқадарёлик сайловчилар билан ўтказилган учрашувда кичик тадбиркорликни ривожлантириш, ишсизликни камайтириш ва камбағалликни қисқартириш мақсадида ҳар бир маҳаллада ҳоким ёрдамчилари бўлишини таклиф қилган.
Ҳоким ёрдамчиси лавозимига қўйишдан олдин 2 ой давомида янги тизим асосида ишлашга ўқитамиз, 2-3 йил маҳаллада ишлаб, ўзини кўрсатганларини келгусида раҳбарлик лавозимларига қўямиз.2021 йилнинг ноябрь ойида президент раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида 2022 йилнинг 1 январидан республиканинг 9 минг 259 та маҳалласида ҳоким ёрдамчилари иш бошлаши маълум қилинган. Давлат раҳбари 2021 йил 23 ноябрь куни Шайхонтоҳур туманига ташрифи давомида маҳаллаларда ҳоким ёрдамчиси ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимининг ёрдамчиси — ёшлар етакчиси лавозимларини жорий этиш масаласига алоҳида эътибор қаратган.Шавкат Мирзиёев, Ўзбекистон президенти
Дунёда бундай тажриба ҳам, китоб ҳам йўқ. Бунинг учун аввало фидойи бўлиш, халқни севиш керак. Бу икки лавозимда ишлайдиганлар маҳаллада ислоҳотлар пойдевори бўлади. Улар тадбиркорликни ривожлантириш, ишсизликни камайтириш, ёшларни қўллаб-қувватлаш бўйича давлат сиёсатини амалга оширади. Бу жуда катта масъулият ва шараф.2021 йилнинг декабрида давлат раҳбари раислигида ўтказилган ипотека ва қурилиш материаллари мавзусидаги видеоселектор йиғилишда ўзини яхши кўрсатган ҳоким ёрдамчилари ва республика вакиллари мукофотланиши, йил натижалари бўйича эса «Янги Ўзбекистон ислоҳотчиси» кўкрак нишонига тавсия қилиниши, уларга ипотека асосида квартира олишда 50 фоизгача субсидия ажратилиши таъкидланган.Шавкат Мирзиёев, Ўзбекистон президенти
Ҳоким ёрдамчилари қанча маош олади?
Президентнинг «Маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчилари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ ҳоким ёрдамчиларининг ойлик иш ҳақи миқдори улар бириктирилган маҳалладаги хонадонлар сонига мутаносиб равишда белгиланади:
- хонадонлар сони 500 тагача бўлган маҳаллада – меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 6 баравари миқдорида (4 миллион 932 минг сўм);
- хонадонлар сони 501 тадан 1 000 тагача бўлган маҳаллада – меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 6,5 баравари миқдорида (5 миллион 343 минг сўм);
- хонадонлар сони 1 000 тадан ортиқ бўлган маҳаллада – меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 7 баравари миқдорида (5 миллион 754 минг сўм).
«Харажатлар ва тафовутлар қоплаб берилмоқда»
Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги ҳоким ёрдамчилари фаолиятини мувофиқлаштириб, назорат қилиб борувчи ташкилот ҳисобланади. Агентлик бошқарма бошлиғи ўринбосари Шерзод Отажоновнинг таъкидлашича, ҳоким ёрдамчиларининг 30 фоизи аввал банк соҳасида ишлаган, қолгани давлат бошқарув органларининг собиқ ходимларидир. Ҳоким ёрдамчиларининг умумий сони 9 минг 341 нафар бўлса, шундан 1000 зиёди хотин-қизларни ташкил қилади. Ушбу янги лавозимга энг камида беш йил иш стажига эга ходимлар синов асосида саралаб олинган.
«Ҳоким ёрдамчиси лавозимини жорий этиш бўйича президент қарори ва фармони чиққанидан сўнг эътирозлар пайдо бўлди. Бунга сабаб маош масаласи эди. ‘Мен олдинги ишимда 20 миллион ойлик олардим, ҳоким ёрдамчиси бўлсам, 5 миллион маош бериларкан’, ‘Оилам шаҳарда, ўзим эса чекка ҳудудга бориб ишласам, кунлик харажатларим кўпайиб кетади’, деган турли эътирозлар билдирилган ва уларнинг барчаси ўринли эди.
