Бухоро вилоятида имтиёзли кредит маблағларини ўзлаштиришда гумон қилинаётган масъул мансабдорга нисбатан жиноят иши очилди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Бухоро тумани “Янги Турмуш” маҳалласи ҳоким ёрдамчиси Р.А. ўз мансаб мавқейидан фойдаланиб, ўзи фаолият олиб бораётган маҳалла фуқаролари — Г.Ж., У.С., Б.С. ва Ш.Қ.ни хабардор қилмасдан, ҳар бирининг номига 33 миллион сўмдан, жами 165 миллион сўм 14 фоизли имтиёзли кредит маблағларини олган.
У сохта тавсияномалар ва далолатномалар расмийлаштириб, электрон базага киритган ҳамда “Агробанк” Бухоро туман филиалидан олган кредит маблағларини ўзининг шахсий эҳтиёжлари учун сарфлаб юборган.
Мазкур ҳолат юзасидан гумонланувчига нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб ҳозирги кунда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Пора билан қўлга тушган ҳоким ёрдамчилари
Май охирларида Навоий вилоятининг Хатирчи туманида ҳоким ёрдамчиси пора олаётганида ушланганди. Фуқаро 25 миллион сўм кредит олиш ва тадбиркорликни бошлаш мақсадида маҳалланинг ҳоким ёрдамчисига учрашган. Аммо ҳоким ёрдамчиси унга тавсиянома текинга берилмаслигини айтган. Бироқ у фуқарога “ёрдам бериш” учун 100 доллар ва 900 минг сўм олаётганида қўлга тушган.
Апрель ойида эса Қашқадарёнинг Яккабоғ ва Шаҳрисабз туманларида икки нафар ҳоким ёрдамчисига жиноят иши қўзғатилганди. Улардан бири 1,7 миллиард сўмлик имтиёзли кредит маблағларини талон-торож қилган бўлса, бошқаси ер билан боғлиқ ноқонуний ишга аралашган.
Изоҳ (0)