Бу каби хавотирлар ва тафовутларни бартараф этиш мақсадида ҳоким ёрдамчилари учун алоҳида жамғарма ташкил этилди. Жамғармага пул ўтказилган ҳолда биринчи чорак якуни бўйича барча ҳоким ёрдамчиларига тўлиқ компенсация тўлаб берилди. Яъни уч ой давомида қилган харажатлари, олдинги ва ҳозирги лавозимидаги маошлар ўртасидаги тафовутлар тўлиқ қопланди. Ҳоким ёрдамчилари фақат асослаб, харажатлар чекларини тақдим қилиши керак. Бу ҳар чорак якунида амалга оширилиши белгиланган», — дейди агентлик вакили.
«Ихтиёри билан ариза ёзганлар ҳам бор»
Шерзод Отажоновнинг қайд этишича, ҳоким ёрдамчилари қилган ишларини «Онлайн маҳалла» электрон платформасига киритиб боради ва самарадорлик кўрсаткичлари KPI баҳолаш тизими орқали баҳоланади. Баҳолаш тизимида 91 баллдан юқориси аъло, 81 дан 91 гача яхши, 70 дан 81 гача қониқарли, 70 баллдан пасти қониқарсиз ҳисобланади.
«Биринчи чоракда 800 нафарга яқин ҳоким ёрдамчиси 91 баллдан юқори баҳо олди ва улар рағбатлантирилди. 6,5 мингга яқини 71 баллдан паст баҳо билан қониқарсиз фаолият юритган деб топилди. Улар орасида 50 баллдан паст олганлар кўпчиликни ташкил этади ва талай қисми ишдан олинди, ўз ихтиёри билан ариза ёзганлар ҳам бор.
Ҳоким ёрдамчиларининг фаолияти 10 та кўрсаткич бўйича баҳолаб борилади. Улар томонидан хатлов асосида йиғилган маълумотларнинг тўлиқ ва аниқлиги, кредит чиқаришдаги жараён ва самарадорлик, фуқароларнинг ўзини-ўзи банд қилишдаги натижалар, маҳалладаги тадбиркорлик субъектлари сони ва фаолияти, аҳоли бандлигини таъминлаб, камбағалликни камайтириш ҳамда ишга жойлаштиришдан аввал ишсизларнинг билим, кўникмаларни ошириш учун турли ўқишларга йўналтиришдаги саъй-ҳаракатлари баҳоланади.
Шундан кейин шахсий хусусиятлардан келиб чиққан ҳолда тўрт киши, яъни туман (шаҳар) маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш маркази раҳбари, туман ҳокимининг биринчи ўринбосари, маҳалла раиси ва агентликдан бириктирилган вакил томонидан баҳо қўйилади», — дейди у.
Кўпайиб бораётган порахўр ҳоким ёрдамчилари
Мазкур лавозим жорий этилгач, орадан бир неча ой ўтиб, коррупцион ҳолатлар иштирокчисига айланган ва қўлга тушган ҳоким ёрдамчилари ҳақидаги хабарлар ижтимоий тармоқларда тарқала бошлади.
Оммага очиқланган биринчи жиноят 2022 йил март ойи бошида Сурхондарё вилоятида кузатилди. Жарқўрғон тумани ҳокими ёрдамчиси Б.Х. фуқародан 5,5 миллион сўмни фирибгарлик йўли билан олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Бу каби ҳолатлар апрель ойида бир неча марта кузатилди. Хусусан, тадбиркорнинг 15,5 минг долларини қўлга киритган Зангиота тумани ҳокими ёрдамчиси ва унинг шериги ДХХ томонидан ушланди. Наманган вилояти Чуст туманида фуқарога фермер хўжалиги ер майдонини олиб бермоқчи бўлган ҳоким ёрдамчиси ва унинг шериклари, Тошкент туманида ер майдонини синфдошига расмийлаштириб беришга уринган ҳоким ёрдамчиси пора билан қўлга тушди.
19 апрель куни Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган йиғилишда Тўрақўрғон тумани «Шарқ» маҳалласидаги ҳоким ёрдамчиси имтиёзли кредитга тавсия бериш учун пора олаётганда ушланиб, 5 йилга озодликдан маҳрум этилгани маълум бўлди. Бу каби ҳолатлар Мирзо Улуғбек, Юнусобод, Бўка, Бахмал туманлари, Марғилон, Ширин шаҳарларида ҳам содир этилгани очиқланди.
Май ойининг ўтган даврида бундай ҳолат икки марта кузатилгани ОАВда маълум қилинди. Тошкент шаҳридаги ҳоким ёрдамчиларининг бири 35 минг доллар пора олган вақтида, Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманидаги «Жонбулоқ» МФЙ ҳоким ёрдамчиси Қарши туманида яшовчи фуқарони Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қашқадарё филиалига фелдшер лавозимига ишга киритиб қўйишни ваъда қилиб, эвазига ундан 300 доллар пул олаётганида қўлга олинди.
Тошкент шаҳрининг Учтепа тумани ҳокими фармойиши билан берилаётган топшириқларни ўз вақтида бажармасдан ишига масъулиятсизлик қилаётган ва 2022 йилнинг биринчи чорак якунлари бўйича паст кўрсаткични қайд этган 30 дан зиёд ҳоким ёрдамчиси ҳайфсан олганлиги ва уларнинг рўйхати эълон қилинди.
Шавкат Мирзиёев тамагир ҳоким ёрдамчиларини танқид қилди
Президент апрель ойидаги видеоселектор йиғилишларнинг бирида маҳаллабай ишлаш тизимида камчиликка йўл қўйган ҳоким ёрдамчилари ҳақида гапираркан, «Жойлардаги айрим ҳоким ёрдамчилари кредит, субсидия, ер олиб бераман, деб тамагирлик қилаётгани жуда ачинарли ҳолатдир», — дея уларни танқид қилди.
22 апрель куни Қарши шаҳрида бўлиб ўтган халқ депутатлари вилоят кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида ҳам президент ҳоким ёрдамчилари ҳақида сўз юритди.
«Ҳозир ҳоким ёрдамчиларини кўпчилик ёқтирмаяпти. Аммо уларга ишониш зарур, раҳбарлар улар билан гаплашишлари керак. Кеча Қамашидаги ҳоким ёрдамчиси билан гаплашдим. У йил охирига қадар туманда ишсизлар қолмаслигини айтди. Шу каби ишларни амалга ошириш зарур», — деди давлат раҳбари.
«Ҳоким ёрдамчиларини ёки тизимни айблаш нотўғри»
Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги бошқарма бошлиғи ўринбосари Шерзод Отажонов тизимда кузатилаётган коррупцион ҳолатлар тўғрисида гапираркан, хусусан, шундай деди:
«Беш қўл баробар бўлмаганидек, ҳоким ёрдамчилари орасида қинғир йўлларга ўтаётганлар ҳам учраб турибди. Бунинг бир қанча сабаблари бор. Инсон омили олиб ташланмагунича, тизим автоматлаштирилмагунича коррупция бўлаверади. Ҳар қандай тизим рақамлаштирилсагина коррупцион ҳолатлар камаяди ёки барҳам берилади.
Бизнинг тизим ташкил этилганига энди беш ой бўлди. Бу вақт орасида коррупция ҳолатларини учраётгани ачинарли. Аммо бу каби ҳолатларда фақат ҳоким ёрдамчисини ёки тизимни айблаш нотўғри. Вазиятни охиригача ўрганиб, хулоса чиқариш керак. Балки, ташаббус фуқаролардан ҳам чиқаётган бўлиши мумкин.
Коррупция ҳолатларига ҳоким ёрдамчиларининг маошини сабаб қилиб кўрсатиш хато. Чунки бугунги кунда уларнинг ўртача ойлиги 5 миллион 300 мингни ташкил этади. KPI баҳолаш тизимида 90 баллдан юқори олганларга маошидан 50 фоиз миқдорида устама пули қўшиб бериляпти. Юқорида айтганимдек, олдинги ишига нисбатан компенсация ҳам қопланмоқда.
Ўн, ўн беш йилдан бери фаолият юритаётган турли вазирлик ва ташкилотларда ҳалигача коррупцион ҳолатлар кузатилмоқда. Ҳоким ёрдамчилари тизими эса 2022 йил бошида йўлга қўйилди. Агентлигимиз янги ва тизим ҳали тўлиқ ишга тушгани йўқ, бунга бироз вақт керак. Шундай бўлса-да, ўтган вақт ичида салкам етти миллион хонадон ҳақидаги маълумотлар, аҳолининг истаклари, иқтисодий аҳволи ўрганилди, хатловдан ўтказилди. Бу маълумотларни уйма-уй юриб йиғиш ҳам, маълумотлар базасига киритиш ҳам осон жараён эмас».
«Онлайн маҳалла» платформасига бириктирилган прокурорлар
Шерзод Отажонов коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш борасида қилинаётган ишлар ҳақида сўз юритди.
«Коррупцион ҳолатларга йўл қўймаслик ва мониторинг назоратни кучайтириш мақсадида «Онлайн маҳалла» электрон платформасига прокурорлар ҳам бириктирилган. Улар платформага киритилаётган маълумотлар ҳақиқийлигини текширади, ҳоким ёрдамчиларинг ноқонуний ишларини кузатиб боради. Айни пайтда ҳоким ёрдамчиларининг барчасини онлайн мониторинг қилиб бориш тизимини ишга тушириш устида ишлар олиб борилмоқда.
Яқин орада «Онлайн маҳалла» электрон платформасига ҳоким ёрдамчисининг маълумот киритишини тўхтатиб, тугмачани босиш функциясини йўлга қўймоқчимиз. Шу орқали унинг хатоси олдиндан маълум бўлади. Ҳозирги пайтда платформага ҳоким ёрдамчиси бирданига бир қанча маълумотларни киритиб юборяпти. Улардан қайси бирида хато борлигини билишимиз учун анча вақт кетяпти, баъзан коррупцион ҳолатлар ҳам учрамоқда. Тугмачани босиш амалиёти йўлга қўйилгач, маълумотлардаги хатодан эртароқ хабардор бўламиз. Бугунги кунда бу функцияни тўлиқ рақамлаштириш жараёни кетяпти.
Бундан ташқари, тарғибот-тушунтириш ишлари ҳам олиб бориляпти, семинар ва йиғилишлар ўтказилмоқда. Ҳозирги кунгача олти минг ҳоким ёрдамчисига планшет тарқатилди. Қолганларига ҳам гаджет берилиши режалаштирилган», — дейди Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги бошқарма бошлиғи ўринбосари.
«Коррупция балоси қийнайди»
Каттақўрғон шаҳар ҳокими, сенатор Гавҳар Алимованинг таъкидлашича, ноинсоф одамлар катта маош олган тақдирда ҳам коррупция ҳолатига барибир қўл ураверади.
«Ҳоким ёрдамчиси лавозими жудаям керак эди. Шу тизим йўлга қўйилгач, ҳокимларнинг юки енгил бўляпти, маҳаллага нисбатан қўлларини янада узайтирди. Бир ҳокимнинг ўзи ҳамма маҳаллани қамраб олиши қийин. Эндиликда унинг ҳар бир маҳаллада ёрдамчиси, ишончли вакили бор.
Ҳоким сифатида ёрдамчиларим фаолиятини бирма-бир маҳалласига бориб ўрганяпман. Аксарияти натижа кўрсатяпти, фуқаролар уларга ўз муаммосини айтяпти, ечим топиляпти. Улар билан доимий алоқадамиз, Telegram’да гуруҳ ҳам очганмиз. Ким қайси масалада қийинчиликка учраётган бўлса биргаликда ҳал қиляпмиз.
Ота-боболаримиз ‘Букрини гўр тўғирлайди’, деб бежиз айтмаган. Президент ишончи, яхши маошга муносиб ишламаётган ёки шунча семинар, йиғилишлар ўтказилишига қарамай, коррупцияга қўл ураётганлар ҳам, минг афсуски, учраб турибди. Коррупция балоси, албатта, қийнайди. Одамни ичига кириб бўлмас экан.
Коррупцияга қўл урмасликка қарши жуда қаттиқ турганмиз, йиғилишлар ўтказиб, огоҳлантиряпмиз. Яхши ойлик берилади, етарли шароитлар яратилган. Аммо одам отни калласидек маош олса ҳам, агар виждонсиз, инсофсиз бўлса, қиладиган ишини қилаверади. Асосийси, Худо барчага инсоф берсин, дейман.
Туманимизда 36 та маҳалла бор. Самарали фаолият юритмаётган уч ҳоким ёрдамчисини ишдан олдик. Бошида ваъдалар бошқача эди. Аммо ишга киришгач, натижа кўрсата олмади. Халқ билан барча ҳам ҳамнафас бўлиб ишлай олмас экан. Ватанпарварлик, фидойилик бўлмаса қийин. Айни пайтда 33 та маҳалладаги ёрдамчиларим яхши ишлаяпти.
Ҳоким ёрдамчиларининг иш фаолиятини янада яхшилаш учун уларнинг ишини жиддий баҳолаб бориш зарур. Рейтинг бўйича юқори балл олганларни рағбатлантириш, давлат мукофотлари бериш керак. Паст баллни олганларни ишдан олиш масаласини қўйиш лозим. Фаолияти қизил чизиққа тушдими, ишлашга ҳаққи йўқ», — дейди Гавҳар Алимова.
«Жамоатчилик назорати кучайтирилиши зарур»
Ғузор тумани ҳокими Бекзод Суюнов инсон омили бор жойда коррупцион ҳолатлар, албатта, кузатилишини қайд этди.
«Ҳоким ёрдамчиси лавозимининг жорий қилиниши Ўзбекистонда аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағаллар сонини қисқартириш йўлидаги катта бир қадам бўлди. Биз ҳокимлар шу тизимни тўлиқ ишга тушишида бош бўлишимиз керак.
Ҳар қандай ташкилотда ҳам яхши ишлайдиган ходимлардан ташқари, тажрибасизлари, қониқарсиз фаолият юритадиганлари бўлиши шубҳасиз. Тумандаги 51 нафар ҳоким ёрдамчилари ичида тажрибаси ёки салоҳияти етарли бўлмаганлари бор. Пора олишга мойиллиги борлар ҳам бўлиши мумкин. Лекин буни одамнинг кўзига қараб билишнинг иложи йўқ экан.
Яқинда туманимиздаги «Жонбулоқ» маҳалласи ҳоким ёрдамчиси Э.Ф.нинг қилган хатти-ҳаракати мени жуда ранжитди. Аслида ҳолат Қарши шаҳрида юз берган, иш сўраган ҳам, иш берган ташкилот ҳам Ғузорда жойлашмаган. Ф.Э. олдин вилоят бандлик бошқармасида ишлагани учун танишлари ўртасида воситачилик қилиб, коррупцияга қўл урган. Бу ҳолатни Ғузорга умуман алоқаси йўқ, ҳозирги ваколатидан фойдаланмаган. Лекин унинг жиноятини оқлаб бўлмайди, у тизимга, туманимизга ва ҳалол ишлаётган ҳоким ёрдамчилари номига доғ туширди.
Бу каби ҳолатларга қарши курашиш учун тизим тўлиқ рақамлаштирилиши керак. Чунки инсон омили бор жойда коррупцион ҳолатлар албатта кузатилади. Шунингдек, жамоатчилик назорати ҳам кучайтирилиши зарур, деб ўйлайман», — дейди Ғузор тумани раҳбари.
«Ҳоким ўринбосари ва ҳоким ёрдамчисининг фарқи деярли йўқ»
Иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Барногул Саноқулованинг қайд этишича, ҳоким ёрдамчиларининг ушбу лавозимни қай тартибда эгаллаганини жамоатчилик билиши керак.
«Ҳоким ёрдамчиси лавозими ташкил этилган вақтда тегишли ҳуқуқий ҳужжатлар билан танишиб чиққанман. Бир кадрга турли вазифаларнинг юклатилганини ўқиб, бу тизимни қўллаб-қувватлаш фикридан қайтганман. Чунки бир одамга кўп ваколатнинг берилиши шубҳасиз ўша ваколатни суиистеъмол қилинишига олиб келади. Шунингдек, жазоланиш тартиби ҳам қатъий белгиланмаган. Шу боис ҳам ҳоким ёрдамчилари орасида воситачи сифатида коррупцион ҳолатларга аралашиб қолаётганлар сони кўпайиб боряпти.
Бундан ташқари, ҳоким ўринбосари ва ҳоким ёрдамчисининг фарқи деярли йўқ. Битта вазифани бир қанча одамга юклатилиши жавобгарлик нуқталарини парчаланишига сабаб бўлади. Натижада бир масаланинг ижросини қатор амалдордан сўраб чиқасиз, самарадорлик ҳам қониқарли даражада бўлмайди.
Бугунги кунда ҳоким ёрдамчиси лавозимида ишлаётган кадрлар қандай тартибда ишга олингани савол остида турибди. Пора билан қўлга тушаётган кадрлар кимларнингдир тавсияси асосида ишга олинган бўлса, уларга тавсия бериб, тизимга олиб кирган шахслар ҳам жазоланиши керак. Агар кадрларни танлаш танлов бўйича амалга оширилган бўлса, танлов натижалари қани? Улар қандай ва қайси шартлар билан сараланган? Бу жамоатчиликка очиқланиши керак», — дейди Барногул Саноқулова.
«Улар коррупцияга қарши эмланмаган»
Бухоро шаҳридаги «Баҳоуддин Нақшбанд» маҳалласи ҳоким ёрдамчиси Адҳам Ҳасановнинг фикрича, олдинги лавозимларида ҳам порага иш битиришга ўрганган мутахассислар янги тизимдаям шу иш билан шуғулланиб, қўлга тушмоқда.
«Бу лавозимга тайинланишимдан олдин бандликка кўмаклашиш маркази ва текстил соҳасида фаолият юритганман. Ҳудудимда 7 минг 80 нафар аҳоли бор. Фуқароларни хатловдан ўтказгач, уларни тўрт тоифага бўлдик ва шу асосда ишлашга киришдик. Ҳозирда асосан, даромади кам ва ишсиз фуқаролар билан жиддий шуғулланяпмиз. ‘Ҳар бир оила тадбиркор’ дастури бўйича кредитлар ажратиш ва субсидиялар олишда яқиндан кўмаклашяпмиз.
Энг қуйи тизимда президентнинг ишончли вакилининг бўлиши аҳоли учун ҳар тарафлама фойдали. Чунки тўрт мучаси соғ фуқаро ҳам, ногиронлиги бор шахслар ҳам муаммосини очиқ айтиб, ёрдам сўраяпти. Доим уларга яқинмиз, бир маҳалладамиз. Биргаликда масалаларни ҳал қиляпмиз.
Айрим ҳоким ёрдамчиларининг коррупцион ҳолатлар билан қўлга тушаётгани ҳақидаги хабарларни ижтимоий тармоқларда ўқиб, кузатяпман. Менинг шахсий фикрим шуки, аввалги лавозимларида ҳам шундай ишлар билан шуғулланган, қўлга тушган ёки коррупцияга мойиллиги бор ходимлар қинғир йўлни танламоқда. Улар коррупцияга қарши эмланмаган, назаримда. Бу каби ҳолатлар самарали ишлаётган бошқа ҳоким ёрдамчиларининг фаолиятига ҳам, номига ҳам доғ туширмоқда. Жамоатчилик назорати кучайтирилиб, аҳоли ўртасида ҳам тарғибот ишларини олиб бориш керак, тез-тез сўровномалар ўтказиш лозим. Бундай хунук вазиятларнинг олди олинмаса, уларнинг сафи кўпайиб бораверади», — дейди Адҳам Ҳасанов.
«Коррупцион ҳолатлардан у қадар ажабланганим йўқ»
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниевнинг фикрича, ҳоким ёрдамчилари тизими эксперимент сифатида кўрилиши керак.
«Бу лавозим қайсидир маънода Ўзбекистоннинг бугунги ривожланиш босқичида ўзининг самарасини беради, деб ўйлайман. Давлат бошқаруви тизими пастдан тепага, яъни инсон, жамият ва давлат принципи асосида йўлга қўйилаётгани боис маҳаллаларда тадбиркорликни ривожлантириш, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва уларнинг сиёсий онгини оширишда бундай ёрдамчилардан фойдаланиш ҳозирги пайтда мақсадга мувофиқ.
Лекин бу тизим эксперимент сифатида кўрилиши керак. Чунки бу янги бир институт ва у ташкил этилиши биланоқ, баҳо қўйиб бўлмайди. Бироз вақт ўтиб, институт фаолиятини, ҳоким ёрдамчиларининг эришган ютуқларини таҳлил қилиш ва фуқаролар, жамоатчиликнинг тизимга нисбатан фикрларини эшитиш керак. Шундан сўнг тизим ҳақида хулоса чиқариш имконияти пайдо бўлади.
Сўнгги пайтларда кредит, субсидия, ишга жойлаштириш масалаларида коррупцион ҳолатларга аралашаётган ҳоким ёрдамчилари кўпаймоқда. Лекин мен бундан у қадар ажабланганим йўқ. Сабаби тизимдаги салкам ўнг мингга яқин ходимларнинг 100 нафари пора олиш ёки беришга мойил бўлса, бу умумий ҳоким ёрдамчиларининг 1 фоизини ташкил қилади холос. Жамиятдаги бугунги коррупцион ҳолат ва кайфиятдан келиб чиқилса, бу статистика жуда паст ва оддий ҳол мен учун. Негаки жамиятнинг ҳар бир бўғинида коррупцияни кўряпмиз ва ҳоким ёрдамчилари ҳам бундан мустасно бўлмасди», — дейди у.
«Элитар коррупция кўринишидаги йирик жиноятлар билан курашилмаяпти»
Ғаниев ҳоким ёрдамчиларида ваколатни суиистеъмол қилиш, фирибгарликка йўл қўйиш эҳтимоли катта эканини, вақт ўтиб коррупцион ҳолатлар янада кўпайишини таъкидлади.
«Мазкур лавозимга ишга олинган кадрларнинг аввал ишлаган жойларини таҳлил қиладиган бўлсак, уларнинг аксарияти асосан, маҳаллий ҳокимият тизимида, банк, молия бўлимларида турли лавозимларда фаолият юритган. Кадрлар танлашда асосий урғу иқтисодий билимга эга номзодларга қаратилган.
Биламизки, йиллар давомида давлат бошқарувининг пастки қатламида маошларнинг камлиги, ишга қабул қилишдаги нохолисликлар сабаб яхши кадрлар базаси шаклланмаган, улар орасида коррупция урчиган. Табиийки, бу кадрларни бошқа тизим ва лавозимга ўтказиш билан улардаги коррупцияга мойилликни йўқотиб бўлмайди. Аксинча, мойиллик янада кучаяди. Чунки улар янги лавозимни эгаллади ва ваколатлари кўп. Ҳоким ёрдамчилари орасида коррупцион ҳолатларнинг камлигидан ажабланяпман. Назаримда, вақт ўтиб бу каби ҳолатлар янада кўпаяди. Негаки, ҳоким ёрдамчиларида ваколатларни суиистеъмол қилиш, фирибгарликка йўл қўйиш эҳтимоли катта.
Коррупцияга қарши фақат ҳоким ёрдамчилари ёки бошқа бир тизимда кураш олиб бориш аҳмоқона ва самарасиз усул бўлади. Биз коррупцияга қарши умумий курашни олиб боришимиз зарур. Чунки жамиятдаги шахслар, лавозим эгалари бир-бирига боғланган.
Кузатяпмизки, охирги пайтларда коррупцияга қарши асосан, қуйи бўғинларда курашилиб, улар орасидан тутиляпти. Лекин элитар коррупция кўринишидаги йирик жиноятлар билан курашилаётганига гувоҳ бўлмаяпмиз. Бу афсуски, жамиятда яхши атмосфера яратмаяпти. Элитар коррупция деганда, фақат катта миқдордаги пора олди-бердисини тушунмаслик керак. Бу монополистик, манфаатлар тўқнашуви кўринишида ҳам бўлади ва шуларга ҳам қарши жиддий курашиш керак», — дейди парламент депутати.
Изоҳ (0